Ўзбекистон | 16:00 / 28.08.2024
10219
2 дақиқада ўқилади

Ерда 6 балли магнит бўрони кузатиляпти

Иқлимшунослар 28 август куни кузатилаётган магнит бўрони прогноз қилинмаганини айтяпти. Магнит бўрони вақтида жисмоний зўриқишдан қочиш, дам олиш ва тўғри овқатланишга амал қилиш тавсия этилади.

Бугун, 28 август куни ерда 6 балли магнит бўрони кузатиляпти. Бу ҳақда иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов маълум қилди. Унга кўра, бу каби кутилма прогноз қилинмаган.

Магнит бўрони ва унинг салбий таъсиридан қандай ҳимояланиш лозимлиги ҳақида Олий тоифали шифокор Раъно Носирова маълумот берди. Унга кўра, магнит бўрони сурункали хасталикларга чалинган инсонлар саломатлигига салбий таъсир этиши мумкин. Айниқса, юрак-қон томир, асаб тизими касалликлари, қандли диабет ва бронхиал астма билан оғриётган беморлар бу ўзгаришларни кўпроқ ҳис этади.

Шунингдек, одамларда ёруғлик ва баланд товушларга оғриқли реакция, уйқусизлик ёки аксинча, уйқучанлик пайдо бўлади. Шу сабабли магнит бўронининг салбий таъсирларидан инсонлар ҳимояланиши лозим.

“Бунинг учун, аввало, тўғри овқатланиш қоидаларига риоя қилиш зарур. Яъни ҳазми оғир таомлардан тийилиш, енгил егуликлар, хусусан, қайнатилган овқатлар, хўл мева ва сабзавотлар истеъмол қилиш тавсия этилади”, деб тавсия қилди шифокор.

Қуёш чақнаши, қуёш шамоли магнит бўронларини қандай юзага келтиради ва бу Ер, ундаги одамлар учун хавфлими деган саволларга бу ердан батафсил маълумот олиш мумкин.

Мавзуга оид