Жаҳон | 09:02 / 05.09.2024
2812
2 дақиқада ўқилади

Жоржия штатидаги мактабда отишма: тўрт киши ҳалок бўлди

14 ёшли ўқувчи Америка мактабида ўт очди, ҳалок бўлганлар ва яраланган бор. Ҳужум қилган шахс қўлга олинган.

Фото: Christian Monterrosa/AFP/Getty Images

4 сентябр, чоршанба куни АҚШнинг Жоржия штатидаги «Апалачи» ўрта мактабида 14 ёшли ўқувчи ўт очди. Камида тўрт киши ҳалок бўлди, яна тўққиз киши жароҳат олиб касалхонага ётқизилди, дея хабар беради Жоржия штати тергов бюроси (GBI). Ҳужум қурбонлари икки ўқувчи ва икки ўқитувчи бўлган.

CNN манбаларининг айтишича, жабрланганлар сони 30 нафарга етиши мумкин, аммо уларнинг қанчаси ўқдан жароҳат олгани номаълум. Касалхонага ётқизилган ўқувчилар ва бир ўқитувчи омон қолиши кутилмоқда, дея хабар бермоқда телеканал Барроу округи шерифига таяниб. 

Отишма содир этган шахс аввалроқ полиция томонидан сўроқ қилинган

Ҳужум қилган Колт Грей эканлиги аниқланиб, у қўлга олинди ва қотилликда айбланди. Расмийларга кўра, полиция Уиндер шаҳридаги мактабга отишма бошланганидан бир неча дақиқа ўтиб етиб келган, ўт очган ўқувчи дарҳол ҳуқуқ-тартибот ходимларига таслим бўлган. 

CNN таъкидлаганидек, ўтган йили мактаб ўқувчиси Грей интернетда мактабда отишма уюштириш билан таҳдид қилгани ҳақидаги аноним хабарлар юзасидан полиция томонидан сўроқ қилинган эди. Ўша сўроқ пайтида ўқувчи ўз айбини тан олмади.

Уиндерда хавфсизлик чоралари кучайтирилди. GBI раҳбари Крис Хоси Грейнинг шериги борлиги ҳақида ҳеч қандай далил йўқлигини айтди. Шу билан бирга, Хосининг айтишича, полиция яқин атрофдаги мактабларда бошқа таҳдидлар бор-йўқлигини текширмоқда. 

Мавзуга оид