Марказий банк асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди
Иқтисодиётдаги юқори талаб ҳамда айрим турдаги озиқ-овқат товарлари ва энергия ресурслари нархида кузатилган ўсиш суръатлари пул-кредит шароитлари қатъийлигини жорий даражада сақлаб қолишни тақозо этган.
Марказий банк бошқаруви 2024 йил 12 сентябрда асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Марказий банк расмий пресс релизига кўра, умумий инфляция сўнгги 3 ойда сезиларли ўзгаришсиз сақланиб, августда йиллик 10,5 фоизга тенг бўлди. Жорий йилда мева-сабзавотлар нархи пасайиши инфляцияга қарийб 1 фоиз бандлик пасайтирувчи таъсир кўрсатди. Ўз ўрнида, йил бошидан пасаювчи тенденцияга эга бўлган базавий инфляция июн ойидан сўнг йиллик ҳисобда пасайишдан тўхтади.
“Январ-июл ойларида иқтисодиётда юқори ишлаб чиқариш фаоллиги кузатилиб, ялпи талаб ва таклиф ўртасидаги тафовут қисқариб бормоқда. Хусусан, саноат ишлаб чиқариш, қурилиш ишлари ва хизматлар соҳасида реал ўсиш суръатлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан юқори шаклланди.
Иқтисодий фаолликдаги ижобий тенденциялар савдо ва пуллик хизматлар, экспорт тушумлари ва пул ўтказмалари ҳажмининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ошишида ҳам кузатилди”, - дейилади расмий хабарда.
Регулятор таҳлилларига кўра, банк тизими умумий ликвидлигининг ошиши ҳамда асосий ставканинг июл ойидаги пасайтирилиши таъсирида пул бозорида фоиз ставкаларининг маълум даражада пасайиши кузатилди. Бу, ўз навбатида, давлат қимматли қоғозлари бозорига ҳам таъсир кўрсатиб, улар бўйича даромадлилик даражасини пасайишида акс этди.
Марказий банк келгусида ҳам иқтисодиётдаги юқори инвестицион ва истеъмол фаоллиги ялпи талабни қўллаб-қувватлашда давом этади, деб ҳисобламоқда.
“Давлат бюджети харажатлари ва тўғридан-тўғри инвестицияларнинг фаоллашуви инвестицион талабни таъминласа, хориждан пул ўтказмалари ҳажмининг юқорилиги аҳолининг реал даромадларига ижобий таъсир кўрсатиб, истеъмол талаби динамикасида намоён бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, сентябр-октябр ойларида пенсиялар ва буджет ташкилотларида иш ҳақилари оширилиши ҳам келгуси чоракларда истеъмол талабини рағбатлантиришга хизмат қилади”, - дейилади регулятор пресс релизида.
Алмашув курси динамикаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг барқарор шаклланаётгани аҳоли ва тадбиркорлар инфляцион кутилмаларига ижобий таъсир кўрсатиб, июл ойида кутилмалар 11-12 фоизгача пасайган бўлса, август ойида пенсия ва давлат секторида иш ҳақиларининг кутилаётган ошиши ва ёқилғи ресурсларининг қимматлашиши таъсирида 12-13 фоизни ташкил қилди.
Ташқи савдо балансининг яхшиланиши ва пул ўтказмалари ҳажмининг сезиларли ошиши таъсирида жорий операциялар ҳисобварағи тақчиллигининг ҳам қисқариб бориши кутилмоқда. Бу эса, алмашув курсига эҳтимолий фундаментал босимларнинг камайишига ва жорий барқарор динамиканинг давом этишига хизмат қилади.
“Инфляцияни йил якунига қадар белгиланган прогноз даражасигача пасайтириш асосий ставкани ўзгаришсиз сақлаб қолишни тақозо этмоқда.
Пул-кредит шароитларининг жорий нисбатан қатъий даражасининг сақлаб қолиниши таъсирида иқтисодиётда шаклланадиган юқори жамғариш фаоллиги ва миллий валютадаги депозитлар жозибадорлиги ялпи талабнинг мувозанатлашувига ва инфляциянинг пасаювчи динамикасини таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда”, - дейилади хабарда.
Ўрта муддатли истиқболда Марказий банк инфляциянинг 5 фоизлик таргетига эришишга қаратилган нисбатан қатъий пул-кредит шароитларини таъминлашда давом этишини билдирган. Бунда, иқтисодиётдаги талаб ва таклиф мутаносиблиги ҳамда инфляцион омилларнинг шаклланишидан келиб чиқиб қарорлар қабул қилинади.
Регулаятор Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2024 йил 24 октябрга белгиланганини эслатиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, июл ойида Марказий банк асосий ставкани йиллик 0,5 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 13,5 фоиз даражасида белгилаганди. Асосий ставка етти йил ичида биринчи марта 14 фоиздан пастга тушди. Регулятор инфлациянинг кутилаётган динамикаси ва инфлацияни оширувчи хатарларнинг камайганлигини инобатга олиб шу қарорга келгани маълум қилганди.
Мавзуга оид
19:16 / 12.12.2024
“Эски намунадаги 100 долларлик купюраларни айирбошлашда чекловлар йўқ” – Марказий банк
13:16 / 12.12.2024
Марказий банк асосий ставкани 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди
17:52 / 11.12.2024
Тимур Ишметов Марказий Банк раиси этиб тайинланди
14:41 / 11.12.2024