Жаҳон | 09:48 / 12.09.2024
3590
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея яна баллистик ракеталар учирди

Шимолий Кореянинг Пхенян ҳудудидан учирилган ракеталари 360 километрга яқин учиб, Япон денгизига қулаган. Сеул учиришни кескин қоралади.

Фото: Ahn Young-joon/AP/picture alliance

Шимолий Корея 12 сентябр, пайшанбага ўтар кечаси Япон денгизи томон бир нечта қисқа масофали баллистик ракеталарни учирди. Бу ҳақда Жанубий Корея қуролли кучлари штаб бошлиқлари қўмитасига таяниб, «Ёнҳап» агентлиги хабар берди.

«Шимолий Корея ракеталари 360 километрга яқин учиб ўтиб, Шарқий денгизга қулаган», — дея журналистлар Жанубий Корея ҳарбийлари баёнотидан иқтибос келтиради. Қайд этилишича, аниқланган ракеталар Пхенян ҳудудидан 12 сентябр куни маҳаллий вақт билан соат 7.10 да учирилган. Бошқа тафсилотлар келтирилмаган. Хусусан, учирилган ракеталар сонига аниқлик киритилмаган.

Агар бу ракеталар Жанубий Корея томон учирилган бўлса, улар мамлакатнинг йирик шаҳарларига, жумладан Сеулга, шунингдек, Герёнг ва Гунсан шаҳарларидаги ҳарбий объектларга зарба бериши мумкин, деб ҳисоблайди муаллифлар.

Жанубий Кореянинг муносабати

Жанубий Корея КХДРнинг баллистик ракеталар учирганини Корея яриморолида тинчлик ва барқарорликка жиддий таҳдид солувчи «провокацион ҳаракат» сифатида қоралади ва «қаттиқ жавоб» ҳақида ваъда берди.

«Биз Шимолий Кореянинг Жанубий Корея ва АҚШнинг мустаҳкам қўшма мудофааси доирасидаги турли ҳаракатларини диққат билан кузатиб борамиз, юқори имкониятларни сақлаб қоламиз ва ҳар қандай провокацияга жавоб беришга тайёрмиз», — дейилади хабарида.

Бир ҳафта олдин Пхенян Жанубий Корея ва Қўшма Штатлар қўшма машқлари учун «юқори нарх» тўлаши кераклиги ҳақида огоҳлантирган эди, деб эслайди «Ёнҳап» муаллифлари.

9 сентябр куни Шимолий Корея давлати раҳбари Ким Чен Ин ўз мамлакати ядровий қуроллар сонининг экспоненциал кўпайишига эришиш учун ядровий кучларини мустаҳкамлаш сиёсатини олиб боришини айтди.

Мавзуга оид