Жамият | 12:08 / 12.09.2024
17147
4 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда инспекторни ҳақоратлаб, погонини юлган майорга танбеҳ берилди

Сурхондарё вилояти ЙПХБ командирининг ўринбосари Бахтиёр Избосаров хизмат олди йўриқномаси вақтида инспекторни ҳақоратлади. Тарқалган видеода у инспекторларга “кунлик план”ни бажариш бўйича қатъий топшириқ бераётганини ҳам эшитиш мумкин. Сурхондарё вилояти ЙҲХБ ҳолат 2023 йилда бўлганини билдирди. 

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти ЙПХБ командирининг ўринбосари, майор Бахтиёр Избосаров инспектор билан жанжаллашгани акс этган видеолавҳа тарқалди.

Видеолавҳада кўринишича, Избосаров инспекторни куракда турмайдиган уятсиз сўзлар билан ҳақорат қилган. 

Гапиряпман-қўйяпман, индамай эшитиб, кўриб юрибман. Кеча Абдураҳмонов Жалол деган бола, тўғрисида 6 та Damas, онасини эмсин, кўриб ўтирибди, иши йўқ. Н...й керак? Илтимос сизлардан, асабимга ўйнаманглар-е”, деган ўринбосар хизмат олди йўриқномаси вақтида.

Бунга жавобан инспектор Ж.Абдураҳмонов битта “ГАИ” ҳеч нарса қилолмаслигини айтиб, нима қилишни сўраган. Шу пайтда Избосаров бирданига “нега бидиллайсан?” дея уни ҳақоратлашга тушган.

Бахтиёр Избосаровнинг оғзидан шундай сўзлар чиққанки, чидаб туролмаган инспектор унга ҳақоратламай гапиришни айтиб, тортишган. Уларнинг жанжали ёқалашишгача етган. Жараёнда командир ўринбосари инспекторнинг бодикамерасини тортиб олиб, погонини юлган. Шунингдек, у инспектордан хизмат нишони ва гувоҳномасини топширишни ҳам талаб қилган.

Видеолавҳанинг иккинчи қисмида Бахтиёр Избосаров инспекторларга “кунлик план”ни бажариш бўйича қатъий топшириқ берганини ҳам эшитиш мумкин.

Бир инспектор 135 (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли ҳужжатларсиз транспорт воситаларини бошқариши ҳуқуқбузарлиги акс этган 135-моддасини назарда тутган - таҳририят) ва бошқа қоидабузарлик бўйича учтадан зиёд қилиши керак. Қарздорлик бўйича ҳам худди шундай: энг камида учта бўлиши керак. Ундан зиёдини қилсанглар ўзларинг учун, қилаверинглар. Шунинг ҳисобига бир инспектор кунига 6 та транспорт воситасини жарима майдончасига киритиши керак. Энг камида”, дея таъкидлаган у ўз топшириғида.

Сурхондарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ахборот хизмати ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди. Унга кўра, майор ва инспектор жанжали 1 йил олдин содир бўлган.

“Ижтимоий тармоқларда тарқалган мазкур ҳолат бир йил аввал, яъни 2023 йилнинг 29 август куни содир бўлган. Сурхондарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ саф майдонида ЙПХ ходимлари билан ўтказилган хизмат олди йўриқномаси вақтида ЙПХБ командирининг хизмат бўйича ўринбосари, майор Б.Избосаровнинг 1-сафарбарлик гуруҳи инспектори, сафдор Ж.Абдураҳмонов билан ўзаро тортишувли ҳолати юзасидан вилоят ИИБ масъуллари томонидан ўрнатилган тартибда хизмат текшируви ўтказилганлигини маълум қиламиз”, дейилади бошқарма расмий муносабатида.

Лекин бошқарма хизмат текшируви натижасини ҳамда Бахтиёр Избосаровга қандай чора кўрилганини расмий муносабатда очиқламаган.

Сурхондарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ахборот хизматининг “Дарё” нашрига билдиришича, майор Бахтиёр Избосаровга танбеҳ интизомий чораси қўлланилган.

Бахтиёр Избосаров бундан 4 йил олдин – карантин вақтида ҳам нотўғри ҳаракати билан “тилга тушганди”. Ўшанда у карантин постида ҳайдовчи билан тортишиб, мажбурий суғурта полиси муддати ўтганлиги бўйича эътироз билдирган. Ҳайдовчи эса карантин вақтида муддати тугаган рухсат берувчи барча ҳужжатларнинг амалиш қилиш муддати 2020 йил 1 июлга қадар узайтирилганини айтган. Ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, Избосаровга “танбеҳ” интизомий жазоси қўлланган.

Олдинроқ Тошкент вилоятида ЙҲХХ ходимларига мажбурий «план» қўйилаётгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид