Жамият | 13:25 / 14.09.2024
5429
3 дақиқада ўқилади

Наманганда меҳмонга борган аёлни терак босиб қолиб вафот этди

Теракни кесган 35 ёшли қўшни эркакка иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. У эҳтиётсизлик ортидан одам ўлдириш жиноятини содир этишда айбли деб топилган.

Иллюстратив фото

Мингбулоқ туманида танишининг уйига меҳмонга борган аёл терак босиб қолиши оқибатида вафот этди. Теракни кесган қўшни эркак жиноий жазога тортилди.

Kun.uz ўрганган суд ҳужжатида келтирилишича, ҳолат 2024 йилнинг 10 апрел куни содир бўлган. Мингбулоқ тумани Қирқчек маҳалласида яшовчи, 1989 йилда туғилган Ё.О. ҳовлисидаги 5-6 йиллик “Калифорния” навли теракни кесмоқчи бўлган. Қўшниси Г.У. кесилаётган терак уйига туташ ҳудудда бўлгани сабабли Ё.О.ни хонадонида меҳмонлари борлигини айтиб, бир неча бор огоҳлантирган.

Бироқ эркак қўшнисининг огоҳлантиришига қарамасдан теракни электр арра билан таг қисмидан кесишда давом этган. У теракнинг йиқилиш йўналиши ҳисобга олмаган ҳамда хавфсизликни таъминламаган.

Бунинг оқибатида терак қўшнисининг уйига қулаган ва меҳмонга келган Ю.У.ни босиб қолган. Оғир тан жароҳати олган аёл зудлик билан шифохонага олиб борилган. Бироқ кўрсатилган тиббиё ёрдамларга қарамай, у орадан 15 кун ўтиб вафот этган.

Ё.О. судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган.

Теракни кесиш учун синфдошим ва қариндошимни ёрдамга чақирдим. Ўша куни қўшнимнинг уйиа ҳайитлик маросими бўлаётганди. Меҳмонлар кетиб бўлишганидан кейин теракни кесишни бошладик. Хавфсиз бўлиши учун аввалига теракнинг учини ва ён шохларини кесдик. Кейин таг қисмидан кесишни бошладим. Шерикларим теракка арқон боғлаб, уни ушлаб туришди. Бироқ теракнинг бир қисмига арра етмай, кесилмасдан қолди. Шу пайтда у қўшнимнинг ҳовлисига қараб йиқилди. Арқонни тортиб турган қариндошим ва синфдошимнинг кучи етмади. Қўшнимнинг уйига югуриб чиқсак, терак меҳмонга келган аёлнинг бош қисмига теккан экан”, деган эркак ўз кўрсатмасида.

Шунингдек, у марҳуманинг яқинларидан кечирим сўрашини айтиб, суддан ўзига енгиллик беришни сўраган.

Судда Ю.У.нинг қонуний вакили судланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини маълум қилган.

Суд ҳукми билан Ё.О. Жиноят кодексининг 102-моддаси 1-қисмида (эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Мавзуга оид