Профессор-ўқитувчилар ўзини бировга тобе инсондек тутса, кимни тарбиялайди?
Физика-математика фанлари доктори Эркинжон Каримов олийгоҳлардаги янги ўқув йилининг илк кунларида Kun.uz'га тақдим этган мақоласида олий таълимдаги профессор-ўқитувчилар жамоасига мурожаат қилади.
Ҳаммага маълумки, олий таълим мажбурий эмас, унга эришаман деганлар – вояга етган ёшлар. Улар онгли равишда ўқув даргоҳини танлайди. Яъни улар учун танлов имкониятини яратиш муҳим. Мамлакатимизда охирги йилларда бу йўналишда ёшлар учун танлов анча ортди, имкониятлар кенгайди.
Очиқ маълумотларга кўра, мамлакатимизда ҳозир 210 та ОТМ фаолият кўрсатмоқда. Шундан 115 таси давлат, 66 таси нодавлат ва 29 та хорижий ОТМ экан. Давлат ОТМлари учун қабул квоталари оширилгани, ҳатто нодавлат, хорижий ОТМларга ҳам давлат гранти ажратилаётгани жуда яхши бўлди. Ёшларимизнинг чет эл мамлакатларидаги университетларга ўқиш учун бориши ҳам кўпайди, бу ҳам яхши тенденция, албатта.
Нодавлат ОТМларимизнинг давлат ОТМларига босими (рақобат маъносида) сезилиш арафасида. Лекин бу жараёнга яна давлатнинг ўринсиз аралашуви халақит қилиши мумкин. Лицензиялаш тартибининг ўзгариши, ҳаммага тенг шароитлар эмас, яна қандайдир тушунарсиз тўсиқлар пайдо қилиниши, “маънавий ишларни” ташкиллаш каби ўринсиз аралашувларнинг пайдо бўлиши тизимга фақат негатив таъсир кўрсатади. Давлат университетлари ичидаги вазирлик тизими орқали марказлашган аралашув ҳақида алоҳида тўхталиш керак, лекин бунга бир мақола доирасида эришиб бўлмайди.
Ҳозир эса давлат ОТМларининг ўз ташаббуси билан юзага келаётган муаммолар ҳақида гаплашамиз. Аниқроғи, бу муаммоларнинг илдизи бўлган академик эркинлик (ОТМ профессор-ўқитувчиларнинг эркинлиги)ни чеклашнинг оқибатлари ҳақида фикрлашамиз.
Хабарингиз бор, кўплаб давлат ОТМларига академик ва молиявий эркинлик берилди. Бу ҳам ҳукумат томонидан қўйилган оқилона қадамдир. Бу имкониятдан айрим давлат ОТМлари самарали фойдаланяпти. Масалан, Урганч давлат университетида амалга оширилаётган ишлар мақтовга лойиқ (ҳар ҳолда мендаги маълумотларга кўра). Ўзим таниган, билган мутахассислар ўз билим, тажрибасини тўғри татбиқ этишга эришмоқда.
Бироқ кузатишларим бўйича бир қанча ОТМлар бу имкониятни кўкка совуряпти. Қандай қилиб? Ўз соҳасининг мутахассиси бўлган кадрлардан унумли фойдаланмаслик, ОТМ раҳбариятининг янги таклиф, ғояларга нисбатан очиқ бўлмаслик, жамоавий қарор қабул қилиш механизмининг йўқлиги билан. Бошқа субъектив жиҳатлар ҳам бор.
ОТМларга академик эркинлик берилиши бу – академик дастурлар борасидаги эркинлик.
Профессор-ўқитувчиларнинг эркинлиги деганда уларнинг аввало эркин фикрлаши чекланмаслиги, икки томонлама шартномада кўрсатилмаган вазифаларга мажбуран жалб этиб, уларнинг қимматбаҳо вақтини олмаслик, асосий вазифаси талабага мутахассислиги бўйича чуқур билим бериш ва илмий соҳаси бўйича илмий тадқиқотларнинг эркин тарзда амалга оширилиши назарда тутилган.
ОТМ раҳбариятининг асосий вазифаси – керакли мутахассислик йўналишида махсус билимга эга бўлмоқчи бўлган талабаларга муносиб стандартда билим олишга шароит яратиб бериш. Бу учун жамоани муносиб мутахассислардан иборат этиб шакллантириш, уларнинг ўз соҳалари бўйича малакаларини халқаро стандартлар даражасида ошириб бориш, илмий тадқиқотлар олиб боришга шароит яратиш керак.
Барчага маълумки, ОТМ профессор-ўқитувчилари жамиятнинг зиё улашадиган қатламидир. Улар мамлакат учун нафақат кучли мутахассис, балки кенг фикрли, умуминсоний қадриятларни ўзига сингдирган фуқарони етиштириб берувчи ойдинларимиздир. Демак, ОТМлар раҳбарияти ҳам айнан мана шу қадриятларни ўз онги ва қалбида сақлаган одамлардан иборат бўлиши керак. Кўп ҳолатларда бу кузатилмаяпти.
Молиявий эркинликдан юқорида айтилган мақсадларни амалга ошириш учун унумли фойдаланиш, академик эркинликдан ОТМнинг замонавий йўналишларини очиш, мавжуд йўналишларда замонавий стандартлардаги ўқув дастурларни ишлаб чиқиш каби ишларни амалга ошириш учун фойдаланиш керак. Лекин берилган имкониятдан тўғри фойдалана олмаётган ОТМлар оз эмас.
Жамоани сўзсиз ўзига бўйсундириш, ўз лавозимларини сақлаб қолиш йўлида турли мантиқсиз ишларга қўл уриш кузатиляпти.
Келинг, айрим салбий ҳаракатларни қисқача санаб ўтсам. Ишончим комилки, кўплаб жамоалар бу жиҳатларни ўзларининг ОТМларида топа олади. Санаб ўтиладиган салбий ишларнинг барчаси ОТМ жамоасининг эркинлигини чеклаш, ўзлигини йўқотиш, сўзсиз итоаткор қилиш учун қилинаётган ҳаракатлардир.
Дастлаб, ОТМ раҳбарияти томонидан профессор-ўқитувчиларга ижтимоий тармоқларда ОТМ ҳақида, таълим тизими, ҳукумат сиёсати ҳақида “негатив ёзмаслик” йўналишида босимлар бошланди. Жамоадан ОТМ ҳақидаги танқидий чиқишларга “ўз муносабати”ни билдириш сўралади. Кейин, ҳукуматнинг спортни тарғиб қилиш борасидаги қарори ижроси юзасидан барча профессор-ўқитувчилар ҳафтада маълум кунлар тонгда ОТМ стадионига келиб тонгги гимнастика билан шуғулланишга мажбурланади.
Тасаввур қиляпсизми, тонг саҳар 6 да университет ўқитувчиси спорт кийимида стадионга келиб машқни бевосита ректор, проректорлар назорати остида бажариб, яна уйига қайтиб, дарсига расмий кийимда келиши керак. Уларни бу аҳволда кўрган талабалари нима деб ўйлайди? Масъул проректорлар эса жадвал ташкил қилиб, рўйхатга олиб, бу жараённи назорат қилишдан чарчамайди. Одатдагидек, расм, видео исботлар Telegram-каналларга жойланади. Бутун жамоа буни сукунат билан қабул қилади. Норозиликни билдирувчи гаплар эса ҳисобмас. Аммо ҳеч ким очиқ-ойдин “бу нима қилиқ, йиғиштир карамшўрвангни!” дея олмайди.
“Маҳаллалар билан ишлаш” ҳам бор. Аслида, ҳукумат маҳалла институтини ривожлантириш бўйича алоҳида қарорлар ва қўшимча штатлар жорий этган, маҳалла билан шуғулланадиганлар етарлича. Лекин ОТМ раҳбарияти ўзининг ташабусси биланми ёки маҳаллий ҳокимиятнинг сўрови сабабми, “ёрдам”га ошиқишади. Бундай ташаббусларни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. Таълим муассасаси фақатгина таълим билан шуғулланиши керак. Бундан ҳамма манфаатдор.
Афсуски, қуйи тизимдаги ташаббускорлар туфайли мана шундай кераксиз юкламалар ОТМ жамоаларига тушяпти. “ОТМ давлатникими, унда ишлаганлар ҳам ҳукумат аскарлари” деган тушунча натижаси бу. Жамоа индамай ҳамма нарсага кўнавергач, иштаҳа яна очилганидан очилиб боради, албатта.
Янги ўқув йилидан университет профессор-ўқитувчилари униформага ўтказилади. Албатта, норозиликлар пайдо бўлади. Бу ҳолатда ОТМ раҳбарияти томонидан кутилган қадам отилади – профессор-ўқитувчилар ОАВларда фаол бўлишга мажбурланади, бундай ташаббусларни маъқуллаш юклатилади. Факултет, кафедра тизимида кунда ким нечта чиқиш қилгани ҳақида маълумот олиш бошланади.
Ҳали кўрасизлар, бундай ОТМларнинг ўқитувчилари ижтимоий тармоқни ўз чиқишлари билан “ёрворади” ҳам... Жамоа “кўпга келган тўй” қабилида бундай топшириқларни сукут ва итоаткорлик билан қабул қилади.
Умуман олганда, мана шундай лоқайдлик бизни ботқоқ сари етаклаяпти. ОТМ жамоасининг дарди ичида, биров эътироз билдирмайди. Наҳотки, ҳаммани шу вазият қаноатлантирса?
Бу чиқишимдан кейин муносабатлар билдирилар ҳам, “қадрдон даргоҳ ҳимоясига отланишар” ҳам (топшириққа асосан). Аммо инсон ўлароқ ғурурли бўлиш ҳам керак-да озроқ, қачонгача раҳбар экан деб мантиқсиз топшириқларни-да индамай бажараверамиз? “Ризқ пешонага ёзилган” деган ҳикматни эслашимиз ҳам керак.
Таъкидламоқчи бўлганим шуки, ҳатто ОТМ профессор-ўқитувчиларини биргина ректор (ёки раҳбарият жамоаси) керак бўлса “ётқизиб-тургазиш” қувватидаги тизимга эга эканмиз, келажагимиз порлоқ бўлмайди.
Ҳамма ОТМ раҳбарияти ҳам бундай хурмача қилиқлари билан танилгани йўқ. Демак, мантиқан ўйласак, топшириқ тепадан эмас, шахсий “ижод” намунаси, ҳукумат бундай “айиқча хизмат”дан манфаатдор эмас.
Умумий хулосага ўтсак. Бир ўйлаб кўринг, бундай кўринишдаги жамоада қандай (академик) эркинлик бўлиши мумкин? Ҳатто мантиқсиз топшириқларни раҳбарият топшириғи дея сўзсиз ижро этаётган профессор-ўқитувчилар талабаларга қандай билим беради? Уларнинг эркин фикрлашини қандай ўстиради?
Бундай ҳолат юзага келиш сабабини юқорида айтдим. Энди унинг ечими қандай деб ҳақли савол қўясиз. Ечими оддий – ОТМлар раҳбариятига замонавий таълимни яхши тушунадиган, жаҳон тажрибасидан хабари бор, фикрга нисбатан толерант, тизимли ислоҳотларни жамоа билан биргаликда амалга ошира оладиган, ўз соҳасининг мутахассисларини сайлаш керак.
“Сайлаш” деганда ОТМ жамоасининг ўзи раҳбариятини сайлашини назарда тутяпман. ОТМ раҳбарияти юқори ташкилотлардан тайинланиб тушмаслиги керак.
Бу борада президент қарори ҳам бор, уни ижро этиш керак холос.
Тўғри тизимни дарров йўлга қўя олиш қийин демангизлар, бунга сиёсий ирода керак холос. Боз устига энг юқоридан бу ирода кўрсатилди ҳам. Хитобим таълимга масъул ўрта ва қуйи ўриндаги раҳбарларга.
Ўқув йили бошланяпти. Ҳар бир ОТМда талабалардан ҳам, жамоадан ҳам аноним сўров ўтказиб, ОТМнинг молиявий фаолиятини аудит қилиш, академик соҳадаги натижалар билан танишиш лозим. Қуруқ статистика ва ёлғон рейтинглар билан яшаш керакмас. Жамоанинг фикрини жиддий қабул қилиб, қарор қилиш лозим. Кузатув кенгашини расмиятчилик учун эмас, ҳақиқатда ОТМ ривожига ҳисса қўшадиган механизмга айлантириш лозим.
ОТМ жамоалари эса ҳаққимизни талаб қилишимиз, таълим тизимига бефарқ бўлмаслигимиз, юқоридан келувчи ҳар бир топшириқни кўр-кўрона эмас, мантиқ элагидан ўтказиб, кейин ижро қилишимиз керак. Бўйин эгиб, қулликка рози бўларканмиз, келажак авлодимиз қандай эркин фикрловчи, билимли бўлади?
Эркинжон Каримов,
физика-математика фанлари доктори
(Гент университети, Белгия)
Мавзуга оид
21:42 / 22.12.2024
Ўзбекистонда ўқишни кўчириш бўйича аризаларни қабул қилиш бошланди
16:27 / 11.12.2024
Қарши давлат техника университети ташкил этилади
16:06 / 11.12.2024
Форишда 64 ёшли эркак ўқитувчи вояга етмаган ўқувчи қизга шилқимлик қилди
16:40 / 25.11.2024