Жаҳон | 08:30 / 17.09.2024
4075
2 дақиқада ўқилади

Трампга суиқасдда гумонланаётган шахсга айблов қўйилди

Доналд Трампга суиқасд уюштиришда гумонланувчи Райан Р. ноқонуний қурол сақлаш билан боғлиқ қонунбузарликларда айбланмоқда. Унга бошқа айбловлар ҳам қўйилиши мумкин. Гумонланувчи янги судгача қамоқда қолади.

Фото: AP

АҚШ собиқ президенти Доналд Трампга суиқасд уюштиришда гумон қилинган Райан Р.га илк бор айблов эълон қилинди. Бу ҳақда 16 сентябр, душанба куни Американинг CNN телеканали ҳуқуқ-тартибот идораларига таяниб хабар берди.

Айтилишича, эркак судланган бўлишига қарамай, ўқотар қуролни ноқонуний сақлаш, шунингдек, рақами ўчирилган ўқотар қуролга эгалик қилишда айбланмоқда. Тергов давом этар экан, Райан Р. қўшимча ва жиддийроқ айбловларга дуч келиши мумкин, дейилади нашрда.

CNNтелеканалига кўра, биринчи суд мажлиси Флорида штатидаги Палм-Бич округида бўлиб ўтди. Кейинги суд мажлиси 23 сентябр, душанба кунига белгиланган. Унгача гумонланувчи қамоқда қолади.

Доналд Трампга ҳужумда гумонланаётган шахс ҳақида нималар маълум

Доналд Трампга суиқасд уюштиришда гумон қилинаётган шахс -  Ҳавайида уй қурувчи якка тартибдаги тадбиркор Райан Р. Хабар қилинишича, у ижтимоий тармоқларда АҚШ собиқ президентини танқид қилган ва Украинада Россия бошлаган урушнинг фаол тарафдори бўлган. Гумонланувчи аввалроқ ҳибсга олинган эди.

АҚШ собиқ президенти Доналд Трампга суиқасд

Республикачилар партиясидан президентликка номзод Доналд Трампга «яқин масофада» отишма юз берди. Бу ҳақда сайловолди штаби 15 сентябр куни ижтимоий тармоқдаги аккаунтида ёзган. Америка Қўшма Штатларининг собиқ президенти хавфсиз жойда экани хабар қилинди.

Шу билан бирга, Трампнинг ўғли, кичик Доналд Трамп ўзининг Х аккаунтида воқеа содир бўлган жой яқинидаги буталар орасидан АК-47 автомати топилганини даъво қилди. «Гумонланувчи қўлга олинган», деб қўшимча қилди кичик Трамп.

New York Post газетасининг хавфсизлик манбаларига таяниб ёзишича, ўқ фақат АҚШ махфий хизмати агенти томонидан отилган. Гумонланувчи қўлга олинган, бироқ унинг бундай қилишига нима сабаб экани ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. 

Мавзуга оид