Жаҳон | 11:00 / 18.09.2024
14560
3 дақиқада ўқилади

Politico: Залужний Курск областига ҳужум қилинишига қарши чиққан

Генерал Валерий Залужний Украина қуролли кучларининг Курск областига бостириб киришига қарши чиққан, деб ёзади Politico. Володимир Зеленский, ўз навбатида, Россия ҳудудида операция ўтказилишини талаб қилган.

Фото: Valentyn Ogirenko / Reuters

Украина қуролли кучлари собиқ бош қўмондони, генерал Валерий Залужний Украина армиясининг Курск областидаги операциясига қарши чиқди. Бу ҳақда Politico 16 сентябр, душанба куни ёзди.

Нашрнинг ёзишича, Залужний Россия ҳудудига бостириб киришга қарши чиққан, чунки Украина раҳбарияти чегарани бузиб ўтганидан кейин «аниқ кейинги қадам»га эга бўлмаган. Нашр манбанинг сўзларидан иқтибос келтирган: «У Зеленскийдан аниқ жавоб олмади, буни хавфли ўйин деб ҳисоблаган». Валерий Залужнийнинг ўзи Украина қуролли кучларининг Курск яқинидаги операцияси ҳақида изоҳ тақдим этиш сўровига жавоб бермади, деб ёзади Politico.

Журналистларнинг таъкидлашича, Курск областидаги операцияга рози бўлмаган иккинчи шахс Украина қуролли кучлари 80-ҳужумкор-десант бригадаси қўмондони Эмил Ишқулов бўлган. Нашрнинг Украинанинг юқори мартабали ҳарбийлари орасидаги манбаларига кўра, Ишқулов ўз бригадаси Россия ҳудудида ҳимоясиз қолиши ва катта йўқотишларга дучор бўлишидан қўрққан.

Украина ОАВ Эмил Ишқуловнинг бригада командири лавозимидан озод этилгани, унинг бўлинмалари командирлари эса Ишқуловни лавозимини сақлаб қолмаслик ҳақидаги мурожаати билан мамлакат ҳарбий раҳбариятига видеомурожаат ёзишган. Бунга жавобан уларга ҳарбий хизматчи юқори лавозимга тайинлангани айтилган, аммо унинг ўзи лавозими пасайтирилганини эълон қилган.

Зеленскийнинг айтишича, Курск операцияси Донбассда Украинага ёрдам берган. Politico манбалари буни рад этяпти

Politico мақоласида Украина президенти Володимир Зеленскийнинг «Ялта Европа стратегияси» (YES) конференциясидаги нутқидан парчалар келтирилди. У Донбассдаги вазият оғир бўлса-да, нормаллашаётганини таъкидлайди. Бунга сабаб, деб ҳисоблайди Зеленский, Россия қўшинларининг Донецк яқинидан Курск областига ўтказилиши. Унинг нуқтайи назарини Украина қуролли кучларининг амалдаги бош қўмондони, генерал Александр Сирский қўллаб-қувватлади.

Бироқ нашр суҳбатлашган аскарлар Донецк вилоятида Украина қуролли кучларининг тез ўсиб бораётган йўқотишлари ҳақида гапирди. Бу мамлакат ҳарбий раҳбариятини мудофаа учун Курскдан минтақага бир нечта бўлинмаларни ўтказишга мажбур қилди.

Мавзуга оид