Жаҳон | 21:36 / 19.09.2024
23515
6 дақиқада ўқилади

The New York Times: Исроил «замонавий Троя оти»ни яратди

Ливанда пейжерлар портлашидан бир неча йил олдин Исроил разведкаси Венгрияда асосий «мижози» «Ҳизбуллоҳ» бўлган сохта компания очганди.

Ливанда дастлаб пейжерлар, кейинги куни — рациялар ёппасига портлаши оқибатида камида 30 киши ҳалок бўлди, яна уч мингдан ортиқ киши турли оғирликда тан жароҳатлари олган. Жабрланганлар орасида алоқа учун пейжерлардан фойдаланувчи «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати аъзолари ҳам кўп. Исроил бу амалиёт учун расман жавобгарликни ўз зиммасига олмаган, аммо Исроил разведкаси вакиллари бу ҳужум ортида ўзлари турганини тан олишган. Исроил мудофаа вазирлиги ва разведкасининг собиқ ҳамда ҳозирда ишлаётган 12 нафар ходими The New York Times билан мулоқотда амалиётга қандай тайёргарлик кўрилгани ҳақида айтиб беришган. Газета суҳбатдошлари уни «мураккаб ва узоқ давом этган» амалиёт деб таърифлаган, нашрнинг ўзи эса бунга «замонавий Троя оти» дея ном берган.

Байрутдаги Америка университети тиббиёт маркази тураргоҳида алоқа қурилмаси портлашидан ҳосил бўлган ўра, 2024 йил 18 сентябр
Wael Hamzeh / EPA / Scanpix / LETA

«Ҳизбуллоҳ» аъзолари бир неча йил олдин алоқа воситаси сифатида мобил телефонлар ўрнига пейжерлардан фойдаланишни бошлаганди — The New York Times нашри ёзишича, буни ҳаракат етакчиси Ҳасан Насруллоҳ талаб қилган. У «Ҳизбуллоҳ» йиғилишларида телефондан фойдаланишни тақиқлаган ва режа тафсилотлари ҳеч қачон мобил телефонлар орқали узатилмаслиги учун ҳаракат аъзоларига доим ёнида ўз пейжерлари билан юришни буюрган. 2024 йил февралида Насруллоҳ алоҳида баёнот бериб, яна бир бор телефонлардан қутулишга — уларни «кўмиб ташлаш» ёки «темир қутига солиб қўйиш»га чақирган. Исроил эса, NYT ёзганидек, бунда «бир имконият кўрган».

NYT манбаларига кўра, «Ҳизбуллоҳ» амалда тўлиқ пейжерлардан фойдаланишга ўтишидан олдинроқ, Исроил разведкаси Венгрияда ўзини пейжерлар ишлаб чиқарувчи сифатида кўрсатувчи BAC Consulting компаниясини, шунингдек, унинг фаолиятини яшириш мақсадида яна иккита сохта фирма очган. BAC Consulting компаниясининг оддий мижозлари ҳам бўлган, улар учун оддий пейжерлар ишлаб чиқарилган. Аммо «аҳамиятга эга бўлган» ягона мижоз «Ҳизбуллоҳ» эди.

Исроил разведкасининг уч вакилининг сўзларига кўра, «Ҳизбуллоҳ» учун пейжерлар алоҳида тайёрланган ва таркибига PETN портловчи моддаси (ПЕНТА, пентаэритриттетранитрат) қўшилган батареяларга эга бўлган. BAC Consulting компанияси 2022 йилда Ливанга бу пейжерларни кичик миқдорда етказиб беришни бошлаган, аммо Насруллоҳнинг мобил телефонлар хавфи тўғрисидаги баёнотларидан кейин етказиб бериш ҳажми ошган.

17 сентябр куни соат 15:30 да пейжерларга хабар келган. Улар араб тилида ва худди «Ҳизбуллоҳ» олий раҳбарияти томонидан йўллангандек кўринишда бўлган. Кўп ўтмай бутун Ливан бўйлаб қурилмалар портлашни бошлаган. Камида 12 киши ҳалок бўлган, яна 2700 дан ортиқ киши яраланган. NYT нашри ёзишича, ҳалок бўлганларнинг айримлари «Ҳизбуллоҳ» аъзолари бўлган, айримлари эса — йўқ. Қурбонлар орасида болалар ҳам бор (айрим маълумотларга кўра, икки, бошқаларига кўра — тўрт нафар). NYT тўртинчи синфда ўқиган, тўққиз ёшли Фотима Абдулла ҳақида хабар берган. У мактабдан уйига қайтганида пейжердаги сигнални эшитган ва уни отасига олиб бориш учун қўлига олган. Шу паллада пейжер портлаб кетган. Фотима ҳалок бўлган.

Ливаннинг Теҳрондаги элчихонаси олдидаги ёдгорлик, 2024 йил 18 сентябр
Sobhan Farajvan / Pacific Press / ZUMA Press Wire

Портлаб кетган пейжерларнинг фотосуратларига кўра, улар Тайваннинг Gold Apollo компаниясидан харид қилингани айтилди. Кейинги куни мазкур компания баёнот бериб, фото ва видеоларда акс этган AR-924 пейжерлари Будапештда жойлашган ва қурилмани ишлаб чиқариш учун Gold Apollo’дан лицензия олган BAC Consulting компанияси томонидан ишлаб чиқарилганини маълум қилди.

Financial Times Венгрия реестрига асосланиб, BAC Consulting компаниясига 2022 йил майида Кристиана Росария Барсони-Арчидиаконо томонидан асос солингани ҳақида ёзди. Айни вақтда 49 ёшда бўлган бу аёлнинг LinkedIn’даги профилида Элементар заррачалар физикаси соҳасида докторлик даражасига эгалиги, шунингдек, Лондондаги Шарқшунослик ва африкашунослик мактаби (SOAS) ва Лондондаги Иқтисодиёт мактабида ишлаши кўрсатилган. NBC нашри билан суҳбатда Барсони-Арчидиаконо унинг компанияси Gold Apollo билан ҳамкорлик қилишини тасдиқлаган, аммо пейжерлар ҳақидаги саволга жавобан компания уларни ишлаб чиқариш билан шуғулланмаслигини билдирган. «Мен шунчаки воситачиман. Менимча, сиз адашдингиз», — деган у.

Ливандаги портлашлар серияси шу билан тўхтамади — кейинги куни, 18 сентябрда, Байрутда бир кун олдинги воқеалар қурбонлари дафн этилаётганида яна портлашлар рўй берди. Бу сафар портлашларга рациялар сабаб бўлди — фотосуратларга кўра, Япониядаги электроника буюмлари ишлаб чиқарувчи Icom компанияси маҳсулотлари бўлган IC-V82 моделидаги рациялар портлаган. Компания шу куниёқ баёнот берди. Унда айтилишича, 2004 йилдан буён Яқин Шарққа етказиб берилган бундай рацияларнинг 2014 йилдаёқ ишлаб чиқарилиши тўхтатилганди. Қолаверса, 2020 йилдан компания бозорда бўлган барча IC-V82 рациялари сохта эканидан огоҳлантирган. Сўнгги маълумотларга кўра, рациялар портлаши оқибатида яна 20 киши ҳалок бўлиб, 450 киши яраланган.

NYT мақоласида такрорий портлашлар вақтида унинг мухбирини кўчада бир аёл тўхтатгани ва ўз фарзандларига қўнғироқ қилиб олишига ёрдам беришини сўрагани ҳақида ёзади. Журналист унга мобил телефонини берганида, у қалтираётган бармоқлари билан рақам теради ва гўшакка қарата шундай бақиради: «Телефонларни дарҳол ўчиринглар!»

Мавзуга оид