Жамият | 18:47 / 22.09.2024
32046
12 дақиқада ўқилади

АҚШдан ўғирланган ва ҳануз ишлаб чиқарилаётган «Буханка»

Россия Украинага бостириб киргандан ғарб санкцияларига дучор бўлди. Ғарб автокомпаниялари Россияни тарк этди. Шундай вазиятда Россия ўтган асрнинг 60-70-йилларида тайёрланган автомобилларни қайта ишлаб чиқаришга мажбур бўлмоқда.

Бугун айримлар томонидан «Совет даврида ишлаб чиқарилган техникалар зўр, чидамли эди», деган гапни бот-бот эшитиб қоламиз. Тўғри, шундай бўлиши мумкин.

Бироқ Европа, Америка ёки Япониядаги компаниялардан фарқли равишда СССРда ҳеч нарса тежалмаган. Хомашёлар аёвсиз тарзда ишлатилган. Шу сабабли ҳам турли техникалар, айниқса, уларнинг кузов қисми узоқ йилларга бардош берган.

Аслида, эса СССРда ишлаб чиқарилган транспортлар, айниқса турли енгил ва юк автомобиллари совет конструкторларининг ўз лойиҳаси эмас. Уларнинг қарийб барчаси бошқалардан ўғирланиб, ўзлаштирилиб, ишлаб чиқарилган. Фақат айримлари учун расмий рухсат олинган.

Жумладан:

  • Иккинчи жаҳон уруши тугагач Opel компаниясига тегишли ускуналар Москвага кўчириб олиб келинган ва Opel Kadett K 38 автомобили «Москвич» номи билан;
  • Ford B автомобили М-1 (Сталиннинг сафдоши Молотов фамилиясининг бош ҳарфи қўйилган) деган номда;
  • Fiat компаниясининг бир нечта автомобил моделлари «Жигули» номи остида (ўзаро ҳамкорлик доирасида);
  • АҚШ Ленд лиз дастури бўйича СССРга ёрдам тариқасида жўнатган Studebaker US6 ҳамда «Виллис» автомобиллари кейинчалик ГАЗ ва УАЗ номлари билан;
  • Fiat-600 ва NSU Prinz IV автомобиллари «Запорожец» номи остида;
  • Ford Falcon автомобили «Волга» ГАЗ-24 номи билан ишлаб чиқарилади.
Америкаликларнинг Ford Falcon ва советларнинг Волга ГАЗ+24 автомобиллари

Советлар айрим моделларни хорижликлар қандай ишлаб чиқарган бўлса ўша кўринишда тайёрлашган. Айримларига кичик ўзгартиришлар киритишган.

Бугун юқорида номлари келтирилган автомобиллар ишлаб чиқарилмайди. Аниқроғи, улар 1991 йил СССР парчаланиб кетгунча тайёрланган. Сўнг ишлар тўхтаб корхоналар инқирозга учраган.

2014 йилда Россия Украина шарқига қўшин киритди, Қрим эгаллаб олинди. Шундан сўнг Ғарб давлатлари Россияга нисбатан санкциялар эълон қила бошлади.

2022 йил 24 феврал куни Россия Украина ҳудудига кенг кўламли босқин уюштирди ва унинг катта ҳудудларини босиб олди. Бунга жавобан халқаро ҳамжамият ва Ғарб давлатлари Россияга нисбатан кўплаб санкциялар эълон қилди.

Оқибатда Ғарб компаниялари бирин-кетин Россиядан чиқиб кета бошлади. Чиқиб кетганлар орасида кўплаб автомобил ишлаб чиқарувчи компаниялар ҳам бор эди.

Шу тариқа Россия автомобил бозорида танқислик юзага келди. Бугун Россия бу тақчилликни Хитой автомобилларини сотиб олиш ва бир пайтлар совет даврида тайёрланган автомобилларни қайта ишлаб чиқариш эвазига қоплашга уринмоқда.

УАЗ-450

Жумладан, 1974 йилда ишлаб чиқарилган «Нива» ҳамда 1960-йилларда ишлаб чиқарилган ва халқ орасида «Буханка» деб аталган УАЗ-450 автомобили ҳам бор.

УАЗ-450 ҳам хорижликлардан ўғирланиб ишлаб чиқарилган ва унинг кўриниши қолипли нонга ўхшаб кетгани учун халқ уни «Буханка» деб атаган. Бугун шу автомобилга тўхталамиз.

«Буханка» тарихи

Номи УАЗ-450 бўлган бу автомобилнинг тарихи ўтган асрнинг 50-йилларига бориб тақалади. Советлар АҚШ «Ленд лиз» дастури бўйича жўнатган Studebaker US6 юк автомобилини Горкийдаги автозаводда йиға бошлашади ва унга ГАЗ-51 деб ном беришади.

Шу тариқа юк машиналар тақчиллиги муаммоси бартараф этилади. Бироқ олдинда камроқ юк кўтара оладиган кичик ўлчамдаги юк машиналарини ишлаб чиқариш муаммоси кўндаланг бўлиб турганди.

Ўша пайтларда советларда 2-3 тонна юк кўтара оладиган кичик юк автомобиллари йўқ эди. 1955 йилда Уляновскдаги автозаводга ана шундай автомобилларни тайёрлаш вазифаси юклатилади.

Завод раҳбарлари янги автомобилларини ўша пайтда «Виллис» базаси асосида тайёрланаётган ГАЗ-69 автомобили базасида ишлаб чиқаришга қарор қилишади. Бироқ кичик ҳажмли юк автомобилларини ишлаб чиқариш учун ГАЗ-69 нинг ўзи етарли эмасди.

Шу сабабли улар бу муаммони ҳам хориждан автомобил лойиҳасини ўзлаштириб, ҳал қилишга қарор қилишади. Европа ва Америка компаниялари ишлаб чиқараётган бир қанча моделлар кўриб чиқилади ва АҚШнинг Willys Motors компаниясида тайёрланадиган Jeep Forward Control автомобили танлаб олинади.

Jeep Forward Control

Бу автомобилнинг танланиши бежизга эмасди. Jeep Forward Control автомобилининг ўзаги америкаликларнинг Ленд лиз дастури бўйича жўнатган «Виллис» билан қарийб бир хил эди.

Советлар Jeep Forward Control автомобилини ўзлаштиришади ва ГАЗ-69 базасида янги автомобил ишлаб чиқариш ҳаракатини бошлашади. «Буханка»нинг биринчиси 1958 йилда конвейердан чиқади. Унга УАЗ-450 деб ном беришади.

Янги автомобил америкаликларнинг Jeep Forward Control автомобили билан қарийб бир хил қилиб ишлаб чиқарилган, советлар унинг дизайнига жиддий ўзгартиришлар киритмаганди.

Бироқ ўша пайтда, ундан олдин ва ундан кейин ҳам советлар Ғарб автомобилларини ўзлаштиргани учун америкаликлар ёки европаликлар индай олишмаган.

Чунки СССР интеллектуал мулк ва муаллифлик ҳуқуқи бўйича иш олиб борадиган халқаро ташкилотларнинг бирортасини тан олмас ва тап тортмасдан турли маҳсулотларни ўзлаштираверарди.

Jeep Forward Control автомобили билан ҳам шундай бўлади ва ўзлаштирилган автомобил учун ҳеч ким даъво қила олмайди. Зеро даъво қилинган тақдирда ҳам бунинг нафи бўлмасди.

Юқорида Jeep Forward Control, пастда УАЗ-452 автомобиллари

«Буханка»нинг турли русумлари

Советлар узоқ йиллар мобайнида Уляновскдаги заводда «Буханка»нинг ўнлаб русумларини ишлаб чиқаришади. Жумладан:

  • УАЗ-450 - фургон;
  • УАЗ-450А – санитар автомобили;
  • УАЗ-450Б – штаб сифатида фойдаланиладиган микроавобус;
  • УАЗ-450В – Микроавтобус;
  • УАЗ-450Д – Икки кишилик кабинага эга кичик юк машинаси;
  • УАЗ-450И – Озиқ-овқат ташиш учун мўлжалланган махсус автомобил;
  • УАЗ-450ИО – Чорвачиликда фойдаланиладиган автомобил;
  • УАЗ-450П – Синов тариқасида чиққан тиркамали автомобил;
  • УАЗ-450ЭМ – Аэрофлот учун махсус электромобил тайёрланади.

УАЗ-450 – «Буханка»нинг оғирлиги 1650 кг, узунлиги 4300 миллиметр бўлган. Автомобил уч босқичли механика узатиш қутисига эга бўлган ва тўртта ғилдираги ҳам торта олган.

УАЗ-450Д автомобили

Янгиланган «Буханка»

1965 йилда «Буханка» бироз янгиланган кўринишда ишлаб чиқарилади ва унга УАЗ-452 деб ном берилади. Бу турдаги кичик юк автомобиллари ва санитар машиналари ўзидан аввал ишлаб чиқарилган УАЗ-450 дан айтарли фарқ қилмасди. Фақат ташқи ва ички кўринишда озгина ўзгаришлар қилинганди.

Худди УАЗ-450 да бўлганидек, УАЗ-452 ҳам турли моделларда ишлаб чиқарилади. Жумладан:

  • УАЗ-452 – фургон кўринишда;
  • УАЗ-452А – санитар автомобил;
  • УАЗ-452В – 10 ўриндиқли йўловчи ташиш транспорти;
  • УАЗ-452Д – Икки ўриндиқли кичик юк машинаси;
  • УАЗ-452Т – Ёқилғи ташувчи автомобил;

Бундан ташқари, бу автомобилнинг УАЗ-452Т-М, УАЗ-452Т-М2, УАЗ-452Т-М3, УАЗ-452Т-11 ва УАЗ-452Г моделлари ҳам ишлаб чиқарилган ва улардан турли мақсадларда фойдаланилган.

УАЗ-452

1985 йилда УАЗ-452 янгиланади ва бу сафар автомобилнинг турли моделлари турлича номланади. Жумладан:

  • фургон кўринишидагиси - УАЗ-3741;
  • икки ўриндиқли кичик юк автомобили – УАЗ-3333;
  • икки ўриндиқли яна бир модели – УАЗ-330362;
  • кичик йўловчи ташувчи микроавтобус – УАЗ-2206;
  • санитар автомобили – УАЗ-3962;
  • қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун чиқарилгани – УАЗ-3909;
  • ҳарбийлар учун чиқарилган санитар автомобили – УАЗ-3909i;
  • ёнғинга қарши курашда фойдаланилгани – УАЗ-390945-903 номлари билан аталган.
УАЗ-3962

УАЗ-450 базасида ишлаб чиқарилган бошқа автомобиллар

Ўз вақтида СССРда жойлашган бошқа автомобилсозлик корхоналари ҳам УАЗ-450 базасида турли автомобиллар ишлаб чиқарган. Жумладан:

  • Челябинскдаги театр жиҳозлари ишлаб чиқарувчи корхона томонидан 1972-1976 йиллар мобайнида Челябинец-452 ДК номли автомобилларидан 500 дона;
  • Краснодар механика заводида Кубанец-У1А ва КубанецТСК-2-08 кичик юк ташувчи автомобиллари, Кубанец-У1К автоклуби, Кубанец ТСК-2-01 йўловчи ташувчи микроавтобуси;
  • АвтоКубан корхонасида Маданият вазирлиги учун КМЗ-Т12.02 автомобиллари;
  • Перм вагон қуриш заводида ТСК-Т-12-02 фургони;
  • Чернигов махсус транспорт воситалари ишлаб чиқарувчи корхонасида – Десна ва Десна-2М автомобиллари;
  • Доғистонда «Каспиец» номли мироавтобуслар;
  • Олтой ўлкасидаги Павловск шаҳрида жойлашган автотаъмирлаш заводида «Ермак» номли махсус автомобиллар;
  • «Заслон» номли зирҳланган автомобиллар ва бошқа транспортлар ишлаб чиқарилган.
КМЗ-Т12.02

«Буханка»га қайта умр берган уруш

СССР парчаланиб кетгач Россия автомобилсозлик саноати оғир кунларни бошдан кечирди. Аввалига хориждан олдин фойдаланилган автомобиллар арзон нархларда кириб келди.

Кейинроқ эса Ғарб давлатлари, Япония, Жанубий Кореядаги етакчи автомобилсозлик компаниялари Россияда ўз корхоналарини очиб, янги автомобиллар ишлаб чиқара бошлашди.

Шунингдек, ВАЗ корхоналарида Франциянинг Рено компанияси билан ҳамкорликда бир неча хил автомобил тайёрлашга ўтилди. Қисқаси, Россия бозорида автоишқибозлар хоҳлаган ҳар қандай машиналар бор эди.

Бироқ барчаси 2022 йил 24 феврал куни Россиянинг Украинага бостириб киришидан сўнг ўзгариб кетди. Ғарб давлатлари Россияга нисбатан кўплаб иқтисодий санкциялар жорий қилишди.

Оқибатда, хорижий давлатлардан келиб Россияда автозавод очган компаниялар бирин-кетин бу давлатдан чиқиб кета бошлади.

Кўп ўтмай Россияда кўплаб автозаводлар ёпилди ва мамлакат автомобил бозорида катта тақчиллик юз берди. Бундан фойдаланган Хитой компаниялари Россия бозорига кириб келди.

Москвадаги автосалонлардан бирида турган Хитой автомобиллари

Ана шундай тақчиллик даврида россиялик автомобилсозлар 1960-70-йилларда тайёрланган ва кейинчалик ишлаб чиқаришдан олиб ташланган айрим автомилларни қайта йиғишни бошлашади.

1974 йилда ишлаб чиқарилган Нива ва илк бор 1958 йилда конвейердан чиққан УАЗ-450 машиналари ҳам бор. Бир сўз билан айтганда россияликлар халқ тилида «Буханка» деб номланувчи бу машинани ишлаб чиқаришга мажбур бўлишяпти. Чунки унинг муқобили санкциялар туфайли хориждан келмаяпти.

Асосан автомобилсозлик ҳақида ёзувчи россиялик журналист Сергей Цигановга кўра, Россия айнан Украинага бостириб кириши ортидан бошланган уруш туфайли «Буханка»ни қайта ишлаб чиқаришга мажбур бўлмоқда.

«Агар 2022 йил 24 февралдаги воқеалар юз бермаганда УАЗ машиналари умуман ишлаб чиқарилмасди. Бу машиналар савдо лойиҳаси жиҳатдан эскириб бўлган ва харидорларда унга қизиқиш йўқ. Қизиқиш пайдо бўлган тақдирда ҳам жуда тез ривожланаётган Хитой автомобил саноати яқин орада унинг замонавий муқобилини ишлаб чиқаради. Бунга шубҳа йўқ. Балки хитойликлар Россияга келиб, УАЗ корхонасида ўзининг шу турдаги автомобилини ишлаб чиқарар. Яқинда Уляновск губернатори шу ҳақда гапирди», дейди Сергей Циганов.

2024 йилда ишлаб чиқарилган янги "Буханка"

Айрим мутахассисларнинг фикрича ҳатто хитойликлар Россияда УАЗнинг ўрнига унинг замонавий муқобилини ишлаб чиқарса ҳам бу машина тайёрланаверади.

Чунки Россияда инфратузилма жуда ёмон ва мамлакатнинг жуда кўплаб қишлоқларида тўртта ғилдираги ҳам бирдай тортадиган УАЗга талаб катта. Шунингдек, у ҳарбийларга ҳам асқатиб қолиши мумкин.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид