Ўзбекистон | 16:19 / 23.09.2024
17185
2 дақиқада ўқилади

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўзгарди

Президент йиғилишида Ботир Зоҳидов камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири лавозимига тасдиқланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ботир Зоҳидов камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири лавозимига тасдиқланди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.

Президент ўтказаётган йиғилишда Бандлик вазирлигининг ҳозирги иш юритиши билан тегишли марраларга эришиб бўлмаслиги қайд этилди. Бу вазирлик фаолияти ҳам мутлақо бошқача бўлиши кўрсатиб ўтилди.

Маҳаллабай агентлиги тугатилиб, унинг барча вазифалари ҳамда ҳоким ёрдамчилари Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига ўтади.

Ботир Зоҳидов 1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2003 йил Тошкент молия институтини, 2008 йил Банк-молия академиясини тамомлаган.

Зоҳидов 20 йил давомида банк тизимида ишлаган. Марказий банкда валюта айирбошлаш ва конверсион операциялар махсус бошқармаси бошлиғи бўлган. 2017 йил августида Марказий банк раиси ўринбосари лавозимига тайинланганди. 2020 йилдан МБ раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган, 2022 йил сентябрида Шайхонтоҳур тумани ҳокими этиб тайинланганди.

23 сентябр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Ботир Зоҳидов номзодини камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири лавозимига маъқуллаганди.

Вазирликка 2022 йил декабридан буён Беҳзод Мусаев раҳбарлик қилиб келаётганди.

 

Мавзуга оид