Жаҳон | 15:39 / 26.09.2024
2028
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ: дунёда ҳар ўнинчи ўсмир ижтимоий тармоқлар ва компютер ўйинларига қарам

Тадқиқотга кўра, қизларда ижтимоий тармоқларга қарамлик юқори, ўғил болалар эса ҳар куни ўйин ўйнашга кўпроқ мойил.

Фото: WHO / Uka Borregaard

Дунёдаги ҳар ўнта ўсмирдан бири ижтимоий тармоқлар ва компьютер ўйинларига берилиб кетиш оқибатида руҳий қийинчиликларга дуч келмоқда. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳисоботида эълон қилинди.

Ҳисоботда ўсмирлар орасида ижтимоий тармоқлардан фойдаланишнинг кескин ўсиши — 2018 йилдаги 7 фоиздан 2022 йилда 11 фоизгача кўтарилгани қайд этилган. Бу рақамли технологияларнинг ёшлар руҳий саломатлигига таъсири ҳақидаги ташвишларга сабаб бўлмоқда.

Ушбу маълумотлар “Мактаб ёшидаги болаларнинг саломатликка муносабати” тадқиқоти доирасида тўпланди. Унда 2022 йилда Европа, Марказий Осиё ва Канадада яшовчи 11, 13 ва 15 ёшли 280 мингга яқин бола ва ўсмир иштирок этди.

Тадқиқотнинг асосий хулосаларига кўра, ўсмирларнинг 11 фоизида ижтимоий тармоқларга қарамлик белгилари кузатилади, бу кўрсаткич ўғил болаларга (9 фоиз) нисбатан қизларда (13 фоиз) юқорироқ. Ўcмирларнинг 36 фоизи дўстлари билан мунтазам онлайн мулоқот қилади, тахминан 34 фоизи ҳар куни рақамли ўйинлар ўйнайди, 22 фоизи эса бу машғулотга кунига тўрт соатдан ортиқ вақт сарфлайди.

Уларнинг 12 фоизида ўйинларга нисбатан муаммоли хулқ-атвор кузатилади, бу қизларга қараганда ўғил болалар орасида кўпроқ учрайди.

“Ўсмирларнинг рақамли ўйинларга бўлган муносабатидаги гендер фарқлар ҳайратланарли даражада. Ўғил болалар нафақат ҳар куни ўйин ўйнашга кўпроқ мойил, балки уларда онлайн ўйинларга нисбатан муаммоли хулқ-атвор ҳам тез-тез шаклланади. Бу эса, мотивация ва хавф омилларининг гендер жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда мақсадли чоралар кўриш зарурлигини англатади”, — деб таъкидлайди Падуя университетидан ҳисобот ҳаммуаллифи Клаудия Марино.

Мавзуга оид