Ўзбекистон | 21:29 / 27.09.2024
9436
3 дақиқада ўқилади

Чилонзорда “дом” қурмоқчи бўлган фирма мансабдорлари терговга тортилди

Жабрланувчилардан Чилонзор туман прокуратурасига мурожаат қилишлари сўралмоқда. “Komgul” МЧЖ мансабдорлари сохта шартнома орқали фуқаронинг 31 минг АҚШ доллари пулини олиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган. Улар фирибгарлик ва пора беришда гумонланмоқда.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида ноқонуний равишда кўп қаватли уй қурмоқчи бўлган “Komgul” МЧЖ мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Бундан бир неча ой олдин Чилонзор туманининг Зуҳурполвон кўчасидаги ер майдони “Komgul” МЧЖ томонидан “дом” қуриш мақсадида ўраб олинганди. Яқинда ўраб олинган ҳудудда мазкур МЧЖ мансабдорларига жиноят иши қўзғатилгани, уларнинг ҳаракатидан норози фуқаролар прокуратурага мурожаат қилишлари мумкинлиги ҳақидаги эълон пайдо бўлди.

Тошкент шаҳар прокуратурасидан Kun.uz'га берилган изоҳда келтирилишича, фуқаро Ш.Э. таниши Х.Х. билан тил бириктириб, “Komgul" МЧЖни ташкил қилган. 

"Улар ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилиш мақсадида Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Зуҳурполвон кўчасидаги 8-уй манзилидаги бўш ер майдонида гўёки 9 қаватли кўп квартирали уй-жой қуришни бошлаб, бунинг учун котлован қазишган. Ваҳоланки, ушбу жойда қурилиш ишларини олиб бориш учун тегишли рухсатнома олинмаган. Сўнгра фуқаро М.Мирзарасуловга гўёки уйнинг 4-қаватидан хонадон сотиш ҳақида сохта шартнома тайёрлаб, ундан бошланғич тўлов сифатида 31 минг АҚШ доллари олишган ҳамда ушбу пулларни ўзларининг эҳтиёжи учун ишлатиб юборишган”, дейилади прокуратура изоҳида.

Ҳолат бўйича МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан 2024 йил 9 сентябрда Жиноят кодексининг  168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди, 192-11-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши прокуратура иш юритувига олиниб, 3 нафар шахс гумон қилинувчи сифатида жалб этилган. Шунингдек, жиноят оқибатида етказилган 393 млн 703 минг сўм пул маблағи Тошкент шаҳар прокуратурасининг депозит ҳисобрақамига топшириш йўли билан қопланган.

Аввалроқ, ушбу ҳудудда яшовчи аҳоли Kun.uz'га мурожаат қилиб, ер участкаси ўраб олиниши ва унда қурилиш бошланиши ғайриқонуний эканини, бу ишлар гарчи маҳалла фуқаролар йиғини биносига туташ ҳудудда юз бераётган бўлса-да, маҳалла раиси қурувчиларни қўллаётгани, гўёки "аҳоли розилиги олинган" деган сохта ҳужжат тайёрлаганини айтганди.

Мавзуга оид