«ФСБ» уч нафар хорижлик журналистга нисбатан иш қўзғатди
Австралиянинг ABC News телеканалидан Кэтрин Дисс ва Флетчер Юнг, шунингдек, руминиялик журналист Мирча Барбу Курск областида Россия чегарасини ноқонуний кесиб ўтгани учун ҳозир тергов остида.
27 сентябр, жума куни Россия Федерацияси Федерал хавфсизлик хизмати («ФСБ») Курск областида уч нафар журналист – АҚШ ва Руминия фуқароларининг давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтгани юзасидан жиноий иш қўзғатди. Бу ҳақда ТАСС давлат агентлиги Россия махсус хизматининг Жамоатчилик билан алоқалар маркази маълумотларига таяниб хабар берди.
Ишда айбланувчилар Австралиянинг ABC телеканали мухбирлари, АҚШ фуқаролари Флетчер Янг ва Кэтрин Дисс, шунингдек, НotNews румин журналисти Мирча Барбу бўлди. Журналистлар беш йилгача қамоқ жазоси билан жазоланиши мумкин. Бироқ, уларнинг барчаси ҳозирда Россиядан ташқарида.
ТАССнинг хабар беришича, сентябр ойи бошида украиналик ҳарбийлар бўлган Суджа шаҳридан Янг ва Дисснинг репортажи эълон қилинган. Қайд этилишича, журналистлар Курск областига Украина Қуролли кучлари аскарлари ҳамроҳлигида кириб, маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашган. Мирча Барбунинг худди шундай мазмундаги репортажи Руминиянинг НotNews нашри томонидан чоп этилган.
Бир ой олдин «ФСБ» DW журналистига қарши жиноий иш қўзғатди
27 август куни Россия Федерацияси «ФСБ» Украина қўшинлари томонидан босиб олинган Курск областида сюжетларни суратга олган DW немис медиа-компанияси мухбири Николас Коннолли ва ТСН украин журналисти Наталя Нагорнаяга нисбатан жиноий иш қўзғатилганини эълон қилди.
Конноли ўз репортажида Украина Қуролли кучлари томонидан журналистлар учун уюштирилган сафар доирасида Украина томонидан қўлга олинган Суджада бир неча соат бўлганини айтди. DW мухбири босиб олинган шаҳардаги вазият ҳақида гапириб, маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашди.
Мавзуга оид
19:47 / 30.11.2024
Хитойда жосусликда айбланган журналистга ҳукм ўқилди
12:31 / 28.11.2024
ГФР расмийлари РФ журналистларига мамлакатни тарк этишни буюрмаган
13:30 / 01.11.2024
Ғазода ўлдирилган журналистлар сони 182 нафарга етди
10:20 / 18.09.2024