Иқтисодиёт | 21:11 / 02.10.2024
6585
4 дақиқада ўқилади

ХВЖ Ўзбекистонга солиқ имтиёзларини қайта кўриб чиқишни тавсия қилди

Халқаро валюта жамғармаси миссиясига кўра, Ўзбекистонда давлат бюджети даромадларининг ЯИМга нисбати пасайиб кетиши прогноз қилиняпти. Бу – солиқ имтиёзлари билан боғлиқ. Халқаро экспертларнинг қайд этишича, имтиёзларни қайта кўриб чиқиш инвестициялар жалб қилиш учун ҳам керак.

Фото: Халқаро валюта жамғармаси

16-24 сентябр кунлари Яссир Абдих бошчилигидаги Халқаро валюта жамғармаси ходимларидан иборат гуруҳ Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан учрашиб, жорий вазият ва иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналишлари бўйича фикр алмашган. ХВЖ миссияси ташрифининг якунлари бўйича расмий баёнотини эълон қилди.

Қайд этилишича, иқтисодиётнинг ўсиши давом этади. Хусусан, 2024 йилнинг биринчи ярмида ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиш суръати йиллик 6,4 фоизни ташкил этган. Май ойининг бошларида тартибга солинадиган энергия нархлари оширилиши апрел ойи охиридаги йиллик инфляциянинг 8 фоиздан 10,5 фоизгача кўтарилишига олиб келган. Жорий йил дастлабки етти ойида пул ўтказмаларининг кучли ўсиши кузатилиб, ўтган йилга нисбатан 32 фоизга кўпайган. Халқаро захиралар миқдори ҳам етарли даражада барқарор бўлиб, бу август ойи охирида кейинги йилнинг 9,5 ойлик импортини қоплашга етадиган даражада бўлган.

“Прогноз ижобий, хавф ва имкониятлар эса сақланиб қолади. Ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши инвестициялар ва таркибий ўзгаришларни амалга оширишнинг давом этиши натижасида жорий ва кейинги йилда 5,5 фоиздан юқори бўлиши кутиляпти. Кераклича қаттиқлаштирилган пул-кредит ва солиқ-бюджет сиёсати ҳамда энергия нархининг ошишини юмшатишга қаратилган чоралар инфляцияни аста-секин пасайтира бошлайди. Жорий ҳисоб тақчиллиги 2024 йилда ЯИМнинг қарийб 6,25 фоизигача, 2025 йилда 6,1 фоизгача қисқариши кутиляпти, бу қисман кучли экспорт ва пул ўтказмалари ҳамда импорт қилинадиган машина ва ускуналарнинг бир марталик йирик харидларидан воз кечиш билан боғлиқ.

Иқтисодий хатарлар қаторига минтақавий ва геоиқтисодий муаммолар, товарлар нархининг ўзгарувчанлиги, жаҳон иқтисодиётидаги кутилмаган глобал пасайиш ҳамда давлат корхоналари ва давлат-хусусий шериклик (ДХШ) билан боғлиқ шартли мажбуриятларнинг амалга оширилиши киради. Пул ўтказмаларининг кўпайиши, шунингдек, олтин нархининг ошиши янги имкониятлар яратиши мумкин”, дейилади ҳисоботда.

Халқаро экспертларга кўра, 2024 ва 2025 йиллар учун консолидациялашган бюджет тақчиллиги мос равишда ЯИМнинг 4 ва 3 фоизини ташкил этиши прогноз қилинган. Бунга давлат харажатларини рационализация қилиш (айниқса, энергия субсидияларини қисқартириш – аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳимоя қилган ҳолда), ижтимоий харажатларни мақсадли сарфлаш ва йўналтирилган кредитлашни қисқартириш ҳисобига эришилади.

“Олтиннинг юқори баҳоси ва тез иқтисодий ўсишга қарамасдан, олтин қазиб олиш секторидан ташқарида ҚҚС ва корпоратив даромад солиғи ундиришнинг заифлиги туфайли даромадларнинг ЯИМга нисбати пасайиб кетиши прогноз қилиняпти. Солиқ имтиёзлари ва солиқ мажбуриятларининг камайиши, айниқса, жадал ривожланаётган хизматлар соҳасида солиқ солинадиган базанинг кенгайишига тўсқинлик қиляпти. Инвестицияларни жалб қилиш учун солиқ имтиёзлари, уларнинг солиқ солинадиган базага салбий таъсирини босқичма-босқич камайтириш нуқтайи назаридан қайта кўриб чиқилиши керак.

Шу билан бирга, солиқ маъмуриятининг Солиқ кодексига риоя этилишини таъминлаш (айниқса, жойларда самарали солиқ текширувларини ўтказиш), солиқ тўловчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг тегишли кафолатларини таъминлаш бўйича ваколатларни кенгайтириш зарур”, дея қайд этган ХВЖ миссияси.

Энергоресурслар бўйича 2024 йил май ойида юз берган тарифлар оширилишининг иккинчи тўлқиндаги таъсири, шунингдек, 2024 йил сентябр-октябрдаги иш ҳақи оширилиши оқибатларидаги ноаниқликлар инфляция кучайиши билан боғлиқ хатарларни яратади. Шу жиҳатдан ХВЖ инфляциянинг мақсадли кўрсаткичига эришилмагунча қаттиқ пул-кредит сиёсатини сақлаб боришни тавсия этган. Агар инфляция кутилганидан ошиб кетса, Марказий банк ставкаларни оширишга тайёр бўлиши керак.

Шунингдек, ХВЖ миссияси икки йирик давлат банки – Саноатқурилишбанк ва Асакабанкни хусусийлаштириш жараёни давом эттирилаётганини эътироф этиб, хусусий ва давлат корхоналари ўртасидаги рақобатни тенглаштиришни тавсия қилган.

Мавзуга оид