Жаҳон | 10:30 / 03.10.2024
3025
2 дақиқада ўқилади

Путин урушда қатнашаётган судланувчиларни жазодан озод қилди

Россия Федерацияси президенти сафарбарлик ва уруш даврида Россия Қуролли кучлари билан шартнома тузган шахсларга нисбатан суд ишларини тугатишга рухсат берувчи қонунларни имзолади.

Фото: Sergei Malgavko/Tass/IMAGO

Россия президенти Владимир Путин 2 октябр, чоршанба куни сафарбарлик пайтида ёки уруш вақтида иши биринчи инстанция ёки апелляция судида кўриб чиқилаётган айбланувчилар билан шартнома тузишга рухсат берувчи иккита қонунни имзолади. Ҳар иккала қонун ҳам ҳуқуқий ахборот расмий интернет порталида эълон қилинган.

Аввалроқ, 24 сентябр куни Россия Федерацияси Давлат думаси йиғилишида иккала қонун лойиҳаси ҳам иккинчи ва учинчи ўқишда маъқулланган эди. Қонун лойиҳаларидан биринчиси, агар судланувчилар сафарбарлик даврида ёки уруш даврида ҳарбий хизматга чақирилган бўлса, жиноий иш юритишни тўхтатиб туриш, кейин эса жиноий жавобгарликдан озод қилиш имконини беради. Қонун шунингдек, сафарбарлик даврида, ҳарбий ҳолат ёки уруш даврида РФ Қуролли кучларида хизмат қилиш пайтида жиноят содир этган шахсларга нисбатан суд ишларини тўхтатиб туриш имкониятини назарда тутади.

Худди шундай ҳуқуқий механизм ҳукм чиқарилган, лекин қонуний кучга кирмаган маҳкумларга, шу жумладан апелляция босқичида ҳам қўлланади.

Иккинчи қонун лойиҳасининг моҳияти

Иккинчи ҳужжат сафарбарлик, ҳарбий ҳолат ва уруш даврига ҳам тегишли. Бу Россия Федерацияси қуролли кучларида ҳарбий хизматни ўташ тўғрисидаги шартномани суд муҳокамаси босқичида айбланувчи (судланувчи) шахсларнинг айрим тоифалари билан, агар прокурор уларга нисбатан жиноят ишини моҳиятан кўриб чиқиш учун судга юборган бўлса, тузишга имкон беради. 

Биринчи қонун лойиҳаси бўйича Россия Федерацияси Жиноят-процессуал кодексига ва иккинчи қонун лойиҳаси бўйича «Ҳарбий бурч ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритилади.

Мавзуга оид