Жаҳон | 23:14 / 07.10.2024
6634
3 дақиқада ўқилади

Telegram уюшган жиноий гуруҳларнинг «хуфёна бозорларига» айланди – ОАВ

БМТ махсус қўмитаси Telegram жиноятчилар учун қулай муҳитга айланган деб ҳисобламоқда.

Фото: Getty Images

Жануби-Шарқий Осиёдаги уюшган жиноий гуруҳлар Telegram мессенжеридан кенг миқёсда фойдаланмоқда, бу уюшган жиноятчиликнинг ноқонуний фаолияти усулларини жиддий тарзда ўзгартирди. Бу ҳақда БМТ Гиёҳвандлик ва жиноятчилик қўмитаси томонидан тайёрланган ҳисоботда айтилади, деб хабар берди Reuters.

Ҳисоботда Telegram платформасига қарши айбловлар қўйилган. Жумладан, таъкидланишича, мессенжерда ўғирланган маълумотлар, кредит карта маълумотлари, пароллар ва браузер тарихи кенг миқёсда очиқ тарзда сотилмоқда.

Шу билан бирга, ҳисоботда айтилишича, кибержиноятлар учун ишлатиладиган воситалар, жумладан, фирибгарлик ва маълумотларни ўғирлаш учун мўлжалланган «дипфейк» деб аталадиган зарарли дастурлар кенг миқёсда сотилмоқда, лицензиясиз криптовалюта биржалари эса пул ювиш хизматларини таклиф қилмоқда.

Таъкидланишича, «маълумотларнинг хуфёна бозорлари фаолиятини Telegram тармоғига кўчираётгани ҳақида ишончли далиллар мавжуд, Жануби-Шарқий Осиёда жойлашган трансмиллий уюшган жиноий гуруҳлар улардан фойдаланмоқда».

Жануби-Шарқий Осиё бутун дунё бўйлаб фирибгарлик схемалари билан қурбонларни нишонга олаётган кўп миллиард долларлик саноат учун асосий марказга айланган. Уларнинг кўпчилиги Хитой синдикатлари бўлиб, одам савдоси қурбони бўлганлар хизматидан фойдаланади. БМТ маълумотларига кўра, улар жиноий фаолиятдан йилига 27,4 дан 36,5 миллиард долларгача даромад олади. Илова жиноятчилар учун «модерация жуда камлиги туфайли» қулай муҳитга айланган.

Ҳудуддаги жиноий гуруҳлар томонидан қўлга киритилаётган фойда кўлами улардан инновацияларни талаб қилди, дейилади ҳисоботда. Улар ўз операцияларига янги бизнес моделлари ва технологияларини, жумладан, зарарли дастурлар, генератив сунъий интеллект ва дипфейкларни интеграция қилгани айтилади.

БМТ ҳисоботида «Жануби-Шарқий Осиёда киберфирибгарлик билан шуғулланувчи 10 дан ортиқ сохта «дипфейк» дастурий таъминот провайдерлари аниқлангани маълум қилинган.

Telegram асосчиси Павел Дуров август ойида Парижда ҳибсга олинган ва платформада жиноий фаолиятга эътиборсизлик қилганликда айбланган эди. Ҳибсга олинганидан сўнг, гаров эвазига қўйиб юборилган Дуров илова фойдаланувчиларнинг IP-манзиллари ва телефон рақамларини қонуний сўровлар билан мурожаат қилган расмийларга берилишини айтди. У, шунингдек, илова ноқонуний фаолият учун ишлатилган айрим функцияларни олиб ташлашини маълум қилди.

Мавзуга оид