Жаҳон | 11:13 / 11.10.2024
3407
2 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазодаги мактаб биносига зарба берди

ЦАҲАЛ маълумотига кўра, бу ерда Ҳамас қўмондонлик пункти бўлган. Тиббиёт ходимлари 28 киши, жумладан болалар ҳалок бўлганини хабар қилган.

Фото: Al Jazeera

Исроил ҳарбийлари Ғазо сектори марказидаги Дайр-ал-Балаҳ шаҳрида жойлашган «Руфейда» мактаби биносига авиазарба йўллади, бу бинодан уруш бошланганидан кейин қочқинлар учун бошпана сифатида фойдаланилаётганди.

The Times of Israel нашри Исроил мудофаа армиясига асосланиб хабар беришича, Ҳамас аъзолари бу ердан қўмондонлик пункти сифатида фойдаланган.

Фаластиндаги Қизил ярим ой жамияти хабар беришича, зарба оқибатида камида 28 киши ҳалок бўлган, улар орасида аёллар ва болалар ҳам бор, шунингдек, 54 киши яраланган. Қурбонларнинг қанчаси Ҳамас жангчилари бўлгани аниқ эмас, дея қайд этади The Times of Israel.

Исроил армиясидагилар зарба йўллашдан олдин «тинч аҳоли вакилларига зарар етказиш хавфини камайтириш учун кўплаб қадамлар ташлангани, жумладан, нишонга аниқ борувчи ўқ-дорилар қўллангани, ҳаводан кузатув амалга оширилгани ҳамда қўшимча разведка маълумотлари олингани»ни маълум қилган.

ЦАҲАЛ аввалдан Ҳамас вакиллари ўз эҳтиёжлари учун Ғазо секторидаги мактаблар ва шифохоналар биноларидан фойдаланиши, бу жойлардаги тинч аҳолини жонли қалқон қилишини айтиб келади. Бундай бинолар вақти-вақти билан бомбардимон қилинади ва бу тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонларга сабаб бўлади.

Ҳамас назоратидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, уруш бошидан буён Исроил ҳужумлари қурбонлари сони 42 минг кишидан ошган. Бу маълумотни мустақил текширишнинг имкони йўқ; БМТ ва Қизил Хочдагилар бу рақамларни реалликка яқин деб ҳисоблашади.

Мавзуга оид