Жамият | 12:09 / 12.10.2024
14810
15 дақиқада ўқилади

Коллективлаштиришнинг салбий оқибатлари: СССРда очарчиликдан ҳалок бўлган одамлар

1928 йилда СССРда коллективлаштириш бошланади. 4-5 йил давом этган бу жараёнда аввал бойларнинг, сўнг ўртаҳолларнинг ерлари ва мол-мулклари тортиб олинади. Уларнинг ўзи қулоқ деб аталиб, сургун қилинади, ўлдирилади ва қамоқхоналарга жўнатилади.

1917 йил февралда Россияда император Николай II тахтдан ағдарилади ва ҳокимият муваққат ҳукумат ихтиёрига ўтади. 1917 йил октябрда ўзларини болшевиклар ва меншевиклар деб атаган инқилобчи тўдалар давлат тўнтаришини амалга оширади ва ҳокимиятни эгаллайди.

Шундан сўнг Россия империясида император тарафдорлари ва ўзини «инқилобчилар» деб атаган тўда тарафдорлари ўртасида фуқаролар уруши бошланади.

Бошқа томондан Россия империяси қўл остида мустамлака бўлган Болтиқбўйи, Полша, Украина, Кавказ, Ўрта Осиёда миллий озодлик ҳаракатлари бошланади.

Россиядаги император тарафдорлари қўшинларига Чор Россияси даврида армия қўмондонлари бўлган генераллар бошчилик қилади.

Болшевиклар ва меншевиклар деб аталган инқилобчи тўда ҳамма ёқни эгаллаб олгани учун уларда таъминот билан боғлиқ муаммо камроқ, қарши томонда эса озиқ-овқат ва қурол-яроғ етишмовчилиги бор эди.

Бундан ташқари, болшевиклар раҳнамоси Владимир Ленин «Бойларнинг мулки тортиб олиниб, камбағалларга бўлиб бериш ва шу йўл билан ҳаммани тенг қилиш» ҳақида гапириб, Россия империяси ва унинг таркибига кирувчи ўлкаларда миллионлаб тарафдорлар орттирганди.

Шу сабабли аҳолининг ўртаҳол ва камбағал қисми давлат тўнтаришини қўллаётганди. Бироқ улар бир кун келиб болшевиклар бошларига қандай оғир кунлар солишини англаб етмаган эди.

Фуқаролар уруши ва озодлик ҳаракатлари бир неча йил давом этади. Натижада, Болтиқбўйи давлатлари – Латвия, Литва, Эстония, Финландия ва Полша мустақилликни қўлга киритади.

Украина, Кавказ ва Ўрта Осиё куч билан Россия таркибида сақлаб қолинади. Бундан ташқари, 1920 йилгача мустақил давлат сифатида яшаб келган Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги йиқитилиб, уларнинг ҳудуди Россияга қўшиб олинади.

1917 йилда Россияда одир бўлган давлат тўнтаришидан сўнг Полша, Финландия, Латвия, Литва ва Эстония мустақилликни қўлга киритганди

1922 йил 30 декабр куни Совет социалистик республикалари иттифоқи (СССР) тузилади ва унга Россия, Украина, Белоруссия, Кавказорти республикалари киради.

Кейинчалик Кавказорти ва Туркистон парчаланади ва уларнинг ҳудудида бир нечта социалистик республикалар ташкил этилади.

Болшевиклар СССРни ташкил этиб олганидан сўнг энг аввал асосий рақобатчилари – меншевикларни қатағон қилади. Сўнг Москва, Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) ва бошқа йирик шаҳарлардаги кичик савдогарлар, баққоллар, ҳунармандлар ва бошқаларнинг мулкларини тортиб олади.

Оқибатда мамлакатда ишсизлик кўпаяди, нархлар кескин ошади ва очарчилик хавф сола бошлайди. Шаҳарларда ишсиз қолган собиқ ҳунармандлар, савдогарлар ва баққоллар жон сақлаш учун қишлоқларга қоча бошлайди.

1927 йилда ҳукумат нон учун маълум нарх белгилайди ва ундан қиммат сотганларни кескин жазолашга ўтади. Оқибатда, қора бозорда нон нархи ошиб кетади ва мамлакатнинг бир қанча ҳудудларида нон учун намойишлар бўлиб ўтади.

Унгача ҳукумат Янги иқтисодий сиёсат (НЭП-Новая экономическая политика) номи билан иқтисодий ислоҳотлар ўтказган, бироқ улар наф бермаган эди.

1927 йилдан бошлаб мамлакатда кенг миқёсда коллективлаштириш амалга оширилади ва оқибатда очарчилик юз бериб, миллионлаб инсонлар ҳалок бўлади.

Коллективлаштиришни жадаллаштириш учун чиқарилган тарғибот баннери

Коллективлаштириш

Жамоа хўжаликлари тарихига қаралса, бундай тузилмалар илк бор 1918 йилда тузилгани айтилади. Балки шундайдир, бироқ СССРда коллективлаштириш 1928 йилдан авж олгани ҳақиқат.

1927 йил партиянинг XV съездида масъул шахсларга қишлоқ хўжалигини коллективлаштиришни тезлаштириш бўйича топшириқ қўйилади. Шундан сўнг бутун мамлакатда ишлар бошлаб юборилади. Бироқ қишлоқ жойларида яшовчиларни жамоа хўжаликларига жалб қилиш қийин кечади.

1929 йил баҳордан бошлаб ишларни янада жадаллаштириш учун шаҳар жойларида яшовчи партия ва комсомол аъзолари бўлган одамлар қишлоқларга юборилади.

Ўша йили ноябр ойида Бутуниттифоқ коммунистик партиянинг навбатдаги пленуми ўтказилади. Унда колхозларни тузишни жадаллаштириш ҳақида қарор қабул қилинади.

Орадан бир неча ой ўтгач, 1930 йил 30 март куни компартия марказий қўмитасининг «Колхоз ҳаракатида партия топшириқларини бузишга қарши кураш тўғрисида»ги қарори қабул қилинади. Шундан сўнг колхозларни тузиш учун аёвсиз кураш бошланади.

Энг аввал бойларнинг, сўнг ўртаҳолларнинг ер-мулклари тортиб олинади. Бошқарув органлари бу билан чекланмай, бойларни «қулоқ» деб атаб, аксариятини узоқ жойларга сургун қилади. Айримларини қамашади, отиб ўлдиришади.

Коллективлаштириш даврида қишлоқлардан жуда кўп одамлар бой-қулоқ деб аталиб уйларидан қувғин қилинган.

Масалан, ўзбекистонликлар кўпроқ Сибир томонларга ва Украинага сургун қилинган. Коллективлаштириш пайтида сургун қилинган инсонларга орадан қарийб 20 йил ўтгандан сўнг, 1948 йилда уйларига қайтишга рухсат берилади. Бироқ бу пайтда уларнинг аксарияти ўлиб кетганди.

1932 йилга келиб СССРнинг катта ҳудудларида жамоа хўжаликларини тузиб бўлишади. Жараёнларда миллионлаб одам ўз юртидан сургун қилинади, бошқалари қамалади, ўлдирилади.

Шундан сўнг мислсиз очарчилик содир бўлади. Айниқса, Украина, Россиянинг марказий ҳудудларида ҳамда Қозоғистон шимолида кучли очарчиликлар содир бўлади ва оқибатда миллионлаб инсонлар ўлиб кетади.

Очарчилик

1928 йилдан бошлаб ўтказилган коллективлаштириш 1931 йилга келиб ўзининг салбий оқибатларини кўрсата бошлайди. Қишлоқларда яшаётган миллионлаб инсонлар сургун қилингач, қолган одамларда ҳам совет ҳукуматига нисбатан кучли нафрат уйғонади.

Ахир кимга ҳам ер-мулки ҳамда уйидаги чорва молларининг тортиб олиниши ва колхозга қўшиб юборилиши ёқарди. Шу сабабли 1931 йилда мамлакат бўйлаб мўлжалдаги ғалла ҳосили олинмайди.

Боз устига, ўша йили ҳосилнинг катта қисми кузда экиш учун олиб қўйилади. Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимият вакиллари режани бажариш баҳонасида деҳқонлар қўлидаги барча донни тортиб олади.

Маҳаллий ҳукуматларнинг режани камайтириш ҳақидаги илтимоси Москва томонидан рад этилади. Масалан, қозоғистонликлар 1931 йилда Сталиндан буғдой тайёрлаш режасини 75 миллион пуддан 50 миллионгача туширишни сўрайди, аммо Сталиндан «мунозара қилмаслик ва ишлаш керак»лиги бўйича жавоб олади.

Коллективлаштириш пайтида деҳқонлардан донни шунақа йўл билан тортиб олишган

Худди шундай ҳолат Украина билан ҳам юз беради. 1932 йилда Украина коммунистик партияси раҳбарияти ҳам Москвага режани бироз камайтиришни илтимос қилади. Бироқ Сталин бунга ҳам рози бўлмайди, аксинча, давлат мулкига зарар етказиш ва бошқа ишларга бефарқ қарашни аёвсиз жазолаш бўйича қарор қабул қилинади.

Ўша илтимосдан сўнг Украинада халқни аёвсиз жазолашга ўтишади ва колхоз мулкини талон-торож қилиш»да айблаб, кўплаб одамларни ҳибсга олишади. Уларнинг асосий қисми қамалади, 2 110 киши эса ўлим жазосига ҳукм қилинади.

Оқибатда 1932 йил баҳорига чиқиб мамлакатнинг турли ҳудудларида очарчилик бошланади. Очарчилик икки йил давом этади ва 1933 йилда ҳам миллионлаб егулик топа олмаган одамлар ҳалок бўлади.

Жумладан, Украина, Белоруссия, Россиянинг марказий ҳудудлари, Шимолий Кавказ, Урал, Волгабўйи, Жанубий Урал, Жанубий Сибир ва Қозоғистонда (Қозоғистон ўша пайтда РСФСР таркибида бўлган) мислсиз очарчиликлар юзага келади. Оқибатда мамлакат бўйлаб бир неча миллион одам ҳалок бўлади.

Жумладан, Украинада содир бўлган очарчиликда қарийб 4 млн, Қозоғистонда эса расмий маълумотларга кўра 1 млн 250 минг, норасмий маълумотларга кўра 3-4 млн одам ҳалок бўлади.

Қозоғистонда содир бўлган очарчиликда асосан республиканинг марказий, ғарбий, шарқий ва шимолий қисмида яшовчи одамлар нобуд бўлади. Қозоғистон жанубида яшовчи одамлар эса Ўзбекистонга қочиб келиб жон сақлаб қолади.

Норасмий маълумотларга кўра, ўшанда Ўзбекистонга ярим миллиондан 1 миллионгача одам нон қидириб келган ва уларнинг асосий қисми очарчилик йиллари тугагач ўз юртига қайтиб кетган. Уларнинг бир қисми Ўзбекистонда яшаб қолган.

Коллективлаштиришдан сўнг келиб чиққан очарчиликда кўпалб инсонлар ўлиб кетган

1932-1933 йилларда Белоруссияда расмий маълумотларда 67 минг, норасмий маълумотларда бир неча юз минг, Россиянинг турли ҳудудларида эса 2-3 миллион одам нобуд бўлгани айтилади.

Очарчилик содир бўлган жойлар экин экиб ҳосил олиш бўйича энг унумдор тупроқларга эга ҳудудлар эди. Коллективлаштириш учун олиб борилган аёвсиз кураш ва кескин сиёсат бутун бошли қишлоқ хўжалигини издан чиқаргани учун ўша жойларда одамлар егулик топ олмай қолади.

Голодомор

Бугун Украина ҳукумати 1930-йиллар бошларида бўлиб ўтган очарчиликдан энг кўп жабрланган миллат эканини айтади. Украиналиклар «голодомор» совет тузумининг украин халқига нисбатан амалга оширган геноциди, деб ҳисоблайди.

Украинага Виктор Юшченко президентлик қилган даврда мамлакат хавфсизлик хизмати очарчиликка доир 5 мингдан ошиқ ҳужжатни архивдан чиқаради.

Кўп ўтмай Киевда очарчиликдан нобуд бўлган инсонлар хотираси учун махсус комплекс ва ёдгорлик барпо этилади. Ҳозирда у жой хорижий делегациялар ташриф буюрадиган жойга айланган.

Ҳатто 2008 йилда ўша пайтда Россия президенти бўлган Дмитрий Медведев Виктор Юшченкога мурожаатнома эълон қилиб, «голодомор» нафақат Украинада, балки бошқа собиқ иттифоқ республикаларида ҳам жиддий талафотлар келтирганини таъкидлаган.

2010 йилда Украина бошқарувига келган кремлпараст раҳбар Виктор Янукович эса уни СССР халқлари учун умумий фожиа деб атайди.

Украинада юз берган очарчилик кўлами жуда катта бўлиб, ўшанда оч қолганлар одамларни ейишга мажбур бўлган. Кейинчалик очарчилик гувоҳлари одамлар ўз фарзандлари ёки қўшниларининг болаларини ейишга мажбур бўлгани ҳақида гапириб берган.

Очарчиликдан энг кўп украиналиклар жабрланган

Маълумотларга кўра, ўша пайтда 2 500 дан ошиқ киши каннибализмда айбланиб жавобгарликка тортилади. Украиналик олим Василий Марочкога кўра, мазкур даҳшатли жараён 1933 йилнинг иккинчи ярмида айниқса кучайиб кетган.

Очарчиликнинг демогарфияга кўрсатган таъсири

1928 йилдан бошлаб коллективлаштириш учун фуқароларга нисбатан кенг кўламли қатағонлар бошланар экан, сургун қилинганлар, қамалганлар ва ўлдирилганлар ҳисобига айрим ҳудудларда аҳоли сони камая бошлайди.

1931 йил кузда очарчилик бошланар экан, аҳоли сони кескин камайишга ўтади ва бу ҳол 1939 йил сўнгигача давом этади.

Бунинг устига тирик қолган одамлар ҳам зўрға кун кечиргани учун туғилиш кўрсаткичлари ҳам пасайиб кетади. Оқибатда очарчилик ҳукм сурган ҳудудларда аҳоли сони кескин камайиб кетади.

Масалан, расмий маълумотларга кўра, 1926 йилда Қозоғистон аҳолиси қарийб 4 млн нафар бўлган. Очарчиликдан сўнг унинг ярми қолгани айтилади. 1939 йилда Қозоғистонда 2,9 млн одам бўлган.

Норасмий манбаларга кўра, 1930 йилда Қозоғистон аҳолиси 5-6 млн нафар бўлган, 1933 йилда уларнинг сони 2,5-3 млн нафарга тушиб қолган.

Очарчиликда асосан қозоқ халқи жабр чеккани ва камайиш асосан шу миллат ҳисобидан бўлгани айтилади. Чунки очарчиликдан сўнг шарқий ва шимолий Қозоғистонда қозоқлар сони 60 фоизгача камайиб кетади. Қозоқ миллати сони 1970 йилга келиб очарчиликдан аввалги миқдорга етади.

Фақатгина XX аср охирида қозоқ миллати яна доминант миллатга айланади.

Турли манбаларда очарчиликда ҳалок бўлганлар ҳақида, уларнинг сони бўйича турли маълумотлар берилган. Масалан, Британник энциклопедиясида СССРда очарчилик туфайли 5 млн одам ҳалок бўлгани ва уларнинг 4 миллиони украинлар экани ёзилган.

Киевда очарчилик қурбонлари учун ўрнатилган ёдгорлик

Брокгауз энциклопедиясида эса очарчилик йилларида СССРда 4 миллиондан 7 миллионгача одам ҳалок бўлгани ва уларнинг асосий қисмини украиналар ташкил этиши айтилади.

Маълумот учун, Украинада содир бўлган очарчиликни 31 та давлат советларнинг украин халқига нисбатан содир этган геноциди деб тан олган.

Агар қозоқ манбаларига, тарихий тадқиқотларга қаралса, очарчилик Қозоғистон аҳолисининг ва қозоқ халқининг кескин камайиб кетишига сабаб бўлган.

Айрим қозоқ тарихчилари агар очарчилик содир бўлмаганда бугун Қозоғистонда қозоқлар 10 миллиондан ошиқ эмас, балки 30 млн атрофида бўлишини ёзади.

Шунингдек, рус тарихчилари ҳам Россия марказида рус аҳолининг камайиб кетишига очарчилик сабаб бўлганини айтади. Яъни ҳар миллат ўзини кўпроқ жабр кўрган деб ҳисоблайди.

Аслида эса 1931-1934 йиллар орасида бўлиб ўтган очарчиликдан СССРда яшовчи барча миллатлар жабрланган. Жумладан, ўзбекистонликлар ҳам.

 

 

Ўзбекистондаги вазият

Очарчилик муаммоси табиийки Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаган. Собиқ совет давлатининг таниқли арбобларидан бўлган Турор Рисқулов шундай ёзган эди: «Туркистондаги очарчилик чоризм эксплуататорлик фаолияти қолдирган мерос ва маҳаллий хўжалик юритиш шаклларининг қолоқлиги туфайлидир».

Ўша пайтда Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа республикаларида ҳам одамлар нобуд бўлган. Бошқа ҳудудлар билан солиштирганда ўлганлар сони кам бўлгани учун асосий урғу Россия, Украина ва Қозоғистондаги очарчиликка урғу кўп берилади.

Қозоғистонда очарчилик қурбонларига ўрнатилган ёдгорлик

Октябр инқилобига қадар ҳам пахтага кенг ер ажратилиб, ғаллани Россиядан ташиб келтиришга асосланган иқтисод инқилобдан кейин жиддий етишмовчиликка учрайди. Пахтанинг харид нархлари камаяди, ғалланинг баҳоси эса кескин ошиб кетади.

Вазият ўта қалтислиги туфайли 1933 йил мартида Ўзбекистон компартияси бош котиби Акмал Икромов Сталинга телеграмма йўллашга мажбур бўлади. Унда ғалла муаммоси ҳал қилинмас экан, пахта етиштиришга ҳам путур етиши ҳақида гап боради.

Бу даврнинг ўзига хос хусусияти шундаки, ҳудуд аҳолиси шу пайтгача истеъмол қилишга ўрганмаган картошка, помидор каби сабзавотларни ҳам ея бошлайди ва энди улар овқат рационига қатъий кириб боради.

Шу билан аҳвол ўн йиллар давомида ўнгланмайди ва оғир вазият Иккинчи жаҳон урушига уланиб кетади. Қатор ҳудудларда очарчилик ҳатто Иккинчи жаҳон урушидан кейин ҳам бир неча йил давом этган.

Умуман олганда Ўзбекистонда 1950-1955 йилларга келиб одамларнинг қорни нонга тўя бошлаган. Унгача уруш тугаган бўлса ҳам унинг асоратлари бўлган.

Шунингдек, Москва мамлакатнинг вайрон бўлган ғарбий қисмини қайта тиклаш баҳонасида Ўзбекистонда етиштириладиган маҳсулотларнинг охирги донасигача ташиб чиқиб кетган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид