Британия ҳукумати ортиқча вазнли ишсизларга оздирувчи укол таклиф қилмоқчи
Буюк Британия Соғлиқни сақлаш вазирлиги семизлик ташхиси қўйилган ишсизларга вазн камайтирувчи укол таклиф қилиш режаларини эълон қилди. Шу тариқа уларга ишга қайтишга ёрдам берилади ва пировардида мамлакат иқтисодиётининг ўсиши тезлаштирилади.
Гап организмдаги ёғни эритувчи дори ишлаб чиқарадиган дунёдаги энг йирик компаниялардан бири Lilly’нинг 280 миллион фунт стерлинг миқдоридаги сармояси ҳақида бормоқда. Компания таъкидлашича, дастур ўз маҳсулотларининг клиник бўлмаган таъсирлари: меҳнат бозорига, иқтисодиёт унумдорлигига ва соғлиқни сақлаш тизимига таъсирини аниқлашга имкон беради.
Ўз навбатида соғлиқни сақлаш вазири Уэс Стритинг дориларнинг янги тоифаси семизлик муаммосига жиддий зарба бериши ва Британияни меҳнатга ундашига ишонмоқда.
“Биз, мамлакат сифатида, кўп овқатланяпмиз, соғлом овқатларни кам истеъмол қиляпмиз ва жисмоний фаолият билан ҳам кам шуғулланяпмиз. Бунинг оқибатлари аниқ — кам соғлик ва қисқа умр”, — деди вазир Daily Telegraph’га ёзган мақоласида аҳоли саломатлигининг ташвишли ҳолатини тасвирлаб.
“Кенгайиб бораётган беллар соғлиқни сақлаш тизимимизга ҳам оғир юк бўлмоқда, бу йилига 11 миллиард фунт стерлинг зарар келтиради — ҳатто чекишдан ҳам кўпроқ. Оқибатда, иқтисодиётимиз оқсаб бормоқда. Семизлик билан боғлиқ касалликлар одамларни йилига ўртача тўрт кун қўшимча касаллик варақасини олишга мажбур қилмоқда, кўпчилик умуман ишлолмай қолди”, — дейди Уэс Стритинг.
Муаммо кўлами катта
Буюк Британия ҳукумати вакилининг айтишича, семизлик саратон касаллигининг олдини олса бўладиган иккинчи энг катта сабаби. Шунингдек, у одамларнинг тўлақонли ишлашига тўсқинлик қиладиган саломатлик муаммоларига олиб келувчи асосий омиллардан бири саналади.
Ҳукуматнинг йирик фармацевтика компаниялари билан ҳамкорлиги семизлик муаммосидан азият чекаётган одамлар учун узоқ муддатли натижаларни яхшилайдиган янги технологик ютуқлар даврини бошлаб беради, деган умидлар мавжуд.
“Миллатимиз саломатлиги олдида турган барча муаммоларга қарамай, қўлимизда иккита катта устунлик бор: дунёдаги етакчи илмий билимларга эга олимларимиз ва улкан салоҳиятли Миллий соғлиқни сақлаш хизматимиз. Агар бу икки омилни бирлаштирсак, мамлакатимиздаги беморлар кўз ўнгимизда ривожланаётган тиббиётдаги инқилобдан фойдаланиши мумкин”, — дейди ҳукумат вакили.
Бозорда вазн йўқотиш учун энг самарали инекция деб аталадиган Mounjaro (Ozemic аналоги) дори воситасининг муваффақиятли синовлари семизларни ишга қайтариш бўйича Стритинг режаси учун муҳим аҳамиятга эга. Дастлабки синовлар ўтказиладиган жой сифатида Катта Манчестер танланди.
Рақамларга кўра, семизлик ҳозирда мамлакат иқтисодиётига йилига 3,2 миллиард фунт стерлингга тушади, зарарнинг қарийб ярми меҳнат унумдорлиги пасайишидан келиб чиқмоқда.
Мавзуга оид
00:10 / 25.12.2024
Сунъий интеллект диабет ривожланиш хавфини ўнлаб йиллар олдин аниқлашга ёрдам беради
03:11 / 24.12.2024
Британия дронларга қарши янги турдаги радиочастотали қуролни синовдан ўтказди
18:56 / 22.12.2024
Британиялик ҳарбийлар оммавий равишда армиядан кетишни бошлади
21:42 / 19.12.2024