АҚШ Исроилга муҳлат берди. Яқин Шарқ тақдирида ҳал қилувчи ой бошландими?
Яқин Шарқ драмаси давом этади, агар Исроил Ғазога гуманитар ёрдамни кучайтирмаса АҚШ иттифоқдошига қурол экспортини чеклаш билан таҳдид қилди. Бироқ Вашингтон шунга қарамай Тел-Авивга ракеталар ҳужумига қарши мудофаа тизимларини жойлаштиряпти. Эрон ва Исроилнинг ўзаро риторик таҳдидлари даражаси эса ортиб боряпти. Kun.uz “Геосиёсат”да Яқин Шарқдаги вазиятни экспертлар Шавкат Икромов ва Нурислом Аҳмаджонов билан таҳлил қилди.
АҚШ Исроилни огоҳлантириб 1 ой муҳлат берди, Яқин Шарқ тақдирида ҳал қилувчи ой бошланди дейиш мумкинми?
2023 йил 7 октябрдан бери Исроил ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни инобатга олиб, бу ҳам бир риторик босим бўлиши мумкин дея оламан, деган фикрларни келтиради таҳлилчи Шавкат Икромов. “Чунки АҚШ Исроилда қайтадан қуроллантириш ва мудофаа ишларини олиб бормоқда. Бу ҳам АҚШнинг кейинги ойда ҳам Исроилни қўллаб-қувватлашига ишора. Байден ҳокимиятга келган даврдан токи ҳукуматининг охирги кунларигача Исроилни қўллашга ҳаракат қилмоқда, аммо Нетаняҳу Байденнинг назоратидан чиқиб кетиб, унга бўйсунмай қўйди. Ҳозир Нетаняҳу ва Байден ўзаро маслаҳатлашмай қўйишди ҳам. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда бу ҳам амалий самара бериши қийин жараён”.
Исроил танклари БМТ базаларига киришидан аниқ мақсад нима?
Таҳлилчи Шавкат Икромов БМТ кучларининг 1978 йил Араб-Исроил уруши даврида жойлаштирилганини ва улар урушларнинг олдини олиш ишларига сафарбар қилинганини таъкидлади. Шунингдек, уларнинг барчаси ҳам ҳарбий аскар ёки ҳарбийлардан иборат эмаслиги айтиб ўтилди. “Улар Ливан томонда ёки Исроил томонда туриб жанг қилиши мумкин эмас. Лекин Нетаняҳу ушбу кучлар “Ҳизбуллоҳ” билан келишиб олиб ўз вазифасини бажара олмаяпти деган даъво билан чиқмоқда. БМТ эса бу даъволарни рад этиб, қўшин олиб чиқиб кетилмаслигини таъкидламоқда. “Ҳизбуллоҳ” билан бўлган жангдан кейин Исроил қўшинлари яраланган исроиллик аскарларни олиб чиқиб кетиш учун БМТ базаларига кирганини изоҳлаган, аммо Исроилнинг иттифоқчиси Италия ҳам бу жараён бузиб кириш бўлгани ва Исроил бунга жавоб бериши кераклигини таъкидламоқда. Аслида ҳам бу бузиб кириш ҳолати менимча. 2023 йил октябрдан бери Исроил халқаро ҳуқуқ нормаларини бузиб келмоқда ва Нетаняҳу АҚШ бошқарувидан ҳам чиқиб кетди. Энди Нетаняҳуни фақат ўзигина тўхтата олади”.
Эроннинг нефт омборларига ҳужум қилиниши қандай глобал оқибатларга олиб келади деган саволга эксперт Нурислом Аҳмаджонов атрофлича жавоб беради: “ Эрон уруш ичида бўлса ҳам, бу унинг нефт экспортига деярли таъсир кўрсатмаяпти. Буни Эроннинг асосий нефт экспорт қилувчи ҳамкори Хитой билан алоқаларида кўриш мумкин. Бу ҳозирча барқарор ўринларда кетмоқда. Байден яқинда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига нефт нархининг ошиб кетиш масаласи муаммо туғдирмаслиги учун ҳам телефон орқали Нетаняҳу билан суҳбатлашиб, Эрондаги нефт базаларига ҳужум қилмасликни юмшоқлик билан тушунтириб ўтди. Исроил ҳукумати эса давлат манфаатларига мос келмаган ҳар қандай ҳолатда кескин ҳужум уюштириши мумкинлигини айтди. Исроил Эроннинг дунё ҳамжамиятига нефт етказиб берувчи базаларига эмас, ички базаларига зарба беришни режалаштирган бўлиши мумкин. Форс кўрфазида жойлашган Қузистон вилоятидаги Харк оролида энг катта нефт захиралари тўпланган. Эроннинг 90 фоиз нефт захираси шу ерда жойлашган. Исроил бу ҳудудга эмас, Ободон нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилиши мумкин. Чунки бу завод Эроннинг ички нефтни қайта ишлаш базаси ҳисобланади. Эроннинг ядровий масалалар бўйича агенти Беҳруз Навалан Эрон бу каби ҳужумларга тарихан дуч келгани ва ўзини тезда ўнглаб олганини таъкидлади. Ҳақиқатан 1980-1988-йилларда Эрон-Ироқ уруши даврида ҳам айнан Харкдаги нефт базаларига ҳужум уюштирилган. Аммо Исроил Хурмуз бўғозидаги нефт каналини ёпиб қўйиши ва бу орқали Хитойга Эрон томонидан нефт экспортининг амалга оширилишига тўсқинлик қилиши мумкин. Аммо Эрон бу борада ҳам экспорт йўлларини топиши мумкин. Бу эса ўтган ҳафтада Уммон ва Бангладешга нефт танкирларини юборгани билан белгиланади”.
Шавкат Икромов эса Исроилнинг ҳозирги шароитда Эрондаги нодавлат ташкилотлари билан уруш олиб бораётганини инобатга олиб, катта кўламдаги уруш ҳаракатларини олиб бориш эҳтимоли кам деган фикрни айтиб ўтади. Шунингдек, Исроилнинг қақшатқич зарба бериш ҳақидаги фикрлари риторик гаплигича қолиши мумкинлиги, бу зарба Эрондаги гуруҳларнинг етакчиларига йўналтирилган бўлиши мумкинлиги ҳам таъкидланади. “Исроил Эроннинг ички нефт тармоқларини ишдан чиқариш учун ҳужум уюштириши мумкин, аммо Эрон бу каби сценарийларга дош бера олади ва ўзини тиклаб олади. Исроил Хурмузга ҳужумни амалга ошириб, кўплаб кўрфаз давлатлари иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли ҳам Исроилни бундан қайтариб турувчи кучлар анчагина”.
Воқеалар кўлами шундай тус олар экан, Эрон-Ислом корпусининг собиқ котиби Иброҳим Рустамий уларда ядродан ҳам кучлироқ қурол бор деган фикрни айтган. Балки улар ғоявий кучларни назарда тутган. Бунга таҳлилчи Нурислом Аҳмаджонов қуйидагича фикр билдиради:
“Агар Эроннинг нефт базаларига Исроил томонидан ҳужум уюштирилса, Эронда ядровий қуролдан ҳам каттароқ бошқа қурол борлиги шунчаки Утопия бўлиши мумкин ва бу ҳаракатлар душманни чўчитиш учун қилинаётган ҳаракатлар деб айтиш мумкин”. Бу масалага Шавкат Икромов ҳам риторик гап сифатида баҳо беради ва Исроил ва АҚШ ҳозирда кенг кўламдаги урушга тайёр эмаслигини таъкидлайди. Америка Исроилга ҳаводан мудофаа тизимларини юборяпти. Бу Исроилнинг “Мовий гумбаз” ҳимоя тизими ишдан чиққанини билдирадими ёки Эрон билан урушга тайёргарликми деган саволга Шавкат Икромов АҚШ бу ишни Исроилнинг ёнида иттифоқчи эканини кўрсатиб қўйиш учун қилмоқда дейди. Шунингдек “Мовий гумбаз” ҳимоя тизими бугунги кунда 100 фоизлик потенциал билан ишламоқда. Ундан кучлироқ мудофаа тизими ҳали ишлаб чиқилмади. АҚШ Исроилга мудофаа тизимларини қайтадан юборишига сабаб Байден президентлик ваколатининг сўнгги кунларида ҳам Исроилни қўллаётганини барчага кўрсатиш учун бу ишни қилмоқда”.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
18:12
Байден ўлимга ҳукм этилган 37 нафар маҳбуснинг жазосини енгиллаштирди
17:17
АҚШ рекорд миқдордаги Ўзбекистон фуқароларини депортация қилди
17:01
Трамп Панама каналини олиб қўйиш билан таҳдид қилди
12:54