Жаҳон | 21:42 / 18.10.2024
5202
2 дақиқада ўқилади

Исроил армияси Яҳё Синварни танкдан ўққа тутиб ўлдирилганини маълум қилди

ҲАМАС етакчиси бино ичига қочиб кирганидан сўнг, Исроил армияси танки уни ўққа тутган.

Фото: DPA

Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) ҲАМАС етакчиси Яҳё Синварнинг ўлдирилиши акс этган янги тасвирларни эълон қилди. Кадрларда кўчада турган танк икки қаватли бинонинг юқори қаватига қарата ўқ узганини кўриш мумкин. Портлаш оқибатида деворлар вайрон бўлган. Видео бино устида учаётган дрондан олинган.

ЦАҲАЛ томонидан эълон қилинган аввалги видеода дрон Яҳё Синвар яширинган бинога учиб киргани акс этган эди. Кадрларда ярадор Синварнинг креслода ўтиргани кўринади. У бир қўлини кўтаролмайди, бошқаси билан Исроилнинг дронига қарата таёқ отади, лекин у тегмайди.

Исроил армияси хабарига кўра, Синвар ҳудудда рейд ўтказаётган ҳарбийлар томонидан тасодифан топилган. Шу билан бирга, Синварнинг мерганнинг отиши ёки танкдан ўққа тутилиб ўлдирилгани борасида ҳам келишмовчиликлар бор эди. Кейинроқ ЦАҲАЛ матбуот котиби Анна Уколова унинг танкдан отилган ўқдан ҳалок бўлганини айтди.

«Олдин отишма бўлди. Синвар бошқа уйга қочди, уни дрон пайқаб қолди. Шундан сўнг уй танкдан ўққа тутилди», деди у. Шундан сўнг исроиллик ҳарбийлар уйни бошқа жангарилар бор-йўқлигини текшириш учун боришди. У ерда улар Синварнинг жасадини топиб, «у эканини англаб етишди».

Кейинчалик ҲАМАС ўз етакчисининг ўлимини тасдиқлади.

Мавзуга оид