Жаҳон | 08:50 / 22.10.2024
4904
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Сеул Украинага разведка ходимларини юбориши мумкин

Newsweek нашрининг ёзишича, Жанубий Корея ҳукумати ва ҳарбийлари «Украинага КХДР бўйича ихтисослашган разведкачиларни юбориш режасини кўриб чиқмоқда».

Фото: Getty Images

Жанубий Корея ҳукумати ва ҳарбийлари Украинага шахсий таркибни, жумладан разведка ходимлари ва Шимолий Корея тактикаси бўйича мутахассисларни «жўнатиш режасини кўриб чиқмоқда». Бу ҳақда Newsweek журнали 21 октябр, душанба куни Жанубий Корея разведкасига таяниб хабар берди. Жанубий Кореянинг NewsPim медиа компанияси ҳам эҳтимолий режалар ҳақида хабар берди.

Newsweek нашрининг аниқлик киритишича, агар Шимолий Корея аскарлари Украина қўшинлари томонидан асирга олинса, Украинадаги Жанубий Корея ходимлари сўроқ ўтказади ёки таржима қилади. Шунингдек, ходимлар Киевга Шимолий Кореянинг ҳарбий тактикаси, доктринаси ва операциялари ҳақида маълумот беради, дея қўшимча қилди нашр.

Корея Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳам 21 октябр куни бўлиб ўтган брифингда Украинага қурол-яроғ етказиб бериш чораларини кўриб чиқиши ва бу борада «очиқ позиция» сақлаб туришини маълум қилди. Шу пайтгача Сеул Киевга Россия Федерацияси билан урушда фақат гуманитар ёрдам кўрсатган.

Киев иттифоқчилари КХДР ҳарбийлари РФда экани ҳақидаги хабарларга баҳо берди

Пентагон ҳозирча Жанубий Корея разведкасининг Шимолий Корея қўшинлари Украинада жойлаштирилиши учун Россияга ўтказилгани ҳақидаги хабарларини тасдиқлай олмайди. 19 октябр куни АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остиннинг сўзларини Reuters агентлиги келтирди.

Шу билан бирга, Остиннинг қўшимча қилишича, агар тасдиқланса, бу қадам Вашингтонда хавотир уйғотади.

Берлин Россия ва Шимолий Корея ўртасида, масалан, қурол-яроғ етказиб бериш бўйича тобора яқинроқ ҳарбий ҳамкорлик кузатилаётганини таъкидлади. 19 октябр куни Германия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Reuters агентлигига: «Бу жиддий ташвиш уйғотади» деди.

Шимолий Корея қўшинларининг Россия Федерациясига юборилиши ҳақидаги хабарларни изоҳлар экан, у шундай деди: «Биз бу борадаги сўнгги хабарларни ҳам катта ташвиш билан кузатиб борамиз».

Шимолий Корея мунтазам қўшинларининг Россия Федерациясини қўллаб-қувватлашга жалб этилиши урушнинг жиддий авж олиши бўлади, деди Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро ва унинг украиналик ҳамкасби Андрей Сибига 19 октябр куни Киевда ўтказилган қўшма матбуот анжуманида.

«Бу жиддий (қадам) ва можарони янги босқичга, қўшимча авж олиш босқичига олиб чиқади», деди Барро Киевга бу лавозимдаги биринчи ташрифи чоғида. У бу ҳолат Москва урушда қийинчиликларни бошдан кечираётгани ҳақида сигнал бўлишини қўшимча қилди.

Мавзуга оид