Жаҳон | 14:30 / 23.10.2024
1619
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Украина учун маблағ доирасида 18 млрд евро ажратишга тайёр

Германия Молия вазирлиги раҳбари Европа Иттифоқи Киевга 18 миллиард евро ажратишига ишора қилди ва Вашингтонга тахминан 20 миллиард доллар юборишга тайёрлиги учун миннатдорчилик билдирди.

Фото: Shutterstock

Европа Иттифоқи Украина учун халқаро кредит доирасида тахминан 18 миллиард евро ажратишга тайёр. Бу ҳақда Германия молия вазири Кристиан Линднер 22 октябр, сешанба куни Ню-Йоркка ташрифи чоғида айтиб ўтди.

«Биз бу ҳафта Украинани қўллаб-қувватлаш борасида муваффақиятга эришиш арафасидамиз», — дея Линднер сўзларини келтирган dpa агентлиги.

Германия Молия вазирлиги раҳбари Вашингтоннинг ҳиссаси тахминан 20 миллиард долларни (тахминан 18,5 миллиард евро) ташкил этиши мумкинлиги учун АҚШга миннатдорчилик билдирди.

Июн ойида «Катта еттилик»нинг барча давлатлари гаров сифатида Ғарб мамлакатларида музлатиб қўйилган Россия активларидан тушган маблағлардан фойдаланган ҳолда йил охиригача Украинага умумий қиймати 50 миллиард доллар (46 миллиард евро) миқдорида кредит беришга тайёрлигини тасдиқлади.

АҚШ Украинага 20 млрд долларлик ёрдам юборишни режалаштирмоқда

Қўшма Штатлар ўзини Россиядан ҳимоя қилаётган Украинага 20 миллиард доллар (конвертация қилинганда: 18,5 миллиард евро) миқдорида молиявий ёрдам кўрсатишни режалаштирмоқда. «Катта еттилик»нинг 50 миллиард долларлик ёрдам пакетига шартли равишда 20 миллиард доллар ҳисса қўшишимиз мумкинлигини айтмоқчиман», дея 22 октябр куни АҚШ молия вазири Жанет Йелленнинг сўзларидан иқтибос келтирган dpa.

Бу Россия Марказий банкининг музлатилган активларидан тушган даромаддан Украинага 50 миллиард доллар ажратиш бўйича «Катта еттиликка» аъзо давлатлар июн ойида эришган келишувга ишора қилади.

Йелленнинг аниқлик киритишича, Киевга Америка ҳукумати томонидан қўшимча ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қарор «99 фоизга қабул қилинган». Бу борадаги якуний қарор шу ҳафта охиригача қабул этилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, АҚШ молия вазири Украинага ушбу молиявий ёрдам кўрсатиш юки америкалик солиқ тўловчиларга тушмаслигини таъкидлади. «Бу ёрдам учун Россия тўлайди», деди Жанет Йеллен.

Мавзуга оид