Жаҳон | 13:10 / 24.10.2024
3719
3 дақиқада ўқилади

Лукашенко Мария Колесниковани афв этиш ҳақида ўйлаб кўришга тайёр

Александр Лукашенко беларуслик фаол Мария Колесникова бундай илтимос билан мурожаат қилса, уни афв этиш масаласини кўриб чиқишга қарши эмаслигини айтди.

Фото: RAMIL NASIBULIN/Scanpix

Беларусь раҳбари Александр Лукашенко сиёсий маҳбуслар, жумладан Мария Колесникованинг афв этиш ҳақидаги илтимосларини кўриб чиқишга тайёр. Бу ҳақда у Қозондаги БРИКС саммити чоғида BBC мухбири Стивен Розенбергга берган интервюсида айтиб ўтди. Суҳбатдан парчаларни Лукашенко матбуот хизмати 23 октябр, чоршанба куни тақдим этди.

«Бизда қонун бор: киши ўз айбини англаб, (кўплаб бошқа мамлакатларда бўлгани каби) кечирим сўраб, президентга мурожаат қилса, буни кўриб чиқамиз. Колесникова билан ҳам шундай», — деди Лукашенко. Шу билан бирга, у Розенберг нима учун унга Колесникова ҳақида савол берганига ҳайрон бўлди, Лукашенконинг сўзларига кўра, «агар у ерда миллион киши ўтирган бўлса, у ерда ҳамма одамлар бир хил».

Журналистнинг эслатишича, сиёсий маҳбус колонияда изоляция қилинган ва ҳатто оила аъзоларига ҳам уни кўришга рухсат берилмаган. Бунга жавобан Лукашенко Колесникованинг отаси «рухсат сўраганида» у билан кўришишга рухсат берганини ва агар бошқа қариндошлари ва дўстлари Колесникова олдига боришни истаса ва буни сўраса, бу илтимос кўриб чиқилишини айтди. Бироқ, фаолнинг оиласи, унинг фикрича, у билан учрашишни истамайди.

Беларус раҳбари, шунингдек, бир неча кун олдин бош прокурор Андрей Швед бошчилигидаги комиссияга ахлоқ тузатиш органлари билан биргаликда сиёсий айбловлар билан судланганлар ишини ўрганиш топширилганини айтди. Лукашенконинг таъкидлашича, у «тартибни тушунган ва уни бузмаган, ўзини муносиб тутган» одамларга нисбатан афв этиш масалаларини кўриб чиқишга мойил.

Беларусда мухолифатчиларга қарши янги йирик иш очилди

Беларус Тергов қўмитаси (ТҚ) мамлакат раҳбари Александр Лукашенконинг мухолифларига қарши янги йирик жиноий иш қўзғатди. Унда 45 киши иштирок этяпти, уларнинг мол-мулки хатловга олинди, дея хабар қилди Тергов қўмитаси матбуот хизмати 8 октябр куни эрталаб.

Иш август ойида Вилнюсда бўлиб ўтган «Янги Беларус» конференциясида Беларус демократик кучлари томонидан қабул қилинган «Платформа 2025» ҳужжати юзасидан қўзғатилган. Унда айтилишича, Лукашенко «жиноий равишда ҳокимиятни сақлаб қолди», Беларус давлат тузилмалари сайловлар ўтказиш учун қонуний эмас ва «Платформа 2025»нинг асосий вазифалари «сиёсий маҳбусларни озод қилиш ва Беларусдаги репрессияларни тугатиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш»дир.

Беларус Тергов қўмитаси ишда қатнашаётганларни «2025 йилги сайловларни бузиш режасини ишлаб чиқишга уринишда» айбламоқда. «Платформа 2025» конституциявий тузумга тажовуз қилиш, ички ишларга четдан аралашиш, мамлакатимизнинг миллий манфаатларига зид сиёсий йўналишни жорий этиш, ахборотга бузғунчи таъсир кўрсатиш, сайловолди ташвиқотини обрўсизлантириш ёки бузиш, кескинлик ва қарама-қаршиликни кучайтириш мақсадида яратилган», деб даъво қилмоқда тергов.

Мавзуга оид