Ўзбекистон | 14:14 / 24.10.2024
2312
2 дақиқада ўқилади

Пойтахт дренаж тизимини яхшилаш учун 6 млрд сўм ажратилди

Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан ёғингарчиликда сув тошқинлари билан боғлиқ қурилиш-таъмирлаш ишлари учун “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясига 6 млрд сўм йўналтирилади. Аввалроқ давлат раҳбари пойтахтнинг дренаж тизими ишига қатъий эътироз билдирганди.

Фото: Kun.uz

Пойтахт ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг 22 октябрдаги қарори билан Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг 2024 йил III чорак якунлари бўйича орттириб бажарилган қисми ҳисобидан шаҳар дренаж тизимини яхшилаш учун 6 млрд сўм ажратилди.

Қайд этилишича, пуллар ёғингарчиликлар даврида сув тошқинлари билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясига тақсимланади.

Шунингдек, ҳужжатда дренаж тизими учун Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг 2024 йил давомида шаклланган қўшимча манбалари ҳисобидан 20 млрд 400 млн сўм ажратилгани таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, яқинда давлат раҳбари кучли ёмғир кузатилганидан кейин, жойларда сув тошиш ҳолатларига эътироз қилганди. Президент пойтахтдаги туман ҳокимлари жойига чиқиб, дренаж, яшиллик, ободонлаштириш каби масалаларнинг тепасида туриб ўзи ҳал қилиши шартлигини айтиб ўтганди.

Бу бўйича шаҳар ҳокимлиги йил якунигача мастер-режа қилиб, дренаж тизимини сунъий ҳавзалар билан бирга қуриш бўйича дастур ишлаб чиқадиган бўлганди.

Бундан аввалроқ эса Kun.uz айни мавзуда ҳокимиятнинг Рақамли ривожланиш департаменти директор ўринбосари Камолиддин Файзуллаев билан интервю қилганди. Масъул охирги 30 йилдан бери Тошкентнинг дренаж тизими қаровсиз қолдирилгани, буни 1-2 йилда соз ҳолатга олиб келиш қийинлиги, бу борада туркиялик консултантлар билан ҳамкорликда 25 йилга мўлжалланган мастер режа ишлаб чиқилаётганини билдирганди.

Мавзуга оид