Жаҳон | 22:26 / 25.10.2024
7401
2 дақиқада ўқилади

BRICS давлатларининг умумий пулига зарурат йўқ – Россия Марказий Банки раиси

Элвира Набиуллина сўзларига кўра, BRICS мамлакатларининг технологик даражаси бир хил эмас, шунинг учун ҳам принципиал равишда умумий банкнотага эга бўлишнинг ҳожати йўқ.

Фото: brics-russia2024.ru

BRICS мамлакатлари учун ягона қоғоз пул (банкнота) яратишдан кўра, миллий валюталарда рақамли молиявий активлар ва тўловларни ривожлантириш муҳимроқдир. Бу ҳақда Россия Марказий Банки раиси Элвира Набиуллина маълум қилди.

Набиуллина Қозон шаҳрида бўлиб ўтган BRICS саммитида кўрсатилган умумий пул бирлиги ўзига нега ёқмаганини изоҳлаб, ягона валютани яратиш иқтисодиёт ва молиянинг кўплаб соҳаларида уйғунлашув ва интеграцияни талаб қилувчи ўта мураккаб жараён эканини айтди.

Бундан ташқари, Марказий Банк раиси сўзларига кўра, BRICS мамлакатларининг технологик даражаси бир хил эмас, шунинг учун ҳам принципиал равишда умумий банкнотага эга бўлишнинг ҳожати йўқ.

«Биз, албатта, миллий валюталарда ҳисоб-китобларни ривожлантириш, мамлакатларимиз ўртасидаги савдо ва сармояни осонлаштириш мақсадида турли хил янги технологик ечимлардан, платформали ечимлардан фойдаланишни муҳокама қилмоқдамиз», деб қўшимча қилди Набиуллина.

Аввалроқ, Қозон шаҳрида бўлиб ўтган BRICS саммитида Россия президенти Владимир Путинга ташкилотнинг умумий рамзий банкнотаси кўрсатилган эди. Путин банкнотни қўлига олиб, кулди ва Россия Марказий Банки раиси Набиуллинага узатди. Кейинроқ, банкнота Набиуллинага ёқмагани айтилди.

Мавзуга оид