Жаҳон | 22:30 / 25.10.2024
12649
2 дақиқада ўқилади

Хитойда 17 болани ўғирлаб сотган аёл ўлим жазосига ҳукм қилинди

Жиноятлар 20 йиллик даврни ўз ичига олган, аёлнинг жиноий ҳаракатлари оқибатида 12 оила жудоликка учраган, баъзилари эса бутунлай барбод бўлган.

Фото: CCTV

Хитойнинг Гуйчжоу провинцияси суди 17 нафар болани ўғирлаган Юй Ҳуаинга нисбатан аввалроқ суд томонидан чиқарилган ўлим жазосини тасдиқлади. Бу ҳақда Хитой Олий халқ прокуратураси матбуот хизмати хабар берди. Аёл 1993 йилдан 2003 йилгача бўлган даврда болаларни ўғирлаб, сотган.

China Times газетасининг ёзишича, Юй Ҳуаин аввал ҳам бола савдоси учун судланган. 2004 йилда у жиноят содир этаётганда ҳибсга олинган, аммо ўзини бошқа одам сифатида кўрсатишга муваффақ бўлган. Шунда суд уни 8 йилга озодликдан маҳрум қилган, аммо 2009 йилда жазо муддати 3 йилга қисқартирилган эди.

2022 йилда ўғирлаб кетган қизлардан бири унга қарши даъво аризаси билан мурожаат қилган. Шундан кейин Юй Ҳуаиннинг бутун жиноий тармоғи фош бўлган.

Қайд қилинишича, аёлнинг жиноий ҳаракатлари оқибатида 12 оила жудоликка учраган, баъзилари эса бутунлай барбод бўлган (айрим ота-оналар боласининг фироғида оғир хасталикка учраб, вафот этган). Суд шу сабабли ўлим жазосини қўллаган.

Таъкидланишича, аёл судда айбини тан олган бўлса-да, унинг жазоси енгиллаштирилмаган.

Мавзуга оид