Жаҳон | 09:10 / 26.10.2024
2825
3 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия раҳбари Сербия бош вазири билан учрашувни бекор қилди

Сербия бош вазири ва Россия вазири ўртасидаги музокаралар фонида фон дер Ляйен билан учрашувдан маъно йўқ, деди Европа Иттифоқининг Белграддаги элчиси Эммануэл Жофре.

Фото: Vladislav Culiomza/REUTERS

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги раҳбари Максим Решетников билан учрашувидан сўнг Сербия бош вазири Милош Вучевич билан музокараларни бекор қилди, деди 25 октябр, жума куни AFP'га Европа Иттифоқининг Сербиядаги элчиси Эммануэл Жофре.

Фон дер Ляйен Болқон мамлакатларига сафари доирасида Белградга ташриф буюрди. Пойтахтда у аввалроқ Россиядаги БРИКС саммитига бормаслигини маълум қилган Сербия президенти Александр Вучич билан учрашди.

Сербия бош вазири билан учрашув унинг Россия вазири билан учрашуви ҳақидаги ҳисоботидан кейин бекор қилинди. Сербия ҳукумати веб-сайтида тегишли хабар пайдо бўлди ва кейин ўчирилди. Унда «Сербиянинг Россия Федерацияси билан иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаш нияти» ҳақида сўз боради. Шу нуқтайи назардан, Вучевич билан учрашишдан маъно йўқлигига қарор қилинди, деди Жофре.

Фон дер Ляйен Белградга Босния ва Ҳерцеговинадан келган. У аввал Албания ва Шимолий Македонияга ташриф буюрган. Сербиядан сўнг у Косовога боради ва минтақавий сафарини Черногорияга ташриф билан якунлайди.

Вучич 2,5 йил ичида биринчи марта Путин билан телефонда гаплашди

Сербия президенти Александр Вучич Россия етакчиси Владимир Путин билан деярли икки ярим йил ичида илк бор телефон орқали гаплашди. Вучич суҳбат ҳақида 20 октябр куни Instagramʼда эълон қилди.

«Биз яхши, очиқ, узоқ ва мазмунли суҳбат қурдик», дейди Вучич видеода.

Мулоқотга 1944 йил 28 сентябрдан 20 октябргача Белград Қизил Армия томонидан фашистлардан озод қилинганининг 80 йиллиги сабаб бўлди.

Вучич «Газпром» раҳбари Алексей Миллер орқали Сербияни қишда «етарли газ» билан таъминлашни режалаштираётгани учун Путинга миннатдорчилик билдирди. «Жуда фойдали нархларда», деб қўшимча қилди Сербия президенти.

Россия газини Сербияга етказиб бериш бўйича шартнома муддати 2025 йилнинг мартида тугайди.

Мавзуга оид