Ўзбекистон | 08:50 / 28.10.2024
2225
2 дақиқада ўқилади

Тиббиёт ўқув юртлари қошида янги қўшма таълим дастурлари очилиши мумкин

Малайзия Ўзбекистонда тиббиёт ускуналарини таъмирлаш ва ушбу соҳада мутахассисларни тайёрлаши кўзда тутиляпти.

Фото: "Дунё" АА

Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси раҳбарияти  Малайзиянинг Quantum Medical Solutions (QMS) компанияси бош ижрочи директори Венкатеш Кумар билан учрашди.

Мулоқот чоғида компания раҳбарияти билан Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Венкатеш Кумар компаниянинг узоқ йиллик муваффақиятли тажрибасига таяниб, Ўзбекистонда тиббиёт ускуналарини сақлаш ва уларни таъмирлаш хизматларини кўрсатиш, ушбу соҳада мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш таклифини билдирди.

"Компания Ўзбекистондаги шифохоналарда мавжуд тиббиёт ускуналаридан фойдаланиш муддати ва самарадорлигини оширишга ёрдам бериши мумкин. Шунингдек, мамлакатда тиббий муҳандис мутахассисларни тайёрлашда, яъни уларни Малайзиядаги ҳамкасблари билан бирга бевосита иш жараёнида малакасини ошириш ва шу орқали соҳадаги янги технологияларни ўзлаштиришларига яқиндан кўмаклашади", деди у.

Малайзия томонига мамлакатда компаниянинг тегишли хизматларини ташкил этиш ҳамда тиббиёт ўқув юртлари қошида тиббий ускуна ва жиҳозларини таъмирлаш бўйича мутахассисларни тайёрлайдиган қўшма таълим дастурларини очиш муҳимлиги таъкидланди.

QMS бош ижрочи директори замонавий тиббиёт ускуналарини узоқ муддатли лизинг шартлари асосида Ўзбекистондаги давлат шифохоналар ва хусусий клиникаларга етказиб бериш, уларни мунтазам таъмирлаш ва дастурий таъминотини янгилаб бориш бўйича ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга тайёрлигини маълум қилди.

Мавзуга оид