Ўзбекистон | 10:18 / 02.11.2024
13314
5 дақиқада ўқилади

Чиқиндидан қарздорлар “свет”га тўлов қилолмайди. Масъуллар янги тизим тартибини тушунтирди

Чиқиндиларни бошқариш агентлиги масъулларига кўра, аҳоли орасида чиқинди хизматларига қилинмаган тўловларни камайтириш учун электр энергияси тўловига чеклов ўрнатиш тартиби ишлаб чиқилган. Ушбу амалиёт тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритилиб, “Тоза макон” биллинг тизими ишга туширилгач жорий этилиши кутилмоқда.

Эндиликда чиқиндидан қарзи борлар электр энергиясига тўлов қила олмайди. Қарздорлик сўндирилгач, бу чеклов олиб ташланади. Президентнинг тегишли фармонига кўра, шу йил 1 ноябрдан бошлаб чиқиндидан 3 ой қарздорлиги борлар, 2025 йил 1 январдан эса 1 ой қарздор бўлган фуқаролар электр энергияси истеъмоли учун тўловни амалга ошира олмайди.

Хўш, тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган янги тизим қандай ишлайди? Экология вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги шуни тушунтирди.

Бунинг тартиби қандай ишлайди? 1 июндан [чиқиндидан] қарздорлиги 6 ой, 1 ноябрдан 3 ой ҳамда 2025 йил 1 январдан 1 ойлик қарздорлиги ҳосил бўлган абонентларга шу тизимни жорий қилиш кўзда тутилган. Бунда 2023 йил 31 декабргача бўлган қарздорликка бу тизим татбиқ этилмайди, яъни 2024 йил 1 январдан бошлаб [чиқиндидан] шаклланган қарздорликларга электр энергия [“Ҳудудийэлектртармоқлари”] билан ҳамкорликдаги ишимиз ишга туширилади.

Бу борада “Ҳудудийэлектртармоқлари” билан ҳамкорлик меморандуми, технологик йўриқномалар ва хизмат кўратиш бўйича шартномаларни имзоладик, техник ишларнинг ҳаммаси амалга оширилган. Ҳозирги кунда “Ҳудудийэлектртармоқлари”нинг қисқа рақамлари, яъни 2100 орқали октябр ойида қарздор абонентларга СМС хабарлар юборилди ва эндиликда “Ҳудудийэлектртармоқлари”нинг биллинг тизими орқали барча электрон тўловлар, банклар орқали чеклов ўрнатилади. Чиқиндига қарздорлик ёпилганидан сўнг, [электр энергиясига] тўловни амалга ошириш имконияти бўлади”, – деди Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Шерзод Раҳмонов

Қўшимча қилинишича, айни чекловни ўрнатиш учун Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, Рақобат тўғрисидаги ҳамда электр энергетикаси тўғрисидаги қонунларнинг айрим моддаларига ўзгартириш киритиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда. Ҳозирда ўзгартириш киритиш юзасидан тегишли ҳужжатлар ташкилотларга киритилгани маълум қилинди.

Шунингдек, агентлик вакили аҳолининг қарздорлигини камайтириш мақсадида қилинаётган амалиёт янгиланаётган “Тоза макон биллинг” дастурий тизими билан узвий боғлиқ эканини ҳам қайд этди. Яъни аҳолининг чиқиндига қиладиган тўлови айнан шу тизим орқали амалга оширилади.

Маълумотларга кўра, ҳозирда ушбу тизимда техник профилактик ишлар олиб борилмоқда. Агентлик мутахассиси Ўринбой Маъмуров унда нималар янгиланаётгани ҳақида гапириб берди.

Бунда хавфсизликка алоҳида эътибор қаратилган, олдин тизимга оддий логин ва парол орқали кирилган бўлса, ҳозир жисмоний шахснинг идентификация рақами, яъни OneID тизимига боғланган. Шу орқали тизимга кириб, фойдаланиш мумкин бўлади.

Янги тизимда жуда ҳам кўп ташкилотлар билан интеграция амалга оширилган. Бунда автоматик равишда яшовчилар сонининг шаклланиши, уларнинг маълумотларини кадастр ва ИИВнинг паспорт-виза тизими билан ўзаро таққослаш имконияти юзага келади. Бу эса ўз навбатида абонентлар маълумотининг тўғри шаклланишига, яъни ҳар хил кўзда тутилган, кўзда тутилмаган ўзгаришлар ёки бошқа қандайдир хатоликлар келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган.

Авваллари биллинг тизими фақатгина жисмоний шахсларга кўрсатилган хизматлар учун абонентлардан тўловларни қабул қилиб олган бўлса, янги биллинг тизимида бу борада юридик шахсларнинг ҳам маълумот базалари, ҳар хил чиқинди йиғиш майдончаларининг кадастрлари шакллантирилади. Кўплаб янги қулайлик яратиш мақсадида ушбу тизимнинг мобил иловаси ишга туширилиши ҳам кўзда тутилган. Мобил иловага ҳам OneID орқали кириб, рўйхатдан ўтиш ва ўзингизга керакли ҳисоб маълумотларини, неча нафар шахсга тўлов қилинаётгани, охирги тўлов куни – шулар ҳақидаги барча маълумотларни билиб олишингиз мумкин бўлади”, – деди Маъмуров.

Ҳозирда биллинг тизимида техник профилактик ишлар олиб борилаётгани сабабли чиқинди хизматлари, барча турдаги тўловларини қабул қилиш ҳамда маълумотларни ўзгартириш 5 ноябргача чекланиб турилиши айтилди. Шундан сўнг тизим тўлиқ жорий этилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, санитар тозалаш соҳасида кўрсатилган хизматлар учун аҳолининг дебитор қарздорлиги кескин ошиб, республика миқёсида жами 585 млрд сўмга етгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид