Ғарб ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари: Британияга қочган совет майори
1978 йилда БМТнинг Женевадаги қароргоҳида СССРнинг доимий вакили ниқоби остида ишлаб келаётган совет жосуси икки фарзанди ва хотини билан Британияга қочиб кетади. Кўп ўтмай унга сиртдан ўлим жазоси тайинланди.
1970-1980-йиллар КГБ ва СССР Мудофаа вазирлигига бўйсунувчи Ташқи разведка бошқармаси учун оғир йиллар бўлди. Бу давр мобайнида кўплаб КГБ ходимлари ва ҳарбий разведкачилар, Ғарб давлатларида ишлаётган совет жосуслари Ғарб томонга қочиб ўтишди.
Уларнинг баъзилари пул учун МРБ ва МИ кабилар билан ҳамкорлик қилган бўлса, бошқалари шунчаки совет тузумига нисбатан нафрати туфайли бу ишга қўл уради.
Ташқи разведка бошқармаси майори Владимир Резун ҳам Ғарбга қочганлардан бири эди. Уни ҳам катта пуллар эмас, совет тузумига нисбатан нафрат шу ишга ундаган эди.
Ҳарбийлар оиласининг вакили
Владимир Резун 1947 йилда Узоқ Шарқдаги Барабаш шаҳрида ҳарбийлар оиласида туғилади. Ўша пайтда унинг отаси ўша ёқда хизмат қилаётганди.
Владимир мактабни тугатгач Воронеждаги ҳарбий билим юртида ўқий бошлайди. Кўп ўтмай унинг ўқиш жойи Тверга кўчади. Сўнг Киевдаги олий ҳарбий командирлар тайёрлаш билим юртида ҳам таҳсил олади.
У аввалига армияда турли вазифаларда ишлаб юради. Кейин ташқи разведка хизмати бўлимига ўтади. 1970 йилда у Москвага КПСС марказий қўмитасига ишга келади.
Владимирнинг муҳим лавозимга тайинланишига у хизмат қилган Карпат ҳарбий округи қўмондони генерал-лейтенант Геннадий Обатуров сабабчи бўлади.
1956 йилда Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида кўтарилган халқ қўзғолонини аёвсиз тарзда бостиргани билан ном қозонган бу генералга Владимирнинг хизматлари ёқиб қолганди.
Шу сабабли генерал Владимир муҳимроқ лавозимларда ишлаши керак деган фикрга келади ва танишлари орқали уни КПСС марказий қўмитасидаги муҳим ишга тайинлашга муваффақ бўлади.
Владимир Резун янада кўтарилиши учун биргина ҳарбий билим юртининг дипломи кифоя қилмасди. Шу сабабли у 1971-1974 йилларда Москвадаги ҳарбий дипломатия академиясида таҳсил олади.
Бу академия Мудофаа вазирлиги қошидаги Ташқи разведка бошқармаси тасарруфида бўлиб, уни битириб чиққанлар асосан хорижда жосуслик билан шуғулланарди.
Нуфузли дипломга эга бўлган Владимирни ҳам шу тақдир кутаётганди ва у ҳам Швейцарияга юборилади. Владимир Резунни БМТнинг Женевадаги ваколатхонасига СССРнинг доимий вакили этиб тайинлашади. У шу ниқоб остида жосуслик фаолиятини бошлайди.
Британияга қочиш
1978 йил 10 июн куни Владимир Резун икки боласи ва хотини билан Женевада яшаб турган квартирасидан йўқолади.
Москвадагилар Женевадаги муҳим ходимнинг йўқолишидан ташвишга тушиб уни излай бошлашади. Бу орада Швейцария элчихонасига совет дипломати бедарак йўқолгани ҳақида ариза берилади. Бир томондан Швейцария полицияси, иккинчи томондан КГБ уларни қидира бошлайди.
Орадан 18 кун ўтгач, Британия газеталари Владимир Резун оиласи билан Лондонга қочиб келгани ҳақида хабар тарқатади.
Унга кўра, Владимир Резун Женевада ишлаб юрган пайтларидаёқ Британиянинг МИ хавфсизлик хизмати билан ҳамкорлик қилган.
У Москвага қайтишни хоҳламай, Британиядан сиёсий бошпана сўраган. МИ махсус рейс ташкиллаштириб, Резунни Женевадан Лондонга олиб кетган.
Хабар тасдиқлангандан сўнг унга нисбатан СССРда жиноят иши қўзғатилади. Кейинроқ Владимир Резун сиртдан суд қилиниб, у ўлим жазосига ҳукм қилинади.
Таниқли ёзувчи
Владимир Резун Британияда исм-шарифини Виктор Суворов деб ўзгартиради. У Лондонда яшар экан, Британия хавфсизлик хизматига ўзи билган барча махфий маълумотларни тақдим этади.
Сўнг бошидан кечирган ҳодисалар ҳақида автобиографик асар ёза бошлайди ва таниқли ёзувчига айланади. Шу пайтгача унинг ўндан ошиқ китоблари чоп этилган.
Виктор Суворовнинг асарлари Британияда ва Европанинг бошқа давлатларида жуда оммабоп ҳисобланади. Улар миллионлаб нусхада чоп этилади.
Собиқ жосус ўз асарларида Иккинчи жаҳон урушидан бошлаб 1991 йилгача бўлган даврда СССР тарих китобларида ёзилмаган, советлар яширган кўплаб воқеа-ҳодисаларни ҳикоя қилган.
Шу сабабли авваллари совет матбуоти, кейинчалик Россия ОАВ унинг асарларини тўқима, ёлғондан иборат деб чиқишган.
Масалан, у асарларидан бирида Иккинчи жаҳон урушининг бошланиши ва Ер юзида 40-50 млн одамнинг нобуд бўлишига Ҳитлер ва Сталин бирдай айбдор эканини ёзган.
Суворовга кўра, агар 1939 йил 23 августда Москвада Молотов-Риббентроп пакти имзоланмаганда, орадан бир ҳафта ўтиб немислар Полшага бостириб кирганда советлар бунга қарши чиққанида Иккинчи жаҳон уруши юз бермасди.
Шунингдек, Виктор Суворов ўз асарларида совет ҳукуматини нафақат ўзи ёқтирмаганини, балки отаси ва бобоси ҳам хушламаганини, шунчаки қаттиқ ички сиёсат туфайли улар буни ошкор қилишмаганини ёзган.
Адиб миллионлаб нусхада чоп этилган асарлари учун салмоқли миқдорда гонорарлар олган. Шу сабабли ўзи ва оиласи Британияда қийналмасдан, айтиш мумкинки шоҳона ҳаёт кечирган.
Виктор Суворов СССР парчаланиб кетгандан сўнг Россияга умуман келмаган, бироқ Украинага келиб турган. У 2010 йилда украиналик таниқли журналист Дмитрий Гордонга интервю берганди.
2014 йилда Россия Украина шарқига бостириб кириб, сўнг Қримни куч билан ўзига қўшиб олганда Суворов бунга қарши чиқади. Россиянинг Украинага агрессиясини қоралайди. Шу сабабли Россияда уни янада баттарроқ ёқтирмай қолишади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
19:55
Унутилган қаҳрамон. Миллий озодлик ҳаракати раҳбари Мадаминбек ким эди?
22:34 / 18.12.2024
Полшада россиялик ҳоккейчи жосусликда айбланиб, 3 йил муддатга қамалди
15:34 / 18.12.2024
Британиянинг нуфузли университетларидан бири Ўзбекистонда филиал очишни режалаштиряпти
14:59 / 15.12.2024