Жаҳон | 15:24 / 03.11.2024
4742
5 дақиқада ўқилади

Гуржистон ва Молдова сайловлари: Европа орзуси орзулигича қолдими?

Гуржистон ва Молдовада бўлиб ўтган сайлов натижалари бугун кенг муҳокамалар марказида, ҳаттоки Гуржистон прокуратураси мамлакат президентини сўроққа чақирган. Мамлакат лидерлари ўз тарафдорларини намойишларга чорламоқда.

Kun.uz «Геосиёсат»да мазкур мавзу атрофидаги мавзуларни муҳокама қилиш учун таҳлилчилар Ҳакимжон Жамалдинов ва Жаҳонгир Акрамовни таклиф этди.

Ҳакимжон Жамалдинов: Гуржистонда бўлаётган воқеалар деярли ҳар икки-уч йилда жаҳон ҳамжамиятининг эътибор марказида. Гуржистонда «Чет эл агентлари» қонунлари қабул қилиниши ушбу жараёнларни янада кучайтирди. Бир неча йиллар аввал дунё ҳамжамияти йирик давлатлардаги сиёсий жараёнларни кузатарди. Ҳозирги кундаги кучлар нисбатининг ўзгариши натижасида буни кўп қутблиликка ўтиш жараёни сифатида баҳолаймиз.

Жаҳонгир Акрамов: Совет иттифоқи парчалангандан кейин бу икки давлатнинг ҳудудий яхлитлиги билан боғлиқ муаммолар юзага келди. Булардаги энг асосий масала бу ҳудудий яхлит тикланмаганлиги. Масалан, Молдовада: Днестрбўйи, Гагаузия муаммоси. Гуржистонда эса тан олинмаган Абхазия ва Жанубий Осетия. Иккита мамлакатнинг ўзига хос ўхшаш томонлари бор. Иккаласи ҳам Россия билан боғлиқ.

Сайлов жараёнларига тўхталсак, 20 октябрда Молдова Республикасида президентлик сайлови бўлиб ўтди. Шу билан биргаликда, Европага интеграция бўйича конституциявий ўзгартириш киритишга оид референдум ўтказилди ва ўзига хос натижа берди. Тўғри, энди биринчи турда сайловларда президентлик сайловларида Майя Санду тўлиқ овоз олмаслиги эҳтимоли катта эди ва шундай ҳам бўлди. Яъни 42 фоиз билан биринчи ўринни олди, иккинчи ўринни эса 25 фоиздан ошиқ даражада Социалистик партиянинг номзоди Александр Стояноглу, собиқ бош прокурор эгаллади.

Евро интеграцияси учун ўтказилган референдум кутилмаган натижа берди. Ҳаттоки Россияга ғоявий яқин дейиладиган Стоянноглу ҳам евроинтеграция тарафдори эканлигини бир неча бор таъкидлаб ўтган эди. Лекин қизиқ томони, референдум натижаларига кўра, 50 фоиздан сал ошиқ овоз билан евроинтеграция тарафдорлари ғалаба қозонди. Шу ўринда Молдовадаги референдум натижасини деярли «мағлубиятга тенг ғалаба», дейиш мумкин. Европа иттифоқини ҳушёрликка торттиради. Расман табрикланган бўлса ҳам, бу ғалаба Молдованинг Европа Иттифоқига кириш интеграциясини камида ўн йилга кечиктиради, деган фикрдаман. Чунки Европа Иттифоқи аввало ихтиёрликка асосланади ва ҳеч қачон интеграцияга куч билан мажбурлашни мақсад қилмайди.

Молдова парламентар республика. Келгуси йили мамлакатда парламент сайловлари ҳам бўлиб ўтади ва унда Сандунинг партияси ғалаба қозониши қийин бўлади. Сайловдаги асосий омиллардан бири — Илан Шор. У тахминан 130 минг одамга, асосан нафақа ёшидагиларга унинг фойдаси учун сайловларда овоз бериши учун 100 доллар атрофида пул тарқатиб келаётганлиги ҳақида хабарлар мавжуд.

Гуржистондаги парламент сайловларида 2012 йилдан буён ҳокимият тепасида бўлиб турган «Гуржистон орзуси» партияси тўртинчи марта сайловларда ғалаба қозонди. Бу Гуржистон жамиятида ҳокимият тепасида қолиш бўйича рекорд ҳисобланади. Буни Гуржистоннинг амалдаги раҳбари, айни пайтда соядан туриб бошқараётган олигарх Бидзина Иванишивилининг ғалабаси деб ҳисоблашимиз мумкин. Унинг партияси 54 фоиз овоз тўплади, мухолифат партиялари жами 46 фоиз овоз олди.

Гуржистоннинг 150 депутатдан иборат бир палатали парламентидан «Гуржистон орзуси» 89 та ўрин эгаллади, 61 ўринни мухолифат эгаллади. Бу ҳолат жуда катта саволларни келтириб чиқармоқда. Уларнинг Россия билан яқинлашиши, ҳатто Грузия ҳудудий яхлитлигини савол остига қўйиб, танқид остига олинган. Масалан, ҳукумат «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни қабул қилиши жуда катта резонанс келтирган эди. Аммо «Гуржистон орзуси» партияси ҳаттоки мухолифат ҳисоб-китоби бўйича камида 45-46 фоиз овоз жамғарган. Бу эса овозлар сохталаштирилган бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги гумонларни келтириб чиқармоқда.

Сайловлар «Гуржистон орзуси» партия қандай тактикани қўллагани ва мухолифат нега мағлубиятга учраганини ҳам кўрсатиб қўйди. Энг асосий жиҳат — мухолифатнинг бирлаша олмагани бўлди. Шунингдек, ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси Россия-Украина урушидан ўз мақсади йўлида фойдалана олди.

Суҳбатни тўлиқ ҳолда расмий саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид