Жаҳон | 23:30 / 05.11.2024
10266
2 дақиқада ўқилади

Бинямин Нетаняҳу Исроил мудофаа вазирини лавозимдан олди

Исроил ҳукумати раҳбарининг айтишича, у ва мудофаа вазири Йоав Галлант ўртасидаги ишонч «дарз кетган».

Фото: Flash90

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу мамлакат мудофаа вазири Йоав Галлантни лавозимдан озод этди. Бу ҳақда Times of Israel хабар берди.

Маълум қилинишича, Галлант ўрнига Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кац тайинланади. Гидеон Саар бўлса мамлакат ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллайди.

«Урушнинг дастлабки ойларида ўзаро ишонч бор эди ва жуда самарали ишлар амалга оширилди, аммо сўнгги ойларда мен ва мудофаа вазири ўртасидаги ишонч дарз кетди», — дейди Нетаняҳу.

Унинг айтишича, Галлант Вазирлар маҳкамаси кўрсатмаларига зид бўлган қарорлар қабул қилган ва баёнотлар берган. Нетаняҳу ҳукуматнинг аксарият аъзолари унинг қарорини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил апрелда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху мудофаа вазири Йоав Галантни истеъфога чиқариш ҳақидаги қарорини бекор қилганди. Вазирлар маҳкамаси раҳбари ўшанда мудофаа вазири билан «барча жабҳаларда суткада 24 соат бирга» ишлаётганини ва «ихтилофларни четга суриш»га қарор қилганини билдирган эди.

Мавзуга оид