Жамият | 07:46 / 07.11.2024
10013
2 дақиқада ўқилади

ИИББ интернетда фирибгарликнинг янги кўриниши авж олгани ҳақида огоҳлантирди

Шу кунларда фирибгарлар томонидан телеграм мессенжери орқали юқори лавозимларда ишловчи вазирлик, идора ва турли хил ташкилотлар раҳбар ҳамда масъул ходимлари номидан сохта профиллар яратилиб, қўл остидаги ходимларни алдаш ҳолатлари кузатилмоқда. 

Тошкент шаҳар ИИББ хабарига кўра, фирибгарлар корхона ёки ташкилот раҳбари номидан телеграм мессенжерида сохта аккаунт очиб, қўл остидаги ишчилардан бирига СМС ёзади. 

Мулоқот давомида ходим билан гўёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қизиқаётгани ва ундан (раҳбардан) баъзи маълумотларни сўрашганини айтади. Бироздан сўнг унга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими алоқага чиқишини маълум қилади. 

Фирибгарнинг, яъни “ўз раҳбарини” гапларига ишонган ходим бир неча дақиқадан сўнг у билан алоқага чиққан шахс (гўёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакили)га сўраган барча маълумотларини бериб юборади. Бунинг оқибатида фирибгарлар тузоғига илинган ишчи-хизматчилар пластик карталаридаги пул маблағларидан айрилиб қолмоқда. 

"Огоҳ бўлинг, шу турдаги келган СМС ёки бошқа хабарларни қабул қилиш ва ишонишдан олдин телефон орқали қўнғироқ қилиб ёки шахсан хабар юборган шахсга алоқага чиқиб, хабарни қайта текшириб кўринг!

Ҳурматли фуқаролар, агар сиз шу каби ҳолатларга дуч келган бўлсангиз, Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-55-00 ёки 102 рақамларига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади", дейилади хабарда.

Мавзуга оид