Жаҳон | 09:47 / 07.11.2024
11199
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Украина биринчи марта Каспий денгизидаги РФ кемаларини нишонга олди

Украина учувчисиз учоқлари Каспий денгизида Россия базасидаги камида иккита нишонга зарба берди, дея хабар қилмоқда Украина ОАВ разведка манбаларига таяниб. Ушбу маълумотларга кўра, гап ҳарбий кемалар ҳақида кетяпти.

Фото: Видеодан кадр

Украина биринчи марта Каспий денгизида Россия ҳарбий-денгиз флоти кемаларига зарба беришга муваффақ бўлди, деб хабар бермоқда Украина ОАВ мамлакат разведка хизматларидаги манбаларга таяниб. Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси («ГУР»)нинг инновацион махсус операцияси натижасида Украина дронлари Каспий флотилияси денгиз базасига зарба берди, деб хабар қилди 6 ноябр, чоршанба куни «Украинска правда» махсус хизматлардаги суҳбатдошига таяниб.

Кемалар чегарадан 1500 км узоқликда урилган

Нашр таъкидлаганидек, Украина-Россия чегарасидан нишонгача бўлган масофа 1500 км атрофида. Унинг маълумотларига кўра, бу Каспий денгизида Россия ҳарбий кемаларига биринчи муваффақиятли ҳужумдир.

«Суспільне» маълумотларига кўра, ҳужум натижасида Каспийск шаҳридаги камида иккита объект зарар кўрган. «Афтидан, гап «Татарстан» ва «Дагестан» ракета кемалари ҳақида кетаётган бўлиши мумкин», — дея иқтибос келтиради телеканал разведкадаги суҳбатдошидан. Унинг маълумотларига кўра, «21631-лойиҳасининг кичик ракета кемалари» ҳам зарар кўрган бўлиши мумкин. Бошқа ОАВ ҳам худди шундай маълумотларни эълон қилган.

Шу куни эрталаб Доғистон раҳбари Сергей Меликов Каспийскка дрон билан ҳужум қилинганини маълум қилган эди. Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари «Каспийск узра учувчисиз учиш аппаратини йўқ қилди», деб ёзди у Telegramʼда. У тергов ўтказилишига асосланиб, қўшимча маълумот бермади.

Мавзуга оид