Жаҳон | 20:10 / 10.11.2024
19154
3 дақиқада ўқилади

ХКСда қолган астронавт кескин вазн йўқотмоқда

Космик кемадаги носозлик туфайли Ерга қайта олмаган Сунита Уилямс ҳозир Халқаро космик станцияда. У жуда озиб кетган. NASA шифокорлари эса бундан хавотирда.

Фото: AFP / Getty Images

АҚШ Миллий космик агентлиги (NASA) шифокорлари Boeing компаниясининг Starliner кемаси носозлиги сабабли Халқаро космик станцияда (ХКС) 2025 йил февралигача қолишга мажбур бўлаётган астронавт Сунита Уилямснинг вазнини оширишга ёрдам беришга уринмоқда.

New York Post манбасига кўра, Сунита июн ойида станцияга келганидан бери анча озиб кетган.

Сўнгги олинган суратларда у озғин ва ҳолдан тойган, “ёноқлари ичига ботиб кетган” ҳолда кўринади, деб таъкидлайди нашр. “У жуда озиб кетди, фақат териси ва суяклари қолган”, — деди NASA ходимларидан бири.

Унинг айтишича, биринчи ўринда шифокорлар Уилямснинг вазн йўқотишини барқарорлаштиришга ёрдам бериши, сўнгра қулай шароит юзага келганда, бу жараённи орқага қайтариш мумкин бўлади.

NASA шифокорлари Уилямс билан ишлашни тахминан бир ой олдин — фотосуратлар эълон қилинишидан аввал бошлаган, дейилади NYP хабарида.

Метаболизм ўзгариши сабабли астронавтлар оддий инсонларга нисбатан икки баробар кўп калория истеъмол қилади: фақатгина ўз вазнини сақлаб туриш учун уларга кунига тахминан 4 минг килокалория керак. Шифокорларнинг айтишича, Уилямсга ҳозир 5 минг килокалория зарур. Бундан ташқари, вазнсизлик шароитида мушак массаси ва суяк зичлигини сақлаб қолиш учун мунтазам равишда жисмоний машқлар билан шуғулланиш талаб этилади.

NASA тадқиқотларига кўра, космик саёҳатларнинг оқибатлари аёллар учун “янада оғирроқ” бўлади, чунки улар эркакларга қараганда тезроқ мушакларини йўқотади.

Уилямс ва унинг ҳамкасби Барри Уилмор 2024 йил 5 июнда Boeing Starliner компаниясининг биринчи космик кемасида Халқаро космик станцияга учиб кетганди. Улар ХКСда бир ҳафта қолиши режалаштирилган эди, бироқ носоз қисмлар ва гелий сизиб чиқиши сабабли кемани станциядан узиш бир неча марта кечиктирилди.

6 сентябр куни Starliner Ерга экипажсиз қайтди, астронавтлар ХКСда қолди. Улар 2025 йил феврал ойида Dragon космик кемасида SpaceX Crew-9 миссиясининг бошқа икки экипажи билан ортга қайтиши керак.

Мавзуга оид