Жаҳон | 08:08 / 14.11.2024
6292
3 дақиқада ўқилади

Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди

Брюсселда мулоқотни тўхтатиб туриш бўйича берилган таклифга мустақил халқаро ташкилотларнинг Исроил томонидан инсон ҳуқуқлари ва халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бузилиши ҳақидаги ҳисоботлари асос бўлди.

Фото: Европа Иттифоқи

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича олий вакили Жозеп Боррел Европа Иттифоқига аъзо давлатларга Исроил билан мунтазам сиёсий мулоқотни тўхтатишни таклиф қилмоқда. Бунга асос сифатида мустақил халқаро ташкилотларнинг илгари эълон қилинган ҳисоботларида Исроил инсон ҳуқуқлари ва халқаро гуманитар қонунларни бузаётгани таъкидланган, деди Европа Иттифоқининг Брюсселдаги вакиллари 13 ноябр, чоршанба куни кечқурун dpa'га.

Агентлик, шунингдек, ЕИ бош дипломатининг оғзаки эълон қилган ташаббуси ЕИга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг 18 ноябр куни бўлиб ўтадиган навбатдаги йиғилишида муҳокама қилинишини маълум қилди. Исроил билан сиёсий мулоқот 2000 йилда тузилган Ассоциация шартномаси деб аталадиган ҳужжат билан тартибга солинади. Унда бошқа нарсалар қатори, томонлар ўртасидаги муносабатлар инсон ҳуқуқлари ва демократия тамойилларига ҳурматга асосланганлиги белгилаб қўйилган.

АДЛ ва ИҲТ Исроилни Ғазодан чиқиб кетишга чақирди

Араб давлатлари лигаси (АДЛ) ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатлар Исроилни Ғазо сектори, Ғарбий соҳил, Шарқий Қуддус ва Жўлан тепаликларидан чиқиб кетишга чақирди. 11 ноябр куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтган саммит иштирокчилари 1967 йил 4 июнда белгилаб олинган чегараларни ҳурмат қилиш муҳимлигини таъкидлаб, бундай ҳаракат минтақада «адолатли ва кенг қамровли тинчлик» ўрнатилишига ҳисса қўшишини билдирди.

Якуний декларация, шунингдек, Фаластин ҳудудлари – Ғазо сектори ва Ғарбий соҳилни пойтахти Шарқий Қуддусда жойлашган ягона Фаластин давлатига бирлаштиришга чақиради. Бундан ташқари, АДЛ ва ИҲТ давлатлари раҳбарлари халқаро ҳамжамиятни Исроилга қурол-яроғ ва ўқ-дорилар экспортини тақиқлашга чақирди.

Саммит Яқин Шарқдаги вазиятнинг ёмонлашуви фонида Ар-Риёд томонидан ташкил этилган. Араб давлатлари лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига ҳам Исроил давлатини тан оладиган, ҳам унинг минтақавий интеграциясини қатъиян рад этувчи давлатлар киради.

Яқин Шарқда можаронинг кучайиши

Яқин Шарқдаги вазият 2023 йил 7 октябрда кескин ёмонлашди. Ҳамас ҳаракати Исроилга қарши кенг кўламли ҳужум уюштирди. Террорчилар Исроилга йирик ракета ҳужуми уюштирди, унинг ҳудудига бостириб кирди, натижада 1200 га яқин киши ҳалок бўлди. Шунингдек, жангчилар 250 га яқин одамни гаровга олиб, Ғазо секторига олиб кетишган. Кейинчалик гаровга олинганларнинг бир қисми алмаштирилди ёки озод қилинди, баъзилари эса вафот этди.

Исроил бунга жавобан Ҳамасга қарши уруш эълон қилди. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, қуруқликдаги операция ва Ғазо секторини бомбардимон қилиш натижасида 43 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган. Фаластинлик жангчиларни Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати қўллаб-қувватлаган. «Ҳизбуллоҳ» мунтазам равишда Ливандан Исроилга қарата ўт очяпти. Исроил армияси Ливан жанубида унга қарши ҳарбий операция ўтказмоқда.

Мавзуга оид