Жаҳон | 08:51 / 18.11.2024
4317
2 дақиқада ўқилади

РФнинг Сумидаги кўп қаватли бинога ракета ҳужуми: 10 киши ҳалок бўлди

Россия ракетаси Суми шаҳридаги турар жой биносига келиб тушди. Вайроналар остидан 400 дан ортиқ одам эвакуация қилинган. Ҳалок бўлган 10 киши орасида икки нафар бола ҳам бор.

Фото: Украина Миллий полицияси

17 ноябр, якшанба куни Россиянинг Суми шаҳрига кечки зарбаси натижасида ракета турар жой биносига келиб урилган. Ҳужум оқибатида 10 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлди, дея хабар беради Украина Миллий полицияси.

Суми шаҳар кенгаши маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида тўққиз ёшли болакай ва 14 ёшли қиз ҳалок бўлган, 55 нафар ёши катталар ва 8 нафар бола жароҳатланган.

Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати шикастланган уй вайроналари остидан 400 дан ортиқ одам эвакуация қилинганини тасдиқлади. Қўшни олтита кўп қаватли уйнинг ойналари синган, тўртта автомобил йўқ қилинган.

«Сумидаги тўққиз қаватли бинога ракета зарбаси берилди, барча зарур хизматлар ҳозирда ишламоқда, қутқарув операцияси ўтказилмоқда, уларнинг оилалари ва яқинларига ҳамдардлик билдираман», деб ёзди Украина президенти Володимир Зеленский Telegramʼдаги каналида.

Ярим тундан кейин Россия армияси Сумига яна ракета зарбаси берди. Ҳужум натижасида шаҳарда электр энергияси узилган, деб хабар қилди Суми области ҳарбий маъмурияти.

Мавзуга оид