Залужний: «Хуш келибсан, учинчи жаҳон уруши»
Украина Қуролли кучларининг собиқ бош қўмондони Валерий Залужний 2024 йилда жаҳон уруши бошланганини маълум қилди. У Россия урушда КХДР аскарларидан, Эрон дронлари ва Хитой снарядларидан фойдаланаётганига эътибор қаратди.
Украинанинг Буюк Британиядаги элчиси, мамлакат Қуролли кучларининг собиқ бош қўмондони Валерий Залужний 2024 йилда жаҳон уруши бошланганини маълум қилди. Бу ҳақда у 21 ноябрь куни «Украинская правда» томонидан «УП 100» мукофотини топшириш маросимидаги нутқида гапириб ўтди.
«2024 йилда биз учинчи жаҳон уруши бошланди деб аниқ айта оламиз, деб ҳисоблайман. Чунки 2024 йилда Украина қаршисида олдинги Россия турмаяпти. Украина қаршисида Шимолий Корея аскарлари турибди. Келинг, очиқ гапирамиз. Украинада мутлақо очиқ, ҳеч нарсадан уялмаган ҳолда Эроннинг «Шаҳед»лари фуқароларни ўлдирмоқда. Украинага айнан Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган ракеталар учирилмоқда ва улар бу ҳақида очиқ гапиряпти. Украинада Хитой снарядлари портламоқда, Россия ракеталарида ҳам Хитойга тегишли эҳтиёт қисмлар қўлланяпти», — дейди Залужний.
Унинг сўзларига кўра, кўплаб ҳарбийлар юқорида санаб ўтилган ҳолатларнинг барчаси жаҳон уруши бошлангани ва дунё бунга тайёрланиши кераклиги ҳақидаги фикрга қўшилади.
«Узоқ кутилган воқеа, аллақачон, бошланиб бўлди. Аммо айтишим керакки, Худонинг ўзи нафақат Украинага, балки бутун дунёга тўғри хулоса чиқаришга улгуриш учун имконият беряпти. Ҳали ҳам буни шу ерда, Украина ҳудудида тўхтатиш мумкин. Аммо шерикларимиз негадир буни тушунишни хоҳламаяпти», — дейди элчи.
Залужнийнинг қўшимча қилишича, Украинанинг «энди душманлари жуда кўп», бироқ мамлакат технологиялар ҳисобига «омон қолишни давом этади, аммо мустақил ғалаба қозона олиши номаълум». «Шунинг учун мен жаҳон уруши бошланганига ишонаман, хуш келибсан», — дея таъкидлайди Залужний.
АҚШ: КХДР аскарлари аллақачон Украинага қарши урушда қатнашмоқда
Шимолий Корея аскарлари ҳозирда Россия қўшинлари билан бирга Украинага қарши урушда қатнашмоқда. 12 ноябр куни АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари ўринбосари Ведант Пател Пхенян томонидан Россия шарқига юборилган 10 мингдан ортиқ қўшиннинг асосий қисми Курск областига жўнатилганини хабар қилди. У ерда Шимолий Корея аскарлари «Россия Қуролли кучлари билан биргаликда жанговар ҳаракатларда қатнаша бошладилар», деди у.
Украина президенти Володимир Зеленский бир ҳафта олдин Шимолий Корея аскарлари аллақачон Курск областида Украина армиясига қарши жанговар ҳаракатларда қатнашганини айтган эди. КХДРнинг 11 минг аскари ҳозирда Кремл қўшинларини қўллаб-қувватлаш учун Курскда бўлиб турибди ва улар орасида «талафот кўрганлар ҳам бор», деб ёзган Зеленский.
Мавзуга оид
16:21
Россиядаги КХДР ҳарбийлари: улар қандай жанг қилади ва дезертирлик қилиши мумкинми?
11:00
РФда Украинага қарши уруш қатнашчилари имтиёзли ипотекани ололмайди
08:43
Украина МВ демобилизация тўғрисидаги қонунни тайёрлашни кечиктиришни сўради
22:34 / 24.12.2024