Жаҳон | 17:46 / 22.11.2024
13973
2 дақиқада ўқилади

WSJ: Украина зарбаси оқибатида КХДР армияси генерали яраланди

Украина ва Ғарб давлатлари маълумотларига кўра, Курск областида 10 мингдан ортиқ КХДР аскари бор бўлиб, улар урушда иштирок этиш учун Россияга келган. The Wall Street Journal манбаси шимолий кореялик ҳарбий қўмондон қандай шароитда яраланганини очиқламади.

Корея халқ армиясининг юқори мартабали генерали Украина томонидан Курск областига берилган зарба оқибатида яраланди. Бу ҳақда The Wall Street Journal ўз манбасига таяниб хабар берди.

Манба шимолий кореялик ҳарбий қўмондон қандай шароитда яраланганини очиқламаган. Шунингдек, у жабрланган ҳарбий хизматчининг исмини ҳам ошкор этмаган.

WSJ’нинг қайд этишича, бу Ғарб ҳукумати маълумотларига кўра Россия—Украина уруши вақтида КХДР юқори мартабали ҳарбийсининг биринчи маротаба яраланиши. Шимолий Кореянинг БМТдаги миссияси газетанинг сўровига жавоб қайтармади.

Украиналик ҳарбийлар 20 ноябр куни Буюк Британиянинг узоқ масофага мўлжалланган 10 та Storm Shadow ракеталарини қўллаган ҳолда Курск областига ҳужум қилди. Корея халқ армияси генералининг яраланишига ушбу зарбаларнинг алоқаси бор-йўқлиги номаълум. РФ президенти Владимир Путин украин ҳарбийлари Storm Shadow ракеталари ёрдамида Россиянинг «Север» гуруҳини қўмондонлик пунктларидан бирига ҳужум уюштирилгани, оқибатда яраланган ва ҳалок бўлганлар борлигини маълум қилганди.

Украина ва Ғарб давлатлари маълумотларига кўра, Курск областида 10 мингдан ортиқ КХДР аскари бор бўлиб, улар урушда иштирок этиш учун Россияга келган. АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши раиси Жон Кирби октябр ойида Украинага қарши жанг қилаётган ҳар қандай шимолий кореялик ҳарбийлар УҚКнинг қонуний нишонига айланишини айтганди.

Аввалроқ Шимолий Корея Россияга Қуруқликдаги қўшинлар Бош штаби бошлиғининг ўринбосари — генерал-полковник Ким Ён Бокни юборгани тўғрисида хабар берилганди. Генерал КХДР қўшинларининг Россия армиясига интеграцияси, шунингдек, Шимолий Корея аскарларини келгусида ҳужумни кенгайтиришга жалб қилиш учун жанг майдонидан маълумот тўплаш билан шуғулланади. Украина президенти Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра Россияга юбориладиган шимолий кореялик аскарлар сони охир-оқибат 100 минг кишига етиши мумкин.

Мавзуга оид