Жаҳон | 21:30 / 23.11.2024
2856
2 дақиқада ўқилади

COP29: Бой давлатлар иқлимни молиялаштиришни оширишга рози бўлди

Дастлаб, ривожланаётган давлатларга иқлимни молиялаштириш бўйича 250 миллиард доллар ажратиш назарда тутилган эди. Аммо тортишувлардан кейин бу қиймат 300 миллиард долларга етказилиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Фото: Alexander Nemenov/AFP

Озарбойжондаги иқлим бўйича БМТ музокараларида энг бой давлатлар иқлим инқирозига қарши курашаётган ривожланаётган мамлакатларга глобал молиявий ёрдамни йилига 300 миллиард долларга оширишга келишиб олди.

The Guardian нашрининг ёзишича, вазирлар ва делегациялар раҳбарларидан иборат кичик гуруҳ, жумладан, Хитой, Европа Иттифоқи, Саудия Арабистони, Бразилия, Буюк Британия, АҚШ ва Австралия билан ёпиқ эшиклар ортида иқлимни молиялаштириш бўйича асосий зиддиятли масалалар юзасидан узоқ давом этган учрашув бўлиб ўтди.

22 ноябр куни соат 18:00 да якунланиши керак бўлган COP29 саммити 23 ноябр эрталабгача чўзилди. Якуний мажлис эрталаб соат 10:00 га белгиланган эди, бироқ бўлиб ўтмади.

Ривожланаётган давлатлар иқлимни молиялаштириш бўйича 250 миллиард долларлик мақсадга норози муносабатда бўлиб, уни ҳазил деб атадилар ва кам углеродли иқтисодиётга ўтиш ва экстремал об-ҳаво таъсирига мослашиш учун кўпроқ маблағ сўрадилар.

Европа Иттифоқи ва бир қатор давлатлар, жумладан, Буюк Британия, Қўшма Штатлар ва Австралия лойиҳа матнига баъзи ўзгартиришлар киритиш эвазига 300 миллиард доллар ажратишга рози бўлиши мумкинлигини айтди.

Нашрнинг ёзишича, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш бой давлатларга қўнғироқ қилиб, молиялаштиришни оширишга чақирган. Япония, Швейцария ва Янги Зеландия кечқурун 300 миллиард долларлик кўрсаткичга қаршилик кўрсатган давлатлар қаторига кирган эди.

Таъкидланишича, 300 миллиард долларлик таклиф ҳали ҳам ривожланаётган мамлакатлар эҳтиёжларига мос келмайди ва агар 23 ноябр куни кутилаётган янгиланган матнга киритилса, кескин танқидларга сабаб бўлиши мумкин. Аммо баъзи вазирлар яқин соатларда Бокуни тарк этиши сабабли, давлатлар нимага рози бўлишини тезроқ ҳал қилиши керак.

Мавзуга оид