Жаҳон | 20:28 / 23.11.2024
4577
2 дақиқада ўқилади

Филиппин вице-президенти давлат раҳбари учун киллер ёллаганини айтди

У агар ўзини ўлдиришса, президентдан қасос олинишини маълум қилди.

Сара Дутерте ва Фердинанд Маркос Фото: Kyodo

Филиппин вице-президенти Сара Дутерте агар ўзи ўлдирилса, амалдаги президент кенжа Фердинанд Маркосни ўлдириш учун қотил ёллаганини айтди. Унинг сўзларини South China Morning Post келтирди.

«Мен унга (киллерга) айтдим: «Агар улар мени ўлдиришса, президент кенжа Фердинанд Маркосни, унинг рафиқаси Мария Луизани ва Вакиллар палатаси спикери Мартин Ромуалдесни ўлдир, ҳаммасини ўлдиргунча тўхтама. Бу ҳазил эмас. Мен аллақачон келишиб қўйганман», деди вице-президент.

Нашрнинг ёзишича, Дутерте ҳибсдаги ўз аппарати раҳбари Зулейка Лопесни Вакиллар палатаси ҳибсхонасидан ахлоқ тузатиш муассасасига юбориш режаларига шундай жавоб берган. Дутерте ушбу ҳаракат ҳокимият томонидан «қотилликка уриниш» эканлигини айтган.

Маҳаллий GMA телеканалининг хабар беришича, сиёсатчининг баёноти аллақачон президент хавфсизлик қўмондонлиги томонидан ўрганилмоқда. Қўмондонлик таҳдидни «миллий хавфсизлик муаммоси» деб ҳисоблади ва «қатъий хавфсизлик чоралари» жорий этилганини маълум қилди. Сенат раиси Фрэнсис Эскудеро вице-президент Дутертенинг сўзларини «чуқур ташвишли ва ноўрин» деб атади.

Кенжа Фердинанд Маркос — Филиппиннинг собиқ диктатори Фердинанд Маркоснинг ўғли - 2022 йилги сайловда собиқ президент Родриго Дутертенинг қизи Сара Дутертега рақиб бўлган эди. Кейинчалик кенжа Маркос президент этиб сайланди, Дутерте эса вице-президент бўлди.

Бироқ, сиёсатчилар ўртасидаги муносабатлар аста-секин бузилди. 2024 йил баҳорида президент Дутертенинг иттифоқчиси Давао полицияси бошлиғи Ричард Баданг ҳамда бошқа ўнлаб полициячиларни ишдан бўшатди.

Мавзуга оид