Спорт | 11:50 / 24.11.2024
18225
23 дақиқада ўқилади

«Сити» яна 4 та гол ўтказди, «Барса» камбэк қурбони. Кун ўйинлари

«Арсенал» ва «Челси» «Сити»га етиб олмоқда. Шанба куни Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: Эдегор эффекти

«Лестер» – «Челси» 1:2
Голлар:
0:1 – 15 Жексон, 0:2 – 75 Фернандес, 1:2 – 90+5, пеналти Айю.
«Лестер» – Ҳермансен, Кристиансен, Околи, Фас, Жастин, Ал-Ҳаннус (Декордова-Рид, 79), Уинкс (Скипп, 11), Сумаре, Ндиди (Айю, 71), Макатир (Мавидиди, 71), Варди (Дака, 79).
«Челси» – Санчес, Кукуреля, Колуилл, Бадяшил, Фофана, Фернандес, Кайседо (Лавия, 81), Жоау Феликс (Нкунку, 81), Палмер, Мадуэке (Санчо, 85), Жексон (Дюзбери-Ҳолл, 90+1).
Огоҳлантиришлар: Ндиди (22), Сумаре (29), Скипп (31), Кайседо (40), Санчес (66), Купер (68), Фас (79), Лавия (90+4).

«Челси» куннинг биринчи ўйинида Лестерда ғалабага эришиб, кучли учликдаги позициясини сақлаб қолди. Кўклар илк дақиқалардан ўйин назоратини қўлга олди ва меҳмонлар ҳисобни очиши вақт масаласи бўлиб турганди. Биринчи гол муаллифи Жексон бўлди, сенегаллик ҳужумчи жарима майдони яқинида тўп учун курашда устун келди ва Энцо Фернандес узатган тўпни бурчакка аниқ жойлади. Аргентиналик яримҳимоячи барча турнирлар доирасидаги сўнгги уч ўйинда ўз ҳисобига олтита голли пас ёзиб қўйди, ўтган мавсумда танқидлардан боши чиқмаган Жексон эса — лондонликлар клуби учун урган голлари сони бўйича Эрнан Кресподан ўзиб кетди (21). Иккинчи бўлимда ҳам ўйин масаласини ушбу жуфтлик ҳал қилди. Сенегаллик тўпурар бош билан йўллаган зарбани дарвозабон қайтарди, тўпга биринчи бўлиб Энцо етиб келди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда «тулкилар» пеналтидан жавоб қайтаришди, аммо иккинчи голга вақт қолмаганди.

«Арсенал» – «Ноттингҳем Форест» 3:0
Голлар:
1:0 – 15 Сака, 2:0 – 52 Парти, 3:0 – 86 Нванери.
«Арсенал» – Райя, Калафиори (Зинченко, 67), Габриэл, Салиба, Тимбер (Кивер, 88), Мерино, Жоржинио (Парти, 46), Эдегор (Нванери, 82), Троссар, Габриэл Жезус, Сака (Стерлинг, 83).
«Ноттингҳем Форест» – Зелс, Морено (Уилямс, 73), Мурилло, Миленкович, Айна, Домингес (Соса, 63), Уорд-Проуз, Ҳадсон-Одои, Йейтс, Эланга (Силва, 46), Авонийи (Вуд, 63).
Огоҳлантиришлар: Жоржинио (24), Габриэл Жезус (31), Сака (44), Айна (45+5), Йейтс (69).

«Арсенал»да жароҳатланганлар аста-секинлик билан сафга қайтишмоқда. «Ноттингҳем» билан ўйинда Калафиори бошланғич таркибдан жой олди, Райс эса захира ўриндиғида, аммо асосийси — Эдегор яна ўйнаётгани. Норвегиялик таркибда бўлганида ва у йўқлигида жамоа бутунлай бошқача ўйин кўрсатмоқда, айнан у ҳисоб очилган ҳужумда асосий ишни бажарди ва Сакани голли пас билан таъминлади. Бу футболчи эса — барча лигалар бўйича уй ўйинларидаги энг хавфли футболчи. У бу мавсумда «Эмирейтс»даги олти ўйинда тўрт гол уриб, беш голга узатма берган.

Иккинчи бўлимда Партейнинг голига ассист берганида Сака «Арсенал»нинг АПЛ доирасидаги ўйинлари бўйича энг яхши ассистентлари рўйхатида 43 балл билан ўз устози Микел Артетани ортда қолдирди. «Ўрмончилар»ни узил-кесил таслим этган Нванери ҳам тарихга кирди. У 17 ёшида жамоа сафида гол урган энг ёш футболчилар орасида Сеск Фабрегасдан кейинги иккинчи футболчи. 2024 йил бошидан буён қуруқ ғалабалар сони бўйича яққол етакчи бўлиб турган (15 ўйинда дарвоза дахлсизлиги сақланган) «Арсенал» энди очколар сони бўйича «Челси» билан тенглашиб, 3-4 ўринларни бўлишиб турибди.

«Манчестер Сити» – «Тоттенҳэм» 0:4
Голлар:
0:1 – 13 Мэддисон, 0:2 – 20 Мэддисон, 0:3 – 52 Порро, 0:4 – 90+3 Жонсон. 
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Гвардиол, Аканжи, Стоунз (Аке, 46), Уокер, Бернарду Силва, Люис (Грилиш, 74), Гундўған, Фоден, Савио (де Брюйне, 74), Ҳоланд.
«Тоттенҳэм» – Викарио, Удоджи, Дэвис, Дрэгушин, Порро, Мэддисон, Биссума, Сарр, Сон Ҳён Мин (Жонсон, 63), Соланке, Кулусевски.
Огоҳлантиришлар: Биссума (1), Люис (55), Бернарду Силва (78), Сарр (80), де Брюйне (80).

Хосеп Гвардиола «Манчестер Сити» билан янги шартнома тузди ва келажаги борасидаги миш-мишларга чек қўйди, аммо «шаҳарликлар» ҳозирча инқироздан чиқиб кетолмади. Қолаверса — улар «Тоттенҳэм» билан ўйинда таҳқиромуз ҳисобда мағлубиятга учради, бу жамоага яқинда Англия лигаси кубогида ҳам мағлуб бўлинганди. Қаторасига беш мағлубият — Пепнинг карьерасидаги янги туб. «Шпорлар» энди каталониялик мутахассис учун энг ноқулай рақибдир, унинг жамоасини бунгача ҳеч бир рақиб тўққиз бор енгмаганди.

Шанба куни «шаҳарликлар»нинг «Этиҳад»даги рекорд даражадаги мағлубиятсиз сериясига ҳам барҳам берилди. Жамоа ўз мухлислари қаршисида 52 ўйиндан буён ютқазмаётганди, бу ўйинда эса шу куни туғилган кунини нишонлаган Мэддисон 20-дақиқагача дублни расмийлаштирди. Биринчи ҳолатда Кулушевскининг диагонал узатмаси вақтида ушбу яримҳимоячи олис устун яқинида бўш қолдирилди. Иккинчи гол прессинг натижасида урилди, Гвардиол қанотда туриб тўпни рақибга узатиб берди, тўпни эгаллаб олган Жеймс Сон Хин Мин билан девор услубида ўйнаб, зарба бериш нуқтасига чиқиб борди.

Иккинчи бўлимда Порро интригага узил-кесил барҳам берди, қўшимча дақиқаларда эса Жонсон ҳам ўз номини таблога ёздириб, мезбонларга 2003 йилдан буён ўз уйидаги энг йирик мағлубиятини тақдим этди (ўшанда жамоа «Арсенал»га 1:5 ҳисобида мағлуб бўлган). Энди «Сити» ўз таъқибчилари «Челси», «Арсенал» ва «Брайтон»ни атиги бир очколик фарқ масофасида ўзига яқинлаштирган, тур ўйинини якшанба куни  ўтказадиган «Ливерпул»да эса иккинчи ўриндан саккиз очкога ўзиб кетиш имконияти бор.

Испания: Симеоненинг 700-ўйини

«Атлетико» – «Алавес» 2:1
Голлар:
0:1 – 7, пеналти Гуриди, 1:1 – 76, пеналти Гризманн, 2:1 – 86 Серлот.
«Атлетико» – Облак, Галан (Серлот, 46), Лангле, Витцел, Аспиликуэта, Лино (Де Паул, 64), Коке (Рикелме, 70), Барриос, Лоренте (Симеоне, 46), Гризманн, Корреа (Алварес, 59).
«Алавес» – Сивера, Санчес (Стоичков, 88), Моурино (Седлар, 85), Абкар, Теналя, Антонио Бланко, Гевара, Мартин (Конечни, 85), Гуриди (Диарра, 72), Висенте, Кике Гарсия (Тони Мартинес, 73).
Корреа (45+2), Антонио Бланко (58), Санчес (70), Гарсия (75), Симеоне (87), Конечни (88), Алварес (90), Де Паул (90+6).

Диего Симеоне — Испаниянинг бирор клубида 700 ўйин ўтказган илк мураббийга айланди. Бу Алекс Фергюсоннинг «МЮ» захира ўриндиғидаги 1500 ўйини фонида камтрона кўринса-да, ҳозирги давр рақамлари орасида ақл бовар қилмас натижа. Ва аргентиналик мутахассис ўз юбилейида асабийлашишга мажбур бўлди, чунки «Атлетико» дебютдаёқ аҳмоқона тарзда тўп қўлга тегиши туфайли белгиланган пеналтидан гол ўтказиб юборди. «Алавес» ўз тарихида илк бор «Метрополитано»даги ўйинда ҳисобни очди, аммо барибир ўйин охирида «матрасчилар» босимига дош беролмади. Меҳмонлар ҳам Гризманн аниқ ижро этган пеналтидан гол ўтказишди, кейин эса жокерлар ўз сўзини айтишди. Де Паул шведка услубида ҳимоячилар ортига пас узатди, Серлот эса яқин бурчакка кучли зарба йўллади. Мадридликлар Симеоне бошқарувида 413-ғалабасига эришди (жами ўйинлардан 59 фоизида)! Камбэклар эса — «Атлетико» учун бу мавсумда одатий ҳодисага айланган, қизил-оқлар жамоаси биринчи бўлиб гол ўтказиб юборган ўйинларида етти очко олишган.

«Селта» – «Барселона» 2:2
Голлар:
0:1 – 15 Рафиня, 0:2 – 61 Левандовски, 1:2 – 84 Гонсалес, 2:2 – 86 Алварес.
«Селта» – Гуаита, Мингеса, Алонсо, Старфелт, Хави Родригес, Бамба (Гонсалес, 62), Мориба, Белтран (Сотело, 75), Алварес, Дувикас (Иглесиас, 75), Аспас (Дуран, 90).
«Барселона» – Пеня, Мартин (Форт, 46), Мартинес, Кубарси, Кунде, Касадо, Педри (Лопес, 75), Олмо (Торре, 89), Гави (де Йонг, 75), Рафиня, Левандовски (Виктор, 89).
Огоҳлантиришлар: Мартин (3), Аспас (45+1), Хави Родригес (60), Касадо (75), Форт (80), Сотело (87), Лопес (90+1).
Четлатиш: Касадо (82).

Вигодаги ўйин кўпинча «Барселона» учун қийин кечган. Бу сафар ҳам майдонда ҳиссиётлар жўш урди, галисияликлар сардории Аспас эса биринчи бўлим охирида ҳиссиётларини тийиб туролмади ва сариқ карточка ишлади. Бунга каталонияликлар ҳимоячиси Мартиннинг фоли бўлди, у бўлим давомида қизил карточкага ҳам мос ўйин кўрсатганди. Аммо ҳакам ёш футболчини кечирди, Рафинянинг навбатдаги голи эса меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Бразилиялик ҳужумчи ноябрдаёқ 8 гол уриб улгурди, бу унинг «Барса»даги энг яхши кўрсаткичи ва шубҳа йўқки, Европадаги энг яхши натижасини ҳам яхшилайди («Лидс»даги 11 гол).

Ҳанси Флик таваккалчилик қилмади ва танаффусда Мартин ўрнига Фортни туширди. Аммо бу ҳам, Левандовскининг бу мавсумдаги 15-голи ҳам ёрдам бермади. 82-дақиқада Касадо майдондан четлатилди, шундан кейин «Селта» мағлубиятдан қутулиб қолиши учун тўрт дақиқа етарли бўлди. Мезбонларга Кунде ҳам ёрдам бериб юборди, у оддий вазиятда ишончсиз ҳаракат қилиб, Гонсалес ўзини алдаб ўтиши ва ҳисобни қисқартиришига йўл қўйди. Кейин эса Уго Алварес совуққонлик борасида дарс ўтди. У битта ҳаракат билан Фортни йўлдан Олди ва қутқарувчи голи билан мухлисларни ақлдан оздирди. Бу захирада икки ўйини бор «Реал» учун ажойиб имконият юзага келтирди.

Италия: «Интер»нинг кучи ва «Сан-Сиро»даги зерикарли ўйин

«Верона» — «Интер» 0:5
Голлар:
0:1 – 17 Корреа, 0:2 – 22 Тюрам, 0:3 – 25 Тюрам, 0:4 – 31 де Врей, 0:5 – 41 Биссек.
«Верона» – Монтипо, Давидович (Гиларди, 46), Маньяни, Данилюк, Брадарич (Лазович, 46), Харруи (Силва, 46), Белаэн, Сердар, Тшатшуа, Москера (Сарр, 46), Тенгстедт (Суслов, 69).
«Интер» – Зоммер, Бастони (Фраттези, 62), Ачерби (де Врей, 15), Биссек, Карлос Аугусто (Бюкенен, 74), Мхитарян, Аслани, Барелла (Зелински, 46), Дармиан, Корреа, Тюрам (Арнаутович, 62).
Огохлантиришлар: Давидович (33), Белаэн (55), Арнаутович (90+2).

Италияда тур бу мавсумда ўз майдонида мунтазам равишда 2-3 тадан гол ўтказаётган «Верона»нинг хўрланиши билан бошланди. «Интер» янада голга ташна бўлиб чиқди ва танаффусга қадар ҳисобни 5:0 кўринишига келтирди. Ҳолбуки Симоне Индзаги Чемпионлар лигаси арафасида қатор етакчиларига дам беришга қарор қилганди, бу эса Корреа учун қўл келди. Мураббий «Лацио»дан ўзи билан олиб келган ушбу футболчи формасини йўқотган, аммо шанба оқшомида аргентиналик футболчи ўзи ҳам гол урди ва шерикларига икки бор ассистентлик қилди. Ўйинда икки ҳимоячи ўз номини таблога ёздириб қўйди, 15-дақиқада жароҳат олган Ачерби ўрнига тушган де Фрей ҳамда тез-тез гол уриб турадиган Биссек. Нерадзуррилар А серияда бунгача фақат бир марта, 1964 йилда «Сампдория» билан ўйинда биринчи бўлимдаёқ беш марта рақиб дарвозасини ишғол этганди.

«Милан» – «Ювентус» 0:0
«Милан» – Менян, Тео, Тиав, Габбия (Павлович, 84), Эмерсон (Калабрия, 84), Рейндерс, Фофана, Лофтус-Чик (Пулишич, 70), Рафаэл Леау, Мората, Муса (Чуквуэзе, 84).
«Ювентус» – Ди Грегорио, Камбиязо, Гатти, Калулу, Савона (Данило, 90+1), Тюрам, Локателли, Йилдиз (Мбангула, 90+1), Франсишку Консейсау (Веа, 80), Маккенни (Фаджоли, 80), Копмейнерс.
Огоҳлантиришлар: Рафаэл Леау (26), Гатти (27), Эмерсон (67), Фофана (69), Локателли (86).

Яқинда «Ювентус» «Сан-Сиро»да «Интер» билан голларга бой ўйин ўтказганди (4:4). Аммо туринликларнинг Миланга қайтиши максимал даражада зерикарли кечди. Икки жамоа футболчилари ҳам ўта тиғиз жойлашди, ўта эҳтиёткорлик билан ҳаракатланишди ва дарвозалар қаршисида деярли хавфли вазиятлар юзага келтирилмади. Шундай экан, принципиал рақиблар ўртасида қаторасига иккинчи бор голсиз дуранг қайд этилиши мантиқий бўлди. Кун якунларига кўра, россонерилар ва бянконерилар турнир жадвалида мос равишда олтинчи ва еттинчи ўринлардан жой олишган. Якшанба кунги ўйинлардан кейин миланликлар «Болоня»ни олдинга ўтказиб юбориши ҳам мумкин.

«Парма» – «Аталанта» 1:3
Голлар:
0:1 – 4 Ретеги, 0:2 – 39 Эдерсон, 1:2 – 49 Канчелери, 1:3 – 75 Лукман.
«Парма» – Судзуки, Валери, Балог, Дел Прато, Кулибали (Эно, 71), Зом, Эстевес (Алмквист, 71), Бенедичак (Михэилэ, 46), Ман, Канчелери (Шарпанте, 82), Бонни (Ҳожи Муҳаммад, 71).
«Аталанта» – Карнезекки, Толои (Скалвини, 82), Хин, Коссуну, Пашалич (Брешианини, 55), Руджери, Эдерсон, де Рон, Белланова (Куадрадо, 70), Лукман (Самаржич, 82), Ретеги (де Кетеларе, 55).
Огоҳлантиришлар: Гасперини (54), Руджери (88), де Рон (90+3).
Четлатиш: Гасперини (54).

«Аталанта» ва бергамоликларнинг гол машинаси Ретеги эса ҳеч қачон зериктирмайди. Италия фуқаролигини олган аргентиналик ҳужумчи дебютдаёқ ҳисобни очди ва «кучли бешлик» чемпионатларида бош билан урилган голлар бўйича пешқадамлик қилмоқда (4). Танаффус арафасида Эдерсон Руджерининг аниқ ўлчанган узатмасидан кейин тўпни бўш дарвозага киритиб юбориши қолганди. «Парма» ҳам таслим бўлмади ва иккинчи бўлим бошида Канчелери ўйинга интригани қайтарди. Жан Пиеро Гасперини эса шу қадар асабийлашдики, навбатдаги марта қизил карточка олди. Ҳолбуки ташвишланишга ҳожат йўқ эди. Лукман «Аталанта»га қулай ҳисобни қайтарди ва жамоани биринчи ўринга олиб чиқди. Энди бергамоликлар якшанба куни «Наполи», «Фиорентина» ва «Лацио» қандай жавоб қайтаришини кутишади. Турнир жадвалининг юқори қисмида жамоалар ўта тиғиз жойлашган ҳолда қолмоқда.

Германия: Шик қутурди

«Байер» – «Ҳайденҳайм» 5:2
Голлар:
0:1 – 10 Дорш, 0:2 – 21 Хонзак, 1:2 – 30 Паласиос, 2:2 – 32 Шик, 3:2 – 52 Шик, 4:2 – 71 Шик, 5:2 – 82 Жака.
«Байер» – Градецка, Инкапиэ, Та, Тапсоба, Алеиш Гарсия (Артур, 69), Виртц (Тере, 77), Грималдо, Жака, Паласиос (Андрих, 77), Фримпонг (Телла, 45+3), Шик.
«Ҳайденҳайм» – Мюллер, Ференбаҳ, Гимбер, Майнка, Траоре, Бек (Конте, 62), Шеппнер, Мэлоуни (Кербер, 84), Дорш (Сиенза, 62), Ҳонзак (Кауфманн, 62), Пирингер (Ваннер, 28).

Топ-4 даги ўрнини сақлаб қолган «Байер» ўз мухлислари қаршисида ҳиссиётларга бой ўйин ўтказди, амалдаги чемпионлар мудофаа чизиғи ўйиннинг дастлабки қисмида очиқ дарвозани эслатарди. Айниқса, Ҳонсак майдон марказидан ёриб киришга муваффақ бўлган эпизодда. У худди машғулотлардаги манекенлар орасидан ўтгандек ҳаракатланди. «Ҳайденҳайм»нинг биринчи голи эса Инкапе тўпни осонлик билан йўқотиши оқибатида урилганди. Аммо леверкузенликлар ҳам меҳмонларнинг мудофаасини издан чиқарди ва Паласиос зарба бериш нуқтасига чиқиб бориб, ҳисобни қисқартирганида рақиб парчаланиб кетди. Икки дақиқа ичида 0:2 ҳисоби 2:2 кўринишига ўзгарди, шундан кейин Хаби Алонсони тўхтатиб бўлмади. Бонифейс туфайли асосий таркибдан четда қолган Шик эса шу куни «Байер» сафидаги учинчи ҳет-тригини нишонлади — бундан кўпроғига фақат клуб афсонаси Улф Кирстен эришган (7). Жака эса ўз услубидаги узоқ масофадан йўллаган чиройли голи билан ўйиндаги якуний ҳисобни ўрнатди.

«Боруссия» Д – «Фрайбург» 4:0
Голлар:
1:0 – 7 Байер, 2:0 – 40 Нмеча, 3:0 – 66 Брандт, 4:0 – 77 Гиттенс.
«Боруссия» Д – Кобел, Бенсебайни (Ян Коуто, 78), Шлоттербек, Антон, Рюэрсон (Кабар, 82), Нмеча, Гиттенс (Дюранвиль, 78), Брандт (Рейна, 78), Забитцер (Гросс, 69), Мален, Байер.
«Фрайбург» – Атуболу, Гунтер, Линхарт, Гинтер, Кюблер (Розенфелдер, 61), Ҳефлер (Адаму, 61), Эггештайн, Грифо (Муслия, 73), Остерҳаге, Доан (Силдийя, 73), Ҳелер (Макенго, 81).
Огоҳлантиришлар: Остерҳаге (58), Ян Коуто (80).
Четлатишлар: Остерҳаге (63), Адаму (90+3).

«Боруссия» ўз принципларига содиқ. Қора-сариқлар сафарда бундеслиганинг исталган вакилига ютқазиши мумкин, аммо Дортмундда улар мукаммал ҳаракат қилади. Ҳатто турнир жадвалидаги қўшни билан ўйинда ҳам. Ўйин стартидаёқ Бенсебаини тўпга бир тегинишда Байерни дарвоза қаршисига чиқарди ва ҳисоб очилди. Ҳисобдаги устунликни сақлаб қолишда омад ҳам мезбонларга кулиб боқди, Кобел ўта мураккаб зарбани қайтганида йўлланган биринчи такрорий зарба тўсинга борди, иккинчиси «асаларилар» ҳимоячисининг бошига тегди.

Бўлим охирида эса Нмеча узоқдан йўллаган аниқ зарбаси билан «Боруссия»ни қулай ҳисобда танаффусга олиб кетди, иккинчи бўлимда эса «Фрайбург» бир киши кам бўлиб қолди ва йирик ҳисобда мағлубиятга учради. Барча турнирлардаги ўйинлар ҳисобга олинса, дортмундликлар қаторасига 11 уй ўйинида ғалаба қозонган. Бир ҳафтадан кейин аниқ бўлади: Нури Шаҳин шогирдлари 1994 йилги рекорд (14 ғалаба) учун йўлни давом эттира оладими? Кейинги ҳафтада немис класикоси доирасида «Бавария» «Сигнал Идуна Парк» сеҳрини йўққа чиқариш учун келади.

«Ҳоффенҳайм» – «Лейпциг» 4:3
Голлар:
0:1 – 15 Орбан, 1:1 – 17 Гложек, 1:2 – 19 Нуса, 2:2 – 50 Бисхоф, 2:3 – 67, автогол Нсоки, 3:3 – 82 Гложек, 4:3 – 86 Бруун Ларсен.
«Ҳоффенҳайм» – Бауманн, Прасс (Акпогума, 86), Нсоки, Чавес, Кадержабек, Бисхоф (Тохумжу, 81), Штах, Бюлтер, Крамарич (Бруун Ларсен, 81), Гложек, Табакович (Бериша, 61).
«Лейпциг» – Гулачи, Лукеба, Орбан, Клостерманн (Гертрюйда, 46), Баумгартнер, Шешко (Уэдраого, 60), Нуса, Кампл (Айдара, 76), Вермерен (Зайвалд, 60), Хенрихс, Опенда (Андре Силва, 82).
Огоҳлантиришлар: Крамарич (75), Лукеба (85), Кадержабек (90).

«Боруссия» ҳозирча бешинчи ўринга кўтарилди ва бу турда ютқазган «Лейпциг» билан орадаги фарқни икки очкогача қисқартирди. «Ҳўкизлар» жамоаси «Ҳоффенҳайм» майдонидаги ўйинда уч марта ҳисобда олдинга чиқиб олди, аммо ўйин охирида очкодан қуруқ қолди. Аввалига Гложек узоқ бурчакни аниқ нишонга олиб, ҳисобни тенглаштирди, кейин эса «қишлоқликлар» Брун-Ларсеннинг голи эвазига ғалабани илиб кетишди.

«Айнтрахт» Ф – «Вердер» 1:0 
Гол:
1:0 – 45 Гётце.
«Айнтрахт» Ф – Трапп, Браун, Теате, Кох, Коллинз, Кнауфф (Баойя, 66), Тута, Схири, Гётце (Ларссон, 81), Мармуш (Шаиби, 81), Экитик (Матанович, 89).
«Вердер» – Цеттерер, Велкович, Фридл, Штарк (Пипер, 86), Шмид, Грюлл (Нджинма, 63), Кен (Деман, 77), Линен (Алверо, 86), Битенкур (Топп, 77), Вайзер, Дукш.
Огоҳлантиришлар: Кен (27), Вернер (49), Линен (54), Мармуш (56), Схири (90+4).

Шанба кунги дастурдаги энг охирги ўйинда ғалаба қозонган «Айнтрахт» эса иккинчи ўринга кўтарилиб олди. «Бургутлар»нинг энг яхши тўпурари Мармуш бир неча вазиятга эга бўлганига қарамай, бу сафар майдонни голсиз тарк этди. Лекин Гётценинг ягона голи уч очко олиб келди, тажрибали футболчи Экитике рақиб жарима майдони марказига узатган тўпга идеал даражада очилди. Бу Дино Топпмеллер жамоасининг барча турнирлар доирасидаги қаторасига бешинчи ғалабаси бўлди.

Франция: Хавфли меҳмон

«Ланс» – «Марсел» 1:3
Голлар
: 0:1 – 49 Ронже, 0:2 – 57 Луис Энрике, 1:2 – 80 Фюлжени, 1:3 – 89 Ҳейберг.
«Ланс» – Самба, Медина, Данзо, Сарр (Зарури, 69), Давид Кошта (Ал-Энауи, 58), Сотока (Лабо-Ласкари, 58), Мачадо, Оджедиран (Фюлжени, 77), Томассон (Диуф, 58), Франковски, Нзола.
«Марсел» – Рули, Балерди, Кондогбиа, Мурилио, Гарсия, Рабио, Ҳейберг, Ронже (Надир, 78), Луис Энрике, Мопе (Ваи, 90+2), Гринвуд (Роу, 81).
Огоҳлантиришлар: Ронже (19), Франковски (37), Кондогбиа (65), Мачадо (74), Данзо (83), Гарсия (90+1).

«Марсел» «Монако» илгарилаб кетишига йўл қўймади ва Лансдаги ғалаба билан «Лилл»нинг якшанба кунги ўйинида қандай натижа қайд этилишидан қатъи назар учинчи ўринни ўзида сақлаб қоладиган бўлди. Иккинчи ўриндан уч очкога ортда қолаётган провансалликлар бу мавсумда айниқса сафарда кучли ўйин кўрсатмоқда, жамоа ўз тарихида илк бор мавсум стартидаги етти сафар ўйинида олти бор ғалабага эришди. Аммо «Велодром» меҳмонларни чўчита олмаяпти. Акс ҳолда, Роберто Де Дзерби клубнинг XXI асрдаги барча рекордларини янгилаган бўларди. Фақат уй учрашувларидаги очко йўқотишлар туфайли «Марсел» 12 турдан кейин 23 очко билан чекланган, бу Марсело Биелса (28) ва Хорхе Сампаоли (24) каби мураббийларнинг илк мавсумдаги натижаларидан ёмонроқ. Шанба кунги ўйинда эса дисквалификация туфайли Абдуқодир Ҳусановнинг хизматларидан фойдалана олмаётган мезбонлар форвард Мопенинг иккита эгизак паси қурбони бўлишди, Фюлжени ҳисобни қисқартирган бўлса-да, сўнгги дақиқаларда Ҳейберг жарима зарбасини аниқ ижро этиб, ўйинга нуқта қўйди.

Кун статистикаси

Ҳужумчи Уоткинс (35+15) «Астон Вилла»нинг АПЛдаги уй учрашувларида 50 та самарали балл ишлаган 1-футболчиси бўлди.

«Галатасарой» Туркия чемпионатининг 12 турида 11 бор ғалаба қозониб, 34 очко жамғарган 1-жамоа бўлди.

«Валенсия» ҳужумчиси Уго Дуро XXI асрда ла лига ўйинида ҳам ҳет-трик қайд этиб, ҳам ўз дарвозасини ишғол этган 2-футболчи бўлди. Эътиборли жиҳати, 2011 йилда Солдадо ҳам бу ишни қилганида «кўршапалаклар» жамоасида ўйнар, ўйин эса «Месталя» стадионида ўтказилганди.

«Тоттенҳэм» ҳужумчиси Сон Хин Мин Гвардиола бошқарувидаги «Манчестер Сити» билан ўйинларда голли ҳаракатлари камида 10 тага етган 2-футболчи бўлди (биринчиси Салоҳ).

«Бенфика» вингери Ди Мария Португалия кубоги доирасида «Эштрела» билан ўйинда (7:0) ҳет-трик қайд этиши учун 18 дақиқа етарли бўлди. Аргентиналик футболчи голларидан бирини қайчи услубида урди.

Мавзуга оид