Жаҳон | 19:34 / 25.11.2024
7802
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Исроил Ливанда ўт очишни тўхтатишга рози бўлди

Нетаняҳу Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати билан ўт очишни тўхтатиш бўйича дастлабки келишувни деярли маъқуллаган. Бу қарор икки томон ўртасидаги кескинликни пасайтиришга қаратилган.

Bilal Hussein/AP

Исроил ҳукумати «Ҳизбуллоҳ» билан Ливанда ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни маъқуллади, деб хабар бермоқда Ynet ва CNN ўз манбаларига таяниб. 

CNN суҳбатдошининг сўзларига кўра, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу «умуман олганда» эҳтимолий келишувни қўллаб-қувватлаган. Исроилда ҳамон келишувнинг айрим жиҳатлари бўйича эътироз бор, бу ҳақда 25 ноябр куни Ливан расмийларига маълум қилиниши кутилмоқда. 

Нетаняҳунинг аввалги баёнотларида, у «Ҳизбуллоҳ» таҳдиди тўлиқ бартараф этилмагунча, бир томонлама ўт очишни тўхтатишга қарши экани таъкидланганди.

Шунингдек, келишув Исроил вазирлар кабинети томонидан ҳам тасдиқланиши лозим. 

Ynet қайд этишича, Исроил ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни муҳокама қилиши «Ҳизбуллоҳ» томонидан Исроил бўйлаб 255 снаряд учириши билан бир вақтга тўғри келди. Нашр маълумотига кўра, АҚШнинг Яқин Шарқдаги махсус вакили Амос Хохштейн Ливанни Исроил сулҳга розилиги тўғрисида хабардор қилган. Шу билан бирга, у икки томонни ҳам, агар келишувга эришилмаса, АҚШ музокараларда воситачи сифатидаги иштирокини тўхтатишидан огоҳлантирган.

Axios маълумотига кўра, келишув лойиҳаси 60 кунлик ўтиш даврини ўз ичига олади, бу вақт мобайнида исроиллик ҳарбийлар Ливан жанубидан олиб чиқилиши, Ливан армияси чегара бўйлаб жойлаштирилиши, «Ҳизбуллоҳ» ўз оғир қуролларини Литани дарёсидан шимолга олиб кетиши керак бўлади. Шунингдек, АҚШ раҳбарлигида ушбу ташаббуслар амалга оширилишини назорат қилиш бўйича қўмита тузилиши кўзда тутилган.

Сентябр ойи охирида Исроил «Ҳизбуллоҳ» билан алоқадор объектларни ўққа тутишни давом эттирган ҳолда Ливан ҳудудига «чекланган» босқин бошлаганини эълон қилганди. Исроил мудофаа армияси баёнотида бу амалиётдан мақсад — «„Ҳизбуллоҳ“нинг исроилликларни ўлдиришга қаратилган инфратузилмаларини йўқ қилиш» экани айтилган. Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги зарбалар ва Исроил армияси босқини натижасида ҳалок бўлган ливанликлар сони 3,5 мингдан ошганини маълум қилган.

Мавзуга оид