“Исроилнинг шартлари асосидаги сулҳ” — экспертлар Ливандаги оташкесим ҳақида
Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўт очишни тўхтатишга келишиб олди. Исроил яқин 60 кун ичида Ливан ҳудудидан қўшинларини олиб чиқиб кетиши керак. Хўш, 58 кун давом этган Исроил–“Ҳизбуллоҳ” уруши нега бошланган эди? Томонлар ўз мақсадларига қанчалик эришди? Kun.uz “Геосиёсат” дастурига сиёсий таҳлилчилар Шавкат Икромов ва Камолиддин Раббимовни таклиф этди.
— “Ҳизбуллоҳ” Исроилнинг Ғазодаги уруши сабаб бу можарога аралашган эди. Бугун “Ҳизбуллоҳ” ўз мақсадига қанчалик эришди?
Шавкат Икромов: Ғазода уруш бошлангандан кейин, Ҳамасни қўллаб-қувватловчи сифатида “Ҳизбуллоҳ” майдонга чиққан эди. Эрон ҳам қўллаб-қувватловчи сифатида бу урушда иштирок этди. Натижада 2024 йил сентябрининг иккинчи ярмида Исроил Ливан ҳудудидаги “Ҳизбуллоҳ” объектларига доимий зарбалар беришни бошлади ва уруш Ғазодан ташқарига чиқиб кетди.
Уруш Ливаннинг жануби бўйлаб жуда тезкор ва шиддатли тарзда давом этди. Исроилда урушни узоқ вақт давом эттириш учун имконият эмасди, имкон қадар қисқароқ вақт ичида “Ҳизбуллоҳ”ни таслим қилиши керак эди. “Ҳизбуллоҳ” ҳам қарши ҳужумларга ўтди, бир неча марта Тел-Авивга ракеталар учиришга муваффақ бўлди. Исроил армиясига маълум зарар етказди. Шу билан бирга, Ливандаги тинч аҳоли катта йўқотишларга дучор бўлди. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги маълумотларга кўра, уруш натижасида уч мингга яқин тинч аҳоли вафот этган. 800 мингдан ортиқ одам ўзининг доимий турар жойларини ташлаб кетган.
“Ҳизбуллоҳ” бирор бир натижага эриша олгани йўқ. Қўшма Штатлардаги сайловларда Доналд Трампнинг сайлангани маълум бўлгандан кейин, Исроил мудофаа вазири “Ҳизбуллоҳ” тўлиқ кучсизлантирилгани ҳақида баёнот билан чиқди. Ундан аввалроқ эса Ҳамас ҳақида ҳам худди шундай деганди. Ўшанда биз “Ҳизбуллоҳ” ва Исроил сулҳга яқин келаётгани ҳақида айтган эдик ва мана, ҳозир бу вақтинча бўлса ҳам амалга ошди.
Камолиддин Раббимов: “Ҳизбуллоҳ”нинг урушдан кўзлаган асосий мақсади – Исроилга максимал даражада зарар етказиш эди, лекин у бунга тўлақонли эришгани йўқ. 2023 йил 7 октябр куни Исроил “Ҳизбуллоҳ”га урушга аралашган тақдирда Ливанни бутунлай хонавайрон қилиш билан таҳдид қилганди. Бу ерда бир қанча омиллар кесишди. Биринчидан, бу вақтда Эрон ҳокимияти ўзгарди ва мамлакатда Ғарб билан келишув ҳамда уруш эскалациясидан чекиниш масаласи кун тартибига кўтарилди. Иккинчидан, Исроил манипуляциядан фойдаланди, яъни аввалига бор кучини Ҳамасни вайрон қилишга қаратиб, маълум даражада мақсадига эришганидан сўнг, кучларини “Ҳизбуллоҳ” томонга бурди. Учинчидан, Исроил ўзининг ўн йиллар давомида тўпланган разведка маълумотларидан фойдаланиб, “Ҳизбуллоҳ”нинг асосий лидерларини йўқ қилди.
Ливан ичидаги энг катта сиёсий ва ҳарбий куч бу – “Ҳизбуллоҳ”, айни пайтда, Ливан давлатчилиги учун ноқулай бўлган омил ҳам бу “Ҳизбуллоҳ”. Лекин ливанликлар учун энг катта геосиёсий таҳдид ёки нафрат объекти сифатида Исроил кўрилади. Яъни ливанликлар “Ҳизбуллоҳ”ни ёқтирмайди, лекин Исроилни ундан кўпроқ ёмон кўради. Шунинг учун “Ҳизбуллоҳ”нинг легитимлигининг сабаби – Исроилга бўлган нафрат.
Ливан ҳокимияти кўп таркибли жамият бўлгани учун, президент араб христиан бўлади, бош вазир араб сунний бўлади, бош вазирнинг ўринбосари мусулмон шиа бўлади. Мамлакатда шундай ўзига хос конституция ишлаб чиқилган ва ичкаридаги инқирозлар сабабли бу анчагина мўрт давлатчилик ҳисобланади. Шунинг учун “Ҳизбуллоҳ” марказлашган, жанговар, сиёсий ва мафкуравий ташкилот сифатида анчагина қудратли.
Исроил “Ҳизбуллоҳ”ни тўлиқ кучсизлантиргани ёки унинг қудратини ўн йилча орқага қайтаргани ҳақида баёнот берган. Аслида бу баёнотга жуда чекланган маънода қўшилиш мумкин. Тўғри, раҳбарлар йўқ қилинди, лекин ташкилотнинг умумий қудрати ва салоҳияти йўқ бўлмайди, чунки бу имконсиз. Асосий сабаб – жамиятдаги ижтимоий кайфиятнинг Исроилга бўлган муносабатидир. Қандай сиёсий куч келишидан қатъий назар, 80 йил давомида Исроилга тўпланган нафрат ошиб боради.
— Исроилнинг Ливанда олиб борган урушдан мақсади нима эди?
Шавкат Икромов: Уруш Ғазодан ташқарига олиб чиқилиб, Ливан территориясига кириб борди ва бу орқали Эроннинг минтақадаги ҳаракатларига “Ҳизбуллоҳ” орқали зарба беришни мақсад қилган эди.
Нетаняҳу “Ҳизбуллоҳ”нинг минтақадаги кучини қисқартириб, Эроннинг ҳаракатларини заифлаштиришга эришди. Гарчи Ғазо минтақасидаги барча мақсадларига ҳали эришмаган бўлса-да, тактик жиҳатдан ғалабалар бор, лекин стратегик жиҳатдан Ҳамас ва “Ҳизбуллоҳ” тўлиқ йўқ қилинмади.
— Мазкур сулҳга Эроннинг муносабати қандай?
Шавкат Икромов: Ҳозирда Эрондаги “Ҳизбуллоҳ”ни қўллаб-қувватловчи гуруҳлар бу сулҳни ёқламаяпти. Исроил халқаро майдонда анча обрўсизланиб қолган эди. Масалан, Халқаро жиноят суди томонидан Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер берилди. Яъни “Ҳизбуллоҳ” учун йўллар очилиб бораётган бир вақтда, сулҳга келинди, деган танқидлар бор.
Лекин иккинчи томондан, Эрон учун “Ҳизбуллоҳ”ни қўллаш ҳозир биринчи даражали масала эмас. Мамлакатда жуда кучли ижтимоий ва иқтисодий муаммолар бор, бу муаммоларни бартараф этиш учун Ғарбга юзланишни бошлаган. Бу шароитда “Ҳизбуллоҳ”нинг сулҳга келишида эҳтимол Эроннинг ўзи ҳам иштирок этган, яъни “Ҳизбуллоҳ”ни шунга кўндирган бўлиши мумкин. Чунки Эроннинг ҳозирги мақсадлари ва юритаётган сиёсати шундай тахминга ундайди.
— Нетаняҳу мажбурликдан сулҳга рози бўлдими?
Камолиддин Раббимов: Албатта, у бунга мажбур бўлди ва бунга сабаб бўлган бир қанча омиллар бор. Бир неча кун олдин Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаняҳуга ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантга нисбатан халқаро қидирув эълон қилди. Исроил Халқаро жиноят судининг бу қарорини нақадар оғриқли эканини яхши ҳис қилади. Иккинчидан, Америка Қўшма Штатлари томонидан ҳам босим бўлган, чунки АҚШнинг Исроилдан ташқари араблар билан, айниқса, Ливан билан боғлиқ манфаатлари бор. Ливан – араб давлатлари ичида энг кўп христиан аҳолиси бўлган давлатдир. Ливаннинг ярим аҳолиси – христиан араблар. Шунингдек, Франция ҳам Ливанга бошқача эътибор қаратади. Агар бирор ливанлик Франциядан бошпана сўраса, иккиланмасдан бу илтимосни бажаради. Чунки бу ҳудудлар, жумладан Сурия ва Ливан Франциянинг колониялари бўлган, шу сабабли Франция бу ҳудудга тарихий нуқтаи назардан қарайди. Бундан ташқари, Байден ҳам Исроилга репрессияни ошириб юборгани борасида босим ўтказди.
Айни пайтда Исроил жамоатчилик учун бир сигнал ҳам беряпти: агарда “Ҳизбуллоҳ” томонидан қандайдир яна Исроилга таҳдид бўладиган бўлса, унда яна қайтадан Исроил жавоб беришга ҳақли, деган мафкуравий бир позицияни билдириб қўйди.
Айтиш керакки, бу “Ҳизбуллоҳ” ва Исроил ўртасидаги биринчи уруш эмас. Охиргиси ҳам эмас. Беш, ўн ёки ўн беш-йигирма йилдан кейин ҳам бу уруш давом этаверади. Исроилнинг асосий мақсади – уруш орқали ҳудудини кенгайтириш. Атрофдаги давлатлар ва халқлар бу ҳолатга салбий муносабатда. Исроилнинг бундан кейин яшовчанлиги фақатгина ҳарбий усуллар билан боғлиқ. Унинг ҳомийси Америка Қўшма Штатлари Исроилни қўллаб-қувватлашни тўхтатган кун Исроилнинг тақдири ҳал бўлиши мумкин.
— Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги келишувнинг аниқ шартлари нималардан иборат?
Шавкат Икромов: Бу сулҳ минтақада барқарор тинчлик учун асос эмас. Умуман олганда, бунақа сулҳ 2006 йилда ҳам тузилган ва ҳеч қачон ҳаётга тўлиқлигича татбиқ қилинмаган. Ҳозирги шартномага кўра, 60 кун давомида томонлар урушни якунлаши керак. “Ҳизбуллоҳ” Исроил билан чегара яқинида буфер зонани ташкил қилган ҳолда, чегарадан 30 километрга, Литани дарёси бўйига ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиш керак бўлади. “Ҳизбуллоҳ” тарк этган ҳудудга Ливан ҳукуматининг 10 минг нафар қўшини киритилади. Мутахассислар аллақачон 5 минг нафар ҳарбий у ерда ҳаракатланаётганини айтмоқда.
Шунингдек, Исроил ҳам Ливандан ўз қўшинларини босқичма-босқич олиб чиқиб кетиши керак бўлади. Бу ердаги назорат БМТнинг тинчликпарвар қўшинларига қолдирилиши керак. Урушдан аввал ҳам бу ҳудуд БМТ кучлари назоратида эди. Бу 2006 йилги шартномада кўзда тутилган.
Ҳарбий экспертларнинг айтишича, шартномага киритилган бу банд расмиятчилик учун киритилган бандга ўхшайди. Чунки БМТнинг қўшинлари аввал ҳам бу ерда муваффақиятли ҳаракат қила олмаган. Агар БМТ қўшинига бундай ваколат берилар экан, қўшин ваколатларини кенгайтириш ва қўшинга қарши ҳаракатларини кучлироқ жазолаш тўғрисида бандлар ҳам киритилиши керак, деган фикрлар билдирилади.
Қолаверса, бу шартноманинг бажарилишини назорат қилишга бирор араб давлати жалб этилмаган. Шартномани бажариш устидан назорат Қўшма Штатлар ва Францияга, шунингдек, иштирокчилар Ливан ва Исроилга берилган.
Шартнома бандларига кўра, агар Исроил “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳарбий ҳаракатларга тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабар олса, унга ҳужум қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Шу сабабли буни тўлалигича Исроил фойдасига тузилган сулҳ дейиш мумкин. Агар “Ҳизбуллоҳ” бандлардан бирортасини бузган тақдирда, Исроил жабрдийда сифатида, яъни шартнома бузилган ва Исроилга таҳдид мавжуд деб ҳисоблаган ҳолатда ҳужумни давом эттириши мумкин. Шартномани назорат қилаётган Қўшма Штатлар ва Франция бунда Исроил томонини қўллаб-қувватлайди.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
00:02 / 22.12.2024
Владимир Путин: «Суриядаги воқеалар бенефициари — Исроил»
20:10 / 21.12.2024
Путиннинг Киевда дуэл таклифи ва Ғарб билан музокарага киришган Жўланий — геосиёсий ҳафта таҳлили
16:40 / 20.12.2024
Ғазода ҳарбий базалар қурилмоқда. Исроил мустаҳкам ўрнашиб олмоқчи
18:08 / 19.12.2024