Жаҳон | 10:18 / 28.11.2024
2135
2 дақиқада ўқилади

Reuters: Байден Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини тайёрламоқда

725 миллион долларлик ҳарбий ёрдам Байден маъмуриятининг Киевга унинг лавозимидан кетиши олдидан қўллаб-қувватловини билдирувчи сўнгги ҳаракатларидан биридир.

Фото: John Moore / Getty Images

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Украинага 725 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакетини тайёрламоқда. Бу ҳақда 27 ноябр, чоршанба куни Reuters агентлиги Вашингтондаги номи ошкор этилмаган икки мулозимга таяниб хабар берди. Уларнинг сўзларига кўра, янги тўпламга АҚШ захираларидаги турли хил танкка қарши қуроллар, миналар, дронлар, Stinger кўчма ЗРК учун снарядлар ва HIMARS ЯЎРТ учун ўқ-дорилар киради. Буларнинг барчаси Украина Қуролли кучларига Россиянинг Украина шарқида сўнгги ойларда кучайган ҳужумини ушлаб туришда ёрдам бериши керак.

Янги ёрдам пакетининг мазмуни ва унинг ҳажми тасдиқланмаган ва яқин кунларда ўзгариши мумкин, дея таъкидлайди Reuters.

АҚШ Украинага янги ҳарбий ёрдам ажратилишини эълон қилди

Қўшма Штатлар Россия агрессиясидан ўзини ҳимоя қилаётган Украинага 275 миллион долларлик қурол ва ҳарбий техникадан иборат қўшимча ёрдам пакетини тақдим этмоқда. Бу ҳақда 20 ноябр куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен баёнот берди. Аввалроқ AP агентлиги манбаларга таяниб, Вашингтоннинг Киевга яна 275 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этиш режалари ҳақида қўшимча маълумот бермасдан ёзган эди.

Аниқлик киритилишича, Украинага навбатдаги ёрдам пакетининг ажратилиши АҚШ президенти Жо Байден 26 сентябр куни – Украина президенти Володимир Зеленский билан Оқ уйда учрашуви арафасида эълон қилган ушбу мамлакатга ёрдамни кенгайтириш доирасида амалга оширилмоқда. 

Ўшанда Байден АҚШ Мудофаа вазирлигига Конгресс томонидан маъқулланган маблағлар ҳисобидан Украинага 5,5 миллиард доллар миқдорида ёрдам йўналтиришни буюрди, шунда унинг маъмурияти президентлик муддати тугагунга қадар «Конгресс томонидан ажратилган маблағлардан тўлиқ фойдаланиши мумкин».

Шу куни, 26 сентябрда Оқ уй Пентагон Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуси доирасида Киевга 2,4 миллиард доллар ажратишини маълум қилди.

Мавзуга оид