Жаҳон | 20:54 / 01.12.2024
10281
2 дақиқада ўқилади

Украина ҳеч қачон НАТОга қисман аъзоликка рози бўлмайди — Зеленский

Президент Украина учун энг яхши хавфсизлик кафолати НАТО, иқтисодий кафолати эса Европа Иттифоқи эканлигини қайд этди.

Фото: Украина президенти офиси

Украина ҳеч қачон Россиянинг Украина ҳудудлари оккупациясини тан олмайди ва ҳудуднинг фақат бир қисмини НАТОга аъзо бўлишига розилик бермайди. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский Киевда Европа кенгаши президенти Антонио Кошта билан қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.

Хусусан, ундан НАТОнинг «хавфсизлик соябони» Украинанинг эркин ҳудудига қандай тарқалиши мумкинлиги ҳақида савол берилди.

«Биз ҳеч қачон Россия томонидан ерларимиз оккупациясини қонуний равишда тан олмаймиз. Биз бу ерларни русларники деб тан олмаймиз. Булар фақат бизнинг ерларимиз. Булар бизнинг халқимиз. Украинанинг вақтинча босиб олинган қисмлари. Албатта, буларнинг барчаси қайтарилади. Албатта. Мен ерларнинг катта қисмини дипломатик йўл билан қайтишини жуда истардим. Аммо Путин буни тушунишига ишончим комил эмас. Аммо дунё буни тушунишини истардим», деб таъкидлади Зеленский.

Президент Украина учун энг яхши хавфсизлик кафолати НАТО, иқтисодий кафолати эса Европа Иттифоқи эканлигини қайд этди.

«Бу икки талаб, уруш тугаганидан кейин қандай дипломатик йўллар бўлишидан қатъи назар, биз учун ЕИ ва НАТО - бу жуда муҳим. Бугун қанчалик қийин кўринмасин, лекин биз турли қийинчиликларга дуч келганмиз. Аммо барибир амалладик», деди Зеленский.

Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, Украинанинг фақат бир қисми учун НАТОга таклиф бўлиши мумкин эмас, чунки бу бошқа барча ҳудудлар нафақат хавф остида қолишини, балки йўқотилганини ҳам англатади.

«Агар таклиф шундай бўлса, Украина ҳеч қачон рози бўлмайди», деди Зеленский.

Мавзуга оид