Гуржистон полицияси мухолифат партияларининг офисларида тинтув ўтказди
Маҳаллий ОАВ «Ўзгаришлар коалицияси» партияси етакчиларидан бири Ника Гварамия қўлга олингани ва калтаклангани ҳақида ёзмоқда.
Гуржистонда полиция мухолифат партияларининг офисларида тинтув ўтказмоқда, деб хабар беради Mtavari телеканали. Шунингдек, норозилик акцияси иштирокчилари ва ташкилотчилари маълумот алмашадиган Facebookʼдаги «Даитове» гуруҳи администраторларининг уйларида ҳам тинтув ўтказилгани айтилмоқда.
ОАВ маълумотларига кўра, полиция «Ўзгаришлар коалицияси», «Дроа» ва «Гирчи — кўпроқ озодлик» партияларининг офислари, шунингдек, собиқ президент Михаил Саакашвили томонидан тузилган «Ягона миллий ҳаракат» партияси штабларидан бирини кўздан кечирган.
Тинтувлардан кейин Mtavari асосчиси ва «Ўзгаришлар учун коалиция» етакчиларидан Ника Гварамия ҳамда Гела Хасая қўлга олинган. Маҳаллий нашрларнинг маълум қилишича, Гварамия қўлга олиниш вақтида калтакланган.
Тбилисида кетма-кет беш кундан бери ҳукуматнинг Гуржистон Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича музокараларни музлатиб қўйгани боис норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Полиция ва махсус хизмат кучлари акцияни «водомёт» ва кўзни ёшлантирувчи газлар ёрдамида тарқатмоқда. Ҳозирга қадар намойишларда иштирок этган 200 дан ортиқ инсон қўлга олинган.
«Эхо Кавказа» интернет нашри хабарига кўра, ҳукуматга қарши намойишлар нафақат пойтахтда, балки Гуржистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам бўлиб ўтмоқда. «Медиазона» Батуми ва Кутаисидаги намойишлар ҳақида хабар берди.
Мавзуга оид
11:31 / 23.12.2024
Зурабишвили: Гуржистон президенти ва бош қўмондони бўлиб қоламан
19:23 / 22.12.2024
Гуржистон бош вазири Кобахидзе президент Зурабишвилига жиноий жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилди
13:47 / 21.12.2024
Еврокенгаш бош котиби: Тбилиси ташқи таъсирга оид қонунни ўзгартиришга ваъда берди
20:54 / 20.12.2024